Ҳеч қандай фалсафага ҳожат йўқ: "Челси" нима учун чемпионга айланди?

Антонио Конте Англиянинг энг яхши жамоасини қандай тайёрлаганлиги ҳақида

Жорий мавсумда Англияда мураббий-консептуалистлар мисли кўрилмаган даражада кўп йиғилди. Одатдагидан ташқари, фақатгина  Гобсек Венгер эмас, балки Жаҳон футболининг Каталониялик етакчиси, Германиялик рокер ва Антонио Конте ҳам бу ерда ҳозир-у нозир эди. Бу гуруҳда Антонио бошқаларга нисбатан тўпорироқ кўринарди. Йўқ-йўқ, Антонионинг мураббий сифатидаги хусусиятларига гап бўлиши ҳам мумкин эмас. Бироқ у негадир замонавий футболдаги “фалсафа” тушунчаси билан ҳеч "келиша олмасди". Йигирма ой ўтибди ҳамки, унинг бу қарашларида ҳеч нарса ўзгармади. Шунга қарамай, энди Конте ўз олтинидан лаззатланяпти.

Биров Луи ван Галга кучли жамоа учун миннатдорчилик билдиради, аммо тан олиш керак, унинг “катта тўртлик”ка киришига ҳали анча бор. Бошқа биров эса инглиз футболига кўника олмаётганлигини эътироф этади. Учинчиси эса “аутсайдер”ларга очко қўйиш билан банд. Шунга ўхшаш "долзарб" масалалар фонида Антонио Конте энг қатъий ва ҳаққоний бўлиб  туюлади. Эътироф этиш керакки, форс-мажорларга у кўп ҳам мурожаат қилгани йўқ. Жароҳатлар масаласида-ку “Челси”га омад кулиб боқди. Мавжуд бўлган ҳар қандай муаммони Конте уддабуронлик билан бартараф эта олди.

Қайта қуриш

Мавсумнинг бошланишига бир назар ташлайлик. Дастлабки тўртта турда “Челси” ўн очкони қўлга киритди. Шулардан еттитаси сўнгги дақиқаларда қўлга киритилганди. Жамоанинг ўйин тарзи кучсиз ҳимоя ва ижодкорликнинг йўқлигида намоён бўлди. Аввалбошданоқ Эден Азар ва Диего Коста панд бера бошлашди. Шунга қарамай, бу ўн очко жамоанинг навбатдаги ўйинларга бўлган ишончининг шаклланишига замин яратди. Ғалаба қилиш учун яхши ўйнаш шарт эмас. Мураббий ўйин тактикасини яхшилаш устида бош қотираётган бир пайтда очко тўплашнинг ўзи кифоя. Худди шундай усулдан фойдаланган “Челси” эндиликда ўз муваффақиятидан баҳра олмоқда.

“Вест Хэм” ва “Суонси”нинг “таъзирини бериб қўйишга” кифоя қилган хусусиятлар “Ливерпул” ва “Арсенал”ни доғда қолдиришга камлик қилди. “Конте ҳимояси зангори аланга каби ёнади”, дея изоҳ берганди шарҳловчилардан бири. Конте шунга мос жавобни “насия қилмади”. “Челси” топ-клуб ўйинлари услубига тақлид қилишни тўхтатди, босим остида ҳаракатланишни бас қилди ва учта ҳимоячидан иборат Италия моделида ўйнай бошлашди. Лондонликлар тўп муомила қилиш бўйича АПЛнинг топ бешлигига ҳам кирмайди, бироқ “Арсенал” билан бўлган 0:3 натижадан кейин 29 та баҳс ўтди, шулардан 15 тасини “Челси” нол ҳисоб билан ёпди. Бу қанчалик яхши? 2015 йилда жамоа Моуринью шарофати билан чемпион бўлгач, бутун мавсум давомида уларнинг кучли ҳимояси 17 та баҳсда ҳам натижа бермаган эди. Бундан келиб чиқадики, қайта қуришдан кейинги бу натижа ҳақиқатан ҳам жуда юқори.

“Чемпионат”да қайта қуриш жараёни бораётганлиги ҳақидаги хабарлар кўп маротаба эълон қилинган эди. Шуни қўшимча қилиш мумкинки, ўйиндаги сезиларли  интенсивлик (ўз ички имкониятларидан тўлақонли фойдаланиш) мавсум аввалидаги таркибдаги муаммоларни бартараф этди. Давид Луис ишончли ҳимоячи бўла олмади, Виктор Мозесга эса ҳамон маҳорат етишмаяпти. Давид Луиснинг  сустлиги Сесар Аспиликуэтанинг эҳтимол чораларини кўриши сабаб кўзга ташланмайди. Н'Голо Фабрегеснинг тўпсиз ўйиндаги диққатсизлигини танқид қилади.

Пешқадамларни  илҳомлантириш

Антонио Конте жамоанинг ҳар бир аъзоси ўз истеъдодини тўла намоён қила олишига имкон берувчи моделни ишлаб чиқди. Барчаси Арриго Саккининг қоидаларига асосланган: ҳар бир ўйинчининг кучли жиҳатлари жамоа манфаатларига бўйсундирилади, улар мажбурият юзасидан “судралишмайди”, балки ростакамига ишлашади. Мозеснинг чидамлилиги, Педронинг ўзига хос техникаси, Фабрегеснинг узатмалари, Луиснинг узоқни мўлжалга ола билиши, Азарнинг дриблинги – барчасини  муваффақиятли қўллаш чораси топилди. Худди шундан кейин кўплаб ўйинчилар учун ажойиб мавсум старт олди. Коста – 20 та гол, Азар – 15 та гол ва бешта голли узатма,  Фабрегасда 11 та голли узатма . Канте эса мавсумнинг тан олинган энг яхши ўйинчиси. Афсуски, Маркос Алонс  кўзга ташланадиган натижа кўрсата олмади, лекин тан олиш керак, мавсум испаниялик учун эсда қоларли бўлди.

“Челси”нинг чемпионатдаги ғалабасини ифодалаш учун биргина жумла кифоя– мутлақ ҳайрат. Киритилган голлар – лига доирасида ҳамманикидан кўп, ўтказиб юборилган голлар – ҳамманикидан кам. 16 та тўқнашувдан “қуруқ” чиқишди. “Челси” ўз дарвозасига тўп киритишга имкон қолдирмади. Нима бўлганда ҳам жамоани ҳар томонлама мукаммал деб ҳам бўлмайди, тўп билан муомала қилиш борасида иш чатоқ. Лекин Конте муҳим деб ҳисоблаган жиҳатлар борасида муаммо йўқ.

Осон   ишни қойилмақом қилиб қўйишдан нима наф?   Машаққатли вазифаларнинг  уддасидан чиқ, шунда сени тан олишади! Бу ғалаба қозонишнинг бирламчи омилидир. Антонионинг ўзи бу хусусида шундай дейди: "Нимагадир эришиш учун кўп ва тинимсиз ишлаш, унинг машаққатини ҳис қилиш талаб этилади". Бир қарашда ҳаммаси жуда оддийдек... Лекин айнан мана шу "оддий" гаплар жамоанинг шиорига айланган. Мавсум жамоанинг ҳар бир аъзоси учун унутилмас лаҳзаларга бой бўлди. Тўғри, "Челси" анчагина қийинчиликларга дуч келди, лекин буларнинг бари бежизга эмас эди. Жамоани олға интилишга даъват этиш, ўзбошимчаларни жамоа учун ўйнашга ундаш - бу усуллар содда кўрингани билан, айнан шулар ғалабага замин яратди. Стадион бурчагида куйиб-пишиб жамоага "ақл ўргатиб" бақираётган Конте бир қарашда одамнинг кулгисини қисташи мумкин. Аммо унинг худди шу иштиёқи, ҳаяжони жамоага ҳам юқди. "Мен ўзимда жўш ураётган энергияни жамоамга улашишга интилардим", дейди Антонионинг ўзи.

Иштиёқ, меҳнат, ғалаба – чемпионлар луғати

“Иштиёқ” италияликнинг сўз бойлигида худди “ғалаба” ва “ меҳнат” сўзлари каби муҳим аҳамият касб этади. “Вест Бромвич” билан бўлган ўйиндаги ғалабадан сўнг, айниқса, “меҳнат” сўзининг салмоғи янада ортди. Контенинг энг эътиборга молик жиҳати ҳам шунда: қандай муаммо мавжудлигига қарамай, ҳеч қачон чалғимасдан, ҳар қандай вазиятда ишни биринчи даражага қўяди. Унинг оиласи Италияда қолган ва у соғинчдан қийналаётганини ҳечам инкор этмайди, яқинларидан узоқда яшаш осон эмаслигини тан олади. Италия матбуоти Контенинг “Челси” директори Марина Грановская билан муносабатларда муаммоларга дуч келганлиги ҳақида хабар берганди. Шуни эслатиб ўтиш керакки, унинг дастлабки режалари муваффақиятсизликка юз тутган, натижада жамоа қайта қуришга муҳтож бўлиб қолган эди. Бундай вазиятда саросимага тушиш ҳам, тушкунликка тушмай олға интилишда давом этиш ҳам мумкин. Шубҳасиз, Конте иккинчи йўлни танлади.

“Челси”нинг аввалги ҳолати билан таққослаганда, бу натижалардан “ҳаволанишга” ҳали эрта. Жамоа ўсиш палласида турибди, яхшилаш керак бўлган вазиятлар ҳали талайгина. Иван Прешич шахсига билдирилаётган қизиқиш бежиз эмас, бу футболчи айнан Контенинг кўрсатмалари асосида ҳаракатланиш учун яратилган гўё. Шунингдек, Ромелу Лукаку ҳам ҳимоя қисмига қабул қилиниши мумкин. “Челси” ўз устида ҳали анча ишлаши керак. Кейинги мавсумда Конте “жуфтакни ростлаб қолмаса”, жамоа афсонавий натижаларни кўрсатиши муқаррар.

Келгуси мавсумда ҳам ҳеч қандай "фалсафа" ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Фақатгина  машаққатли меҳнат ва тинимсиз ҳаракат бўлади.

Саодат Абдураҳмонова тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!