Икром Алибоев: Янги мавсумга тайёргарлик жараёни аъло даражада кетмоқда

Тошкентнинг “Локомотив” клуби Осиё Чемпионлар Лигаси-2018 гуруҳ босқичи доирасидаги илк ўйинини 12 февраль куни БААнинг “Ал Ваҳда” жамоасига қарши ўтказади.

Айни пайтда “темирйўлчилар” янги мавсумнинг муҳим беллашувларига тайёргарликка зўр берган. Ўзбекистон чемпиони ва мамлакат кубоги соҳиби ҳозирда Туркиянинг Белек шаҳрида мавсумолди хориж йиғинини ўтказмоқда. “Локо”нинг маҳоратли ярим ҳимоячиларидан бири Икром Алибоев жамоанинг тайёргарлик жараёни қандай кетаётгани хусусида клуб расмий сайтига гапириб берди:

Жамоамиз янги мавсумга тайёргарликни кўнгилдагидек олиб бормоқда. Раҳбарият томонидан бизга аъло даражада шароитлар яратиб берилган. Айни дамда Белекда йиғин ўтказяпмиз. Бу ер машғулот олиб бориш учун жуда ҳам қулай. Дубайда ўтган илк хориж йиғинимизда асосан жисмоний тайёргарликка эътибор қаратилган эди. Белекда эса кўпроқ тўплар билан ишлаяпмиз. Шунингдек, янги тактик усуллар борасида ҳам шуғулланмоқдамиз.

Яхши форма тиклаб олишимиз учун ўтказилаётган назорат ўйинларининг ҳам аҳамияти юқори. Танланган спарринг рақиблар савияси эса анча яхши эканини айта оламан. Мисол учун, Шотландиянинг етакчи жамоаларидан бири – “Абердин”, шунингдек рус клублари – “Краснодар”, “Рубин” билан ўйнадик. Кеча эса Болгария жамоаси билан баҳс юритдик. Биласизми, кучли жамоаларга қарши ўйнаш ҳар қандай футболчи учун фойдали. Биз ҳам мана шундай яхши савияли жамоалар билан ўйнаб, Осиё Чемпионлар Лигасига муносиб ҳозирлик кўряпмиз. Зеро Чемпионлар Лигасида кучсиз жамоалар бўлмайди. Шунга монанд биз ҳам имкон қадар тезроқ яхши спорт формасига кириб олишимиз талаб этилади.

Олдимизга ҳар галгидек жуда юқори мақсадлар қўйилмоқда. Янги мавсумда энг камида ўтган йилги натижаларни такрорлашни режалаштиряпмиз. Шунингдек, бу йил Чемпионлар Лигасида ҳам улкан ғалабалар қўлга киритиб, мухлисларимизни хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз, – дейди Икром Алибоев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!