Иккиси бирда: Футбол ва мода

 

 

 

Бу футболчилар миллионлар ўйинида ўзига хос обрў-эътиборга эгалар. Улар ўзларини яшил майдонда намоён этишдан ташқари, кундалик ҳаётда даромад топишнинг бошқа йўлларини ҳам излашади. Таъкидлаш даркор, бу борада омади чопганлар бисёр. Демак, эътиборингизни футболдан ташқарида ишбилармонликни ҳам қойиллатаётган спортчиларга қаратмоқчимиз.

Эммануэль ФРИМПОНГ

аналик ярим ҳимоячининг футболчилик фаолияти ажойиб кечди – Лондоннинг «Арсенал»идан тортиб, Туланинг «Арсенал»игача ўйнаб чиқди. РФПЛнинг жорий мавсумида Фримпонгни расман Денч деб атай бошлашди – унинг либосида айнан шундай ном ёзилган. Денч аслида, савдо белгиси ҳисобланиб, Эммануэль амакиваччаси Максвелл билан ёшларга мўлжалланган кийим-кечаклар ишлаб чиқаришади.

Луғатга киритилмаган, лекин қариндошларнинг суҳбатида тез-тез ишлатилган бу сўз охир-оқибат футболкада кўриниш берди. Шу тариқа, замонавий либослар яратиш ғояси туғилди. Ушбу бренднинг оммалашишида британиялик актриса Жуди Денч (Жеймс Бонд ҳақида фильмда агент «М»ни ўйнаган)нинг ҳиссаси катта бўлди, чунки айнан у радиоэфир орқали набиралари ушбу маркада ишлаб чиқарилган либосларни кийишларини айтганди. Фримпонгнинг футболчилик фаолиятига назар ташласак, кичим-кечак саноати унинг кўп вақти ва кучини олаётгани ойдинлашади.

РОНАЛДИНЬО

Бразилиялик афсунгарнинг майдондаги хатти-ҳаракатлари унинг шахсини бутун дунёга танитди – ёрқин, жозибали, импровизация ва рақсга бой ўйин. Бажараётган ишингдан ҳузурланишга нима етсин? Роналдиньо айнан шундай принципда ҳаёт кечиради.

FiveBlu бренди билан ҳамкорликда яратилган либослар тўплами Роналдиньонинг қувноқлиги ва феъл-атворини ўзида мужассамлаштирган. Ушбу кийим street fashion фирмаси маҳсулотига ўхшаш – кенг футболка ёрқин ҳарфлар ва суратлар билан безатилган, шунингдек, бош кийимлари ҳам бор. Ҳозирча Роналдиньо истеъмолчилар кўз ўнгида модельердек тасаввур уйғотганича йўқ, аммо бразилиялик футболчи мода оламида муваффақиятга эришиш учун дастлабки қадамни ташлашга улгурди.

Адебайо АКИНФЕНВА

Жаҳоннинг энг басавлат ва кучли футболчиси бутун фаолияти давомида мазах ва муҳокамаларга қарши курашди. Табиийки, унинг майдондаги хатти-ҳаракатлари танқидчиларга ўзига хос жавоб вазифасини ўтади. Акинфенва нафақат яхши футбол кўрсатди, балки кийим-кечак ишлаб чиқаришга ихтисослашган Haha брендига ҳам асос солди.

Адебайо дастлабки футболкаларга фаолияти давомида кўп эшитган сўзларни ёзди – «Футбол ўйнаш учун жуда йириклик қилади». Ўз навбатида, «Beast mode on», яъни «Маҳлуқ режими ёқилди» сўзлари битилган либослар кўпроқ машҳурликка эришди. Акинфенва тренажёр залига айнан шундай кайфиятда боради. Ушбу футболчи ҳамон майдонда жавлон урмоқда, лекин ишлаб чиқараётган либослари катта даромад келтирмоқда.

Деми де ЗЕУВ

Бу футболчининг мода оламида эришган муваффақиятлари ҳақида олдин ҳам кўп гапирилган. Деми учун ҳар доим футболнинг ўзи камлик қилгани боис, ўз бренди орқали маркетинг стратегиясини барпо қилди. Шу тариқа шуҳрат қозониб, ҳамёнини тўлдиришга ҳам эришмоқда.

BALR брендининг содда ва сержило кўриниши жаҳон бозорида ўз жойини эгаллаб улгурди. Футболчи ҳамкасбларининг ёрдамида ижтимоий тармоқларда реклама қилиниши эса де Зеув либосларининг серхаридор бўлишини таъминламоқда. Ҳозирда Деми BALR кийим-кечакларини тайёрлаб, сотишдан ташқари, Samsung компанияси билан ҳамкорликда ақлли соатлар ишлаб чиқариш бўйича келишувга эришди.

Тим КЭЙХИЛЛ

Ўз голларини бокс услуби билан нишонлайдиган австралиялик ҳужумчи ҳам мода оламидан четда қолмади. Унинг асосий эътибори спорт ва кундалик либослар ишлаб чиқаришга қаратилди. Кэйхилл дастлаб ўз бренди устида ёмон ишламади, сўнгги йилларда Нью-Йорк ва Шанхайда машҳурликка эришди. Эндиликда бу шаҳарларда Cahill+ брендига тегишли маҳсулотларни сотиб олиш мумкин.

Дарҳақиқат, мода нуқтаи назаридан Тим анча ўсишга эришди, зеро у ишлаб чиқарган либослар Нью-Йоркдаги модалар ҳафталигида намойиш этилди.

Дэвид БЕКХЭМ

Бекхэм ва футбол – бу атама миллионлар ўйинининг ашаддий мухлислари учун одатий ҳол. Лекин сўнгги пайтларда саёрамизнинг аҳолисининг асосий қисми Бекхэм ва мода атамасига кўпроқ мурожаат этаётгандек. Англиялик собиқ футболчининг мода саноати вакиллари билан тузган ҳомийлик ва реклама шартномалари сони жуда кўп. Аммо Дэвид бугунги кунда Европада анча оммалашишга эришган H&M (Швеция) компанияси билан нисбатан узоқроқ ва мустаҳкам алоқани йўлга қўйди.

Ушбу фирма анчадан буён Кайли Миноуг, Лана дель Рей, Кэтти Перри сингари шоу-бизнеснинг ёрқин намоёндалари билан ҳамкорликда машҳур коллекцияларни ишлаб чиқармоқда. Бекхэм ҳам шу каби коллекцияларнинг намойиши ва реклама кампанияларида қатнашиб келмоқда.

Криштиану РОНАЛДУ

Жаҳон футболидаги мода вакиллари ҳақида гапирганда португалиялик юлдузни ҳам эътироф этмаслик нотўғри бўлади, албатта. Криштиану ҳар жабҳада энг яхши бўлишга интилади. Яшил майдонда Лео Месси билан рақобатлашаётган футболчи майдон ташқарисида ўзининг CR7 бренди ёрдамида Дэвид Бекхэмдан модалар бўйича етакчиликни тортиб олмоқчи.

Ҳозирча Роналду буни яхши уддаламоқда, унинг бренди ҳеч бир жабҳада Бекхэмникидан асло қолишмаяпти.

Рио ФЕРДИНАНД

Маҳоратли ҳимоячи ўйинчилик даврида ҳам футболга дахлдор бўлмаган тармоқлардаги истеъдоди билан алоҳида ажралиб турарди. Мисол учун, у мусиқа ишқибози бўлгани ҳолда, овоз ёзиш лейбл(фирма белгиси)ига асос солди, телевидениеда фаол ишламоқда, хайрия ишлари билан шуғулланиб, ҳаттоки, китоб ёзишга ҳам улгурди.

Рионинг яна бир қизиқарли машғулоти мода билан боғлиқ. Унинг ташаббуси билан FIVE (Фердинанд футболчилик фаолиятининг асосий қисмини 5-рақамда ўтказган) бренди яралди. Бу белги остида кепка ва бошқа бош кийимлари, шунингдек, футболка ҳамда аксессуарлар ишлаб чиқарилади. Эътиборлиси, Рио либослар яратиш билан чекланмай, модага ихтисослашган онлайн-журнални ҳам йўлга қўйди.

Златан ИБРОҲИМОВИЧ

Роналду учун ҳаммага энг яхшилигини исботлаш одат тусига кирган бўлса, Златан бундан йироқда юради. Чунки шевециялик ҳужумчи ўзининг бутун жаҳонда тенгсиз эканини билади. Ўтган йилнинг ёзида Иброҳимович A-Z либослар тизимини йўлга қўйди. Ушбу фирма асосан спорт кийимлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган.

Златан ишбилармонликни бошлашдан олдин ақлли йўл тутиб, узоқни кўзлади. Бренд намойиши жаҳон модаси пойтахти – Парижда ўтказилди. Бу пайтда швед ҳали «МЮ»га ўтишга улгурмаган, шу боис кўпчиликнинг диққат-эътибори айнан унга қаратилганди. Намойиш жараёни бевосита Facebook орқали тўғридан-тўғри трансляция қилинди.

Дилмурод ПАРПИЕВ тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!