Икки теннисчимиз Қозоғистонда бир кунда ўзаро икки марта тўқнаш келди

24 февраль, 11:45 537

Икки теннисчимиз Қозоғистонда бир кунда ўзаро икки марта тўқнаш келди


Қозоғистонда дунёнинг ўнга яқин давлатидан келган теннисчилар ғолиблик учун куч синашаётган ташкил этилган "Capital Cup - 2017" турнирида ўзбекистонлик теннисчилар чорак финалда ўзаро куч синашди. 

Қизлар ўртасидаги яккалик беллашувларида биринчи рақамда сараланган Ясмина Каримжонова ярим финал йўлланмаси учун ўтказилган беллашувда ўз ҳамюрти Милана Масленкова билан рақобатлашди.

Ушбу учрашувда тажриба ва маҳорат бобида рақибасидан устунлигини кўрсатган Ясмина 6:2, 4:6, 6:3 ҳисобида зафар қучди ва финалга чиқиш учун мезбонлар вакиласи Анастасия Астахова билан ўйнайдиган бўлди. 

Қизиғи шундаки, Ясмина ва Милана жуфтлик мусобақасида ҳам ўзаро тўқнаш келди.

Қозоғистонлик Дарья Детковская билан биринчи рақамли жуфтликни ташкил қилган Ясина Каримжонова ўз ҳамюртлари - Милана Масленкова ва Лайло Баҳодировани 6:7, 6:1, 10:6 ҳисобида  мағлубиятга учратди. 
 

SPORTS.uz