Илҳом Мўминжонов: Бугун чиройли ўйин кўрсатолмадик

22 апрель, 19:58 265

Илҳом Мўминжонов: Бугун чиройли ўйин кўрсатолмадик

Ҳозиргина Намангандаги "Наваҳор" марказий стадионида Олий лиганинг 7-туридан ўрин олган "Наваҳор" ва "Шўртан" жамоалари баҳси якунланди.

Учрашув майдон эгаларининг 1:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Ўйиндан сўнг ўтказилган матбуот анжуманининг иккинчи қисмида мезбонлар бош мураббийи Илҳом Мўминжонов иштирок этди ва ўзининг ўйин ҳақидаги фикрларини билдириб ўтди.

- Бугунги ўйин қийин кечишини аввалдан билган эдик. Тўғри, бугун мухлисларимиз учун чиройли ўйин намойиш эта олмадик. Боиси, "Шўртан" жамоаси ўз уйида ўтказган сўнгги 2та баҳсда ҳимояда ўта ишончли ўйин кўрсатган эди. Шу ўйинларда "Локомотив" ва "Пахтакор" деярли 70-80% тўп назоратини ўзларида ушлаб туришган, бироқ якунда мағлубиятга учрашган эди. Шунинг учун биз иложи борича юқоридан ўйнашга ҳаракат қилдик. Агар биз ҳам "Локомотив" ва "Пахтакор" сингари қисқа паслар билан ўйнаганимизда бугун ғалаба қозона олмасдик.

Шуни алоҳида айтишим керакки, "Шўртан" клубида раҳбарият алмашадими ёки мураббийлар штаби бу аҳамиятсиз. Чунки, ғузорликлар таркибида жуда кучли футболчилар йиғилишган.

Кейинги турда "Пахтакор" меҳмони бўламиз ва бу учрашувга эртаданоқ тайёргарликни бошлаймиз. Шуни алоҳида таъкидлашим керакки, биз Тошкентга фақат ғалаба учун борамиз.