Ҳасанбой Дўсматов эгаллаб турган Вэл Баркер кубогига оид 14 та қизиқарли факт
7 март, 20:20 | 524
Вэл Баркер кубоги (инг. Val Barker Trophy) 1936 йилдан буён Олимпия ўйинларидаги техникаси энг кучли боксчига бериб келинаётган нуфузли совриндир.

Ушбу кубок 1920 йилда Халқаро ҳаваскор боксчилар ассоциациясининг (AIBA) биринчи фахрий котиби бўлган инглиз боксчиси Вэл Баркер шарафига таъсис этилган.

Бокс оламидаги ушбу нуфузли совриннинг ҳозирги соҳиби бокс бўйича Олимпия ўйинлари чемпиони Ҳасанбой Дўсматовдир.

SPORTS.uz ахборот портали Вэл Баркер Кубогига оид энг қизиқарли фактларни эътиборингизга ҳавола этади.

1.Вэл Баркер кубогининг илк соҳиби – америкалик Луис Лори (1936 йил).

2.Вэл Баркер кубогининг африкалик илк соҳиби Жорж Хантер (1948 йил).

3.Вэл Баркер кубогининг европалик илк соҳиби Ричард Мактаггарт (1956 йил).

4.Вэл Баркер кубогининг осиёлик илк соҳиби Василий Жиров (1996 йил)

5.Вэл Баркер кубогининг ўзбекистонлик ягона соҳиби Ҳасанбой Дўсматов (2016 йил).

6.Собиқ иттифоқ парчалангач, Вэл Баркер кубоги фақат Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги боксчиларига насиб этмоқда. Аталанта, Афина ва Лондон Олимпиадалари Қозоғистон, Сиднейда Россия, Пекинда Украина ва Рио-де-Жанейрода Ўзбекистон вакили нуфузли кубокни қўлга киритди.

7.Вэл Баркер кубогини энг кўп - 5 маротаба АҚШ терма жамоаси олган.

8.Вэл Баркер кубогининг илк соҳиби америкалик Луис Лори Олимпия ўйинларида бронза медаль билан тақдирланган.

9.Кениялик Филип Варуинге Мехико Олимпиадасида учинчи ўринни эгаллаганига қарамай, унга Вэл Баркер кубоги берилган.

10.Олимпия ўйинларида кумуш медаль олган боксчилар ўртасида фақатгина америкалик машҳур боксчи Рой Жонсга Вэл Баркер кубоги насиб қилган.

11.Вэл Баркер кубогининг биринчи соҳиби Луис Лори ва мазкур совринни охири қўлга киритган Ҳасанбой Дўсматов энг енгил вазнли боксчилардир.

12.Вэл Баркер кубогига лойиқ кўрилган 19 нафар боксчидан 16 таси Олимпия ўйинлари ғолиби, икки нафари бронза медаль совриндори ва биттаси кумуш медаль эгасидир.

13.2016 йилги Олимпия ўйинларидан бошлаб аёл боксчиларга ҳам Вэл Баркер кубоги берила бошланди.

14.Америкалик Кларесса Шилдс Вэл Баркер кубогининг илк соҳибаси бўлди.

SPORTS.uz

 

Ўхшаш янгиликлар

Sports.uz 2016 ©
ЎзМАА интернет-ОАВ лицензияси рақами: №1002