Илҳом Мўминжонов легионер футболчидан норози бўлди

Матбуот анжуманининг иккинчи қисмида “Навбаҳор” бош мураббийи Илҳом Мўминжонов ва жамоа посбони Ботирали Эргашевлар иштирок этиб, журналистларнинг саволларига жавоб қайтаришди. Бу ҳақда Наманган клуби матбуот хизмати хабар бермоқда.

Илҳом Мўминжонов: - Биринчи навбатда футболчиларимизни намойиш этган ўйинлари учун каттакон раҳмат айтаман. Йигитлар қўлларидан келганича ҳаракат қилиб, жамоамизнинг яхши ўйинларидан бирини ўтказишди деб ўйлайман. Бугун бизга омад етишмади. Акс ҳолда Азамат Алланиёзов ва Азизбек Турғунбоевлар томонидан йўлланган зарбалардан кейин тўп дарвоза устуни ва тўсинига тегиб қайтди. Бу футбол майдон текис тўп юмалоқ деб бежизга айтишмайди. Кейинги ўйинларга янада яхшироқ тарзда тайёргарлик кўришда давом этамиз. Ненад Иньац ҳозирги кунда ўзининг оптимал спорт формасига кира олмаяпти. Гарчи бешта тур ортда қолган бўлсада ҳужумчимиз гол ура олгани йўқ. Бугунги учрашувда у майдонга кичик жароҳат билан тушганди. Унинг ҳаракатларидан қониқиш ҳосил қилмадик. Ўйлайманки, кейинги учрашувларда ўзини кўрсатади деган умиддаман.

Ҳимоя чизиғимиздан кўнглим тўлмоқда. Бу хотиржамликка берилишимиз учун сабаб бўлмасада, бешта ўйинда дарвозамиздан атиги иккита тўп ўтказиб юбордик холос. Ўтган мавсумдаги кўрсаткичларимиз ёмонроқ эди. Қандай ҳолат бўлишидан қатъий назар ҳужумчиларимизга гол уриш учун имкониятлар берамиз. Агарда Иньац гол уришни уддалай олмаса, уни захирадан қолдиришга мажбур бўламиз. Рўзимбой Аҳмедовни қачон майдонга қайтиши аниқ эмас. Гарчи жароҳатдан ҳоли бўлсада, ҳозирча тикланиш жараёнини ўтказмоқда. Айни пайтда ихтиёримизда мавжуд ва соғ бўлган Иньац, Алланиёзов ва Сардор Сулаймонов каби ҳужумчиларимиз бор. Навбатдаги турларда уларни имкон қадар самарали тарзда фойдаланишга ҳаракат қиламиз. Аҳмедовни ҳам сафга қайтишини интизорлик билан кутиб қоламиз. Шу пайтга қадар урган голларимизни стандарт вазиятлардан урганмиз. Бугун ҳам жарима зарбаларидан кейин рақиб дарвозамини нишонга олишга уриниб кўрдик. Лекин, бу борада аниқлик етишмади. Олдинда бизни жиддий ўйин кутиб турибди. “Сўғдиёна” билан ўтадиган учрашувга муносиб тарзда ҳозирлик кўрган ҳолда голлар уриб ютуқ билан қайтишга ҳаракат қиламиз. Остон Ўрунов нафақат жамоамизнинг балки Суперлиганинг ҳам энг ёш футболчиларидан бири саналади. Футболчимиз кўп ҳолларда жамоага фойда келтириш борасида кўп нарсани ўзига олмоқда. Бунинг оқибатида тўп оширишларда кўп хатога йўл қўйди. Ўрунов ўйиндан-ўйинга сифат борасида қўшиб боради. Бугунги баҳс сўнггида бироз чарчаб қолгани учун уни ўрнига майдонга тажрибали футболимиз Дилшод Жабборовни туширдик. Кейинги ўйинларда Остон янада яхшироқ ҳаракат қилади деб ўйлайман. Ёш бўлишига қарамай, айни пайтда у энг яхши ярим ҳимоячиларимиздан бири саналади.

Ботирали Эргашев: - Ўйин кескин курашларга бой тарзда ўтди. Рақиб дарвозаси олдида юзага келтирилган вазиятларда бирозгина омадимиз юришмади деб ўйлайман. Ҳимояда бехато ҳаракат қилган бўлсакда, ҳужумларимизни самарали тарзда якунлай олмадик.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!