Илҳом Мўминжонов: "Насаф"дек жамоага 10 киши бўлиб ўйнаш қийин

25 июнь,2017, 22:06 319

Илҳом Мўминжонов:

 

Олий Лига 15-туридан ўрин олган "Насаф" - "Навбаҳор" (4:0) учрашувидан сўнг "лочинлар" бош мураббийи Илҳом Мўминжонов журналистлар саволларига жавоб қайтарди:

- Барчани кириб келаётган Ҳайит айёми билан табриклайман, - деб сўз бошлади мураббий. Бугун биринчи даврадаги сўнгги учрашувимизни ўтказдик. "Насаф"дек жамоага 10 киши бўлиб ўйнаш жуда қийин. Чунки улар етакчи жамоалардан бири ҳисобланишади. Биринчи бўлимда ҳимоядаги хатодан сўнг гол ўтказиб юбордик. Бахснинг иккинчи ярмида бир киши кам бўлиб 81- дақиқагача чидадик. Шундан сўнг учта гол ўтказиб юбордик ва аламли мағлубиятга учрадик. Хаёт давом этади. Ҳозир 10 кунлик таътилга чиқамиз. Хатоларимиз устида ишлаб, иккинчи даврадаги мухим беллашувларга пухта тайёргарлик кўрамиз. Ха, бугун ютқаздик. Лекин, 6- ўрин учун курашишда давом этамиз.
 

- "Навбаҳор" мавсумни яхши бошлади. Аммо сўнгги вақтларда жамоада пасайиш кузатилмоқда. Бунинг сабаби нимада?

- Гапингизда жон бор. Раҳбарият ҳам ўтган турда "Олмалиқ" билан кечган учрашувда дуранг қайд этганимиздан сўнг шу саволни менга берди. Мавсумни ажойиб бошлагандик. Камчиликларимиз мавжуд. Мавсумнинг иккинчи қисмида кучлилар қаторига киришга ҳаракат қиламиз. Жарохатлар сони ҳам сўнгги бешта турда кўпайиб кетганини таъкидлашим лозим. Ғиёсжон Комиловнинг йўқлиги ҳам яққол билинди.

- Қайси чизиқлар Сизни ташвишга солмоқда?

- Ҳозирги кунда ҳужумда муаммоларимиз етарли. Йовановичдан кўп нарса кутгандим. У 15 та ўйинда атига бешта гол урди. Шунингдек ярим ҳимоячиларимиз ҳам 10- турдан кейин оқсоқлаб қолишди. Иккинчи даврани кўтаринки кайфиятда бошлаш учун қўлимиздан келган барча ишни бажарамиз. Раҳбарият шароитларни яратиб бермоқда.

- "Пахтакор" ижарага берган футболчиларини давралар оралиғида қайтармоқда. "Навбаҳор"даги "пахтакорчилар"нинг тақдири қандай кечади?

- "Пахтакор"нинг учта футболчисини ижарага олганмиз. Улардан фақатгина Аббос Отахонов асосий таркиб вакили саналади. Охирги учта ўйиндан иккитасида ушбу ҳимоячимиз жарохат туфайли майдонга тушмади. Агарда "шерлар" уни чақиришса, муаммосиз футболчини қўйиб юборамиз. Чунки Аббос "Пахтакор"га тегишли. Қолган икки ўйинчи ўзини кўрсата олмади. Лекин улар биз билан қолишади. Мабодо тошкентликлар ўз ўйинчиларини сўрашса, иложимиз йўқ, қайтарамиз. Таркибда футболчиларимиз кўп. Ўртамиёна ўйинчилар устида яхшилаб ишлаб, "Навбаҳор" шаънини ҳимоя қилишга ўргатамиз.

- Легионерлар ўйинидан кўнглингиз тўлдими?

- Йованович ва Станоевичдан кўнглим тўлди. Гарчи Йованович кам гол урган бўлсада, майдонда катта хажмдаги ишни бажарди. Керакли ўйинларда сербиялик ҳужумчимиз голлар урди. Умид қиламанки, иккинчи даврада ҳам у "Навбаҳор" билан бирга бўлади. Чунки Неманья борасида Ўзбекистоннинг етакчи жамоаларида менга ва футболчининг ўзига кўп қўнғироқлар келади. У кетмоқчи бўлиб турибди. Аммо йилнинг охиригача мўлжалланган келишувимиз бор.