Илҳом Мўминжонов: "Навбаҳор" чемпионатни кучли бешликда тугатмоқчи

21 июнь, 11:49 87

Илҳом Мўминжонов:

Кеча Олий лигада 14-тур ўйинлари ниҳоясига етди. Наманганнинг «Навбаҳор» клуби ўз майдонида «Олмалиқ»ни қабул қилди ва 1:1 ҳисобидгаи дурангга «имзо чекди». Учрашувдан сўнг «лочинлар» устози Илҳом Мўминжонов ўйин борасидаги фикрларини айтиб ўтди.

“Жамоамиз олтита турдан бери ғалаба қозона олмаётганлиги сабабли «Олмалиқ» билан ўтган ўйинда ғалабани қўлга киритишимиз шарт эди. Бугун ғалабага яқин эдик. Аммо сўнгги дақиқаларда ютуқни қўлдан бой бердик. Учрашувга жиддий тарзда ҳозирлик кўргандик. Афсуски, баҳс охирларида ўтказиб юборилган гол барча меҳнатларимизни чиппакка чиқарди. Нима ҳам қила олардик, кўзланган мақсадга эриша олмаган бўлсакда ҳаёт давом этади. Шундан келиб чиққан ҳолда навбатдаги учрашувга тайёргарлик кўрамиз. Бир турдан кейин чемпионатнинг дастлабки қисми якунига етади. Давралар оралиғида биринчи даврада йўл қўйилган хато ва камчиликларни таҳлил қилиб уларни бартараф этган ҳолда иккинчи даврага муносиб тарзда ҳозирлик кўрамиз. Бу орқали мавсумни кучли бешликда якунлаш учун ҳаракат қиламиз. Бугун биринчи давра ҳисобидан ўз майдонимиздаги сўнгги баҳсни ўтказдик. Шукрки, уйдаги учрашувларда рақибларимизга имкониятни бой бермадик.

Иккинчи даврада янада яхшироқ ҳаракат қилиб, мухлисларимизни чиройли ўйинларимиз билан хурсанд қилишни мақсад қилганмиз. Иккинчи даврада жамоада янги футболчиларни кўришни истайман. Ўзим истаган футболчилар билан музокаралар ўтказдик. Давралар оралиғида таркибга ички чемпионатда тўп сураётган олти-етти нафар ёш футболчиларни қўшишни мўлжаллаб турибман. Ҳозирча уларни ким эканлиги сир. Барча масалада келишувга эришганимиздан сўнг уларни кимлигини ошкор қиламиз.

Айни пайтда беш нафар футболчимиз турли сабабларга кўра бугунги учрашувда иштирок эта олишмади. Уларнинг айримлари оилавий сабаб, баъзилари эса бетобликлари сабабли айни пайтда жамоа билан бирга эмаслар. Биринчи даврани тугашига яна битта ўйин қолди. «Насаф» билан ўтадиган учрашувдан кейин таркибда кимларни қолиши ва кимларга жавоб берилиши борасида бир тўхтамга келамиз”, – деб фикрига якун ясади Мўминжонов.

Эслатиб ўтамиз «Навбаҳор» айни вақтда 19 очко тўплаган холда турнинр жадвалида 8-ўринда бормоқда.