Илгар Алиев: Қудратилло ва Азизбек фақат ғалаба учун жанг қилади

  • 6 февраль, 2017, 10:20
  • 0
  • Бокс

 

10 февраль куни икки енгилмас боксчимиз – Қудратилло Абдуқаҳҳоров (9-0-0, 6 КО) ва Азизбек Абдуғофуров (4-0-0, 4 КО) Сингапурда ташкил этиладиган профессионал бокс кечасида навбатдаги жангини ўтказади. Профессионал рингда мағлубиятсиз фаолият юритаётган бу боксчиларимизнинг муваффақиятлари замирида интилувчан мураббий Илгар Алиевнинг хизматлари ётибди.

SPORTS.uz ахборот портали бўлажак муҳим жанглар олдидан Илгар Алиев билан суҳбат уюштирди.

- Илгар, аввало ўзингиз ҳақингизда маълумот берсангиз.

- Мен 1985 йилда Тошент шаҳрида туғилганман. 10 ёшимдан бокс билан шуғулландим. Боксчи сифатида қатор халқаро турнирларда ғолиб ва совриндор бўлдим. Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтида таҳсил олдим. Болалигимдан мураббийлик соҳасига қизиққаним учун шу касбни танладим.

Ўқишни битирганимдан сўнг менга Малайзияда мураббий сифатида ишлаш таклифи тушди. Халқаро тажрибага эга бўлиш учун хорижда ишлашга йўл олдим. Шу тариқа Куала-Лумпурда бокс мураббийи сифатида ишлай бошладим.

- Шогирдларингиз қандай натижаларга эришди?

Малайзиядаги фаолиятим давомида шогирдларимдан уч нафари мамлакат чемпиони бўлди. Улардан бирини Чирчиқда ўтказилган очиқ мусобақага олиб келгандим. Бу ерда ҳам олтин медаль олди. Яна бир шогирдим Малайзиянинг энг яхши боксчи, деб топилган.

Куала-Лумпурдаги мураббийлигим бугунги кундаги фаолиятим учун мустаҳкам пойдевор бўлди. Шогирдларимга бокс сир-асрорларини ўргатиш баробарида ўзим ҳам мураббийлик маҳоратини ошириб бордим. Бу жараёнда боксчиларни тайёрлаш бўйича кўп билим ва тажрибаларни ўзлаштиришга тўғри келди.

- Қандай қилиб, профессионал боксчилар мураббийига айландингиз? Қудратилло ва Азизбек билан қандай танишдингиз?

2014 йили Малайзияда нуфузли халқаро бокс турнирини ташкил қилдик. Унга Ўзбекистон боксчилари ҳам таклиф этилди. Юртимиздан тўрт нафар боксчи келди. Улар орасида Азизбек Абдуғофуров ва Қудратилло Абдуқаҳҳоров ҳам бор эди. Уларнинг жанг олиб бориш усулидан ҳайратга тушдим.

Орадан икки ой ўтиб, яна бир халқаро мусобақа ўтказилди. Мен ўз шогирдларим билан бирга Қудратиллони ҳам ўша турнирга олиб бордим. Ҳамма шогирдим олтин медалга лойиқ топилди. Қудратилло ҳам нималарга қодирлигини кўрсатди.

Кейинроқ, ҳамкорларим билан бирга профессионал бокс клубини очдик. 2015 йили шу клубга Қудратилло Абдуқаҳҳоровни таклиф қилдим.

Азизбек Абдуғофуров эса ҳаваскордаги натижалари билан эътиборга тушган эди. У бир неча маротаба Ўзбекистон чемпионатида ғолиб ва совриндор бўлган. Халқаро миқёсдаги турнирларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган. Унинг салоҳиятини инобатга олиб, бирга ишлашга қарор қилдим.

Шу тариқа барчамизнинг профессионал боксдаги фаолиятимиз бошланиб кетди.

- Қудратилло ва Азизбекнинг қайси хусусиятларини алоҳида кўрсатган бўлардингиз?

Ҳар икки шогирдимнинг боксчилик мактаби жуда кучли эканини таъкидлаш лозим. Қудратиллонинг техникаси жуда зўр. Бундан ташқари, у ўта чидамли боксчилар тоифасига киради. Жанг давомида чарчамайди, серҳаракат ва рақибга кўп зарба бера олади. Ўзи эза зарба “кўтара оладиган” боксчи.

Азизбек ҳақиқий нокаутчи. Зарбаси жуда кучли эканини мутахассислар ҳам, у билан жанг қилган ёки спарринг тушган боксчилар ҳам тан олади. Шунингдек, Азизбекка зарба теккизиш мушкул, у ўта чаққон ва тезкор боксчи. Ҳар икки шогирдим ҳам нималарга қодирлигини рингда кўрсатиб келмоқда.

- Илгар, боксчиларимиз олдида жуда жиддий жанглар турибди. Кучли ва тажрибали боксчиларга қарши рингга чиқишга ҳали эрта эмасми?

Маълумот ўрнида: Қудратилло Абдуқаҳҳоров 25 март куни зимбабвелик Африка чемпиони Чарльз Манючига қарши жанг қилади. Бу боксчи етти йилдан буён мағлубият нималигини билмай келяпти. 20 та ғалабага эришган. У ҳозир WBC Silver – кумуш камарни эгаллаб турибди. Манючи бу соврин учун ўтган йили Россияда ташкил этилган жангда енгилмас боксчи Димитрий Михайленкони мағлуб этган. Унгача Қудратилло 10 февралда рингга чиқади.

Азизбек Абдуғофуров 10 февраль куни WBC йўналиши бўйича Осиё чемпионлиги камарини илк бор ҳимоя қилади. Сингапурда бўладиган чемпионлик жангида ҳамюртимизга қарши Сиримонгкол Эамтуам рингга чиқади. Таиландлик боксчи профессионал рингда 93 та жанг ўтказиб, 91 марта зафар қучган, шулардан 57 тасида рақибларини муддатидан олдин енгган.

Сиримонгкол Эамтуам бир неча марта турли вазнларда жаҳон чемпионлигига сазовор бўлган ўта кучли профессионал боксчи ҳисобланади. Тажрибали чарм қўлқоп устаси қарийб 15 йилдан буён мағлубият нималигини билмай келмоқда.

Қудратилло ҳам, Азизбек ҳам ҳаваскорлар боксида кучли тайёргарлик кўрган. Ҳар ҳолда улар жаҳонда ўз ўрнига эга бўлган ўзбек бокс мактаби тарбияланувчиларидир. Тажрибаси ҳам етарли. Қудратилло шу кунгача профессионал ринга тўққизта жанг ўтказиб, ўзини кўрсатди ва рақибларидан маҳорат боби анча устунлигини намойиш қилди.

Азизбек эса фаолиятини дарров кучли боксчиларга қарши жанглардан бошлади. Бошқа чарм қўлқоп усталаридан фарқли ўлароқ, профессионал боксга мослашиш учун вақт сарфламади. Дастлабки икки жангда катта рингда бир неча ғалабага эга спортчиларни мағлуб этган, учинчи ва тўртинчи жангини йиллар давомида мағлубият аламини билмай келаётган боксчиларга қарши ўтказди. Уларнинг ҳаммасини нокаут қилди.

Қудратилло ҳам, Азизбек ҳам муҳим жангларга ҳар томонлама тайёрлиги учун жиддий рақибларга қарши рингга чиқишига тайёргарлик кўряпмиз.

- Бу йилга мўлжалланган режалар қандай?

Асосий мақсадимиз - Қудратилло Абдуқаҳҳоров 25 март куни зимбабвелик Африка чемпиони Чарльз Манючига қарши жангда WBC Silver – кумуш камарини қўлга киритиши керак. Азизбек Абдуғофуров WBC йўналиши бўйича Осиё чемпионлиги камарини муносиб ҳимоя қилиши лозим. Кейин шогирдларим билан профессионал бокс маркази ҳисобланган АҚШда узоқ муддатли ўқув-машғулот йиғинини ташкил қилиб, катта жангларга тайёргарлик кўрамиз.

Бундан ташқари, клубимиз таркибига яна икки нафар ўзбекистонлик чарм қўлқоп усталарини таклиф этишни режалаштиряпмиз. Баъзи сабабларга кўра, бу боксчиларнинг номини ошкор қилолмайман. Тўғри тушунасиз деган умиддаман.

Илгар, самимий суҳбатингиз учун раҳмат. Фаолиятингизда омад тилаймиз!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!