Иньестанинг номаълум қирралари
1984 йилда Испаниянинг Фуэнтеальбилья қишлоғида олтита ўғил дунёга келди.Ҳозирда улардан бири автомеханик, бири мотоцикллар тузатади, бошқаси эса водопроводчи. Хушчақчақлиги билан улар орасида ажралиб турган Андрес эса ўн икки ёшидаёқ Барселонага кўч-кўронини кўтариб келди. Ла Масияга таклифнома қоғози келганда Иньеста боришдан бош тортди. Ота-онасига қуруққина қилиб бормаслигини айтди. Шунда отаси бундай имкониятдан воз кечиш катта хато эканлигини тушунтирди. “Мен кетишни асло истамасдим, аммо отам бир нарсага астойдил ундаяптими, демак, шу ишни қилиш шарт эканлигини ҳис этардим”, деб эслайди Иньеста.
Андрес дастлаб Барселонага онаси, отаси, бобоси билан келганди. Улар Андресни қўллаб-қувватлаш мақсадида шундай қилишган эди. Уни академияга жойлаб, ортга қайтишди. Барселонадаги биринчи тунни ҳаётидаги энг даҳшатли кеча, деб эслайди у. Отаси ҳам ундан кам азият чекмаганди. Ўғлининг ёш бўлишига қарамай энди тўлақонли мустақил бўлишини ўйлаб, ҳаяжонга тушарди.
“Дастлабки ойларда оиламдан узоқда жуда ҳам қийналдим. Кечалари йиғлаб чиққанман ҳатто. Бироқ кейинчалик елкамда катта маъсулият турганини, оилам ишончини оқлашим кераклигини англадим. Футболни танлаган экансан, охиригача боришинг шарт, дея ўзимга далда берардим”.
2000 йилларда Испания интернет тармоқларида ҳамма Иньеста болалалигиданоқ “Реал”ни яхши кўрган, шунинг учун Барселонага боришни истамаган, дея бонгурарди. Буларнинг барчаси нотўғри эди.
Иньестанинг Ла Масиядаги фаолияти шиддат билан ўсиб борарди. Ўн олти ёшидаёқ у асосий таркибга қўшилди. У шунчалик яхши ўйнардики, Хосеп Гвардиола Хавига таъкидларди:”Сен менинг ўрнимни эгаллайсан, Андрес эса ҳамманинг ўрнини эгаллаб олади”.
Ҳақиқатдан ҳам шундай бўлиб чиқди...
Альбасетенинг биринчи рақамли одами
Иньестани Альбасете провинциясининг (sports.uz таҳр.) испан маданиятидаги бош вакили дея эътироф этишади.
Муваффақиятли ўйинларининг биридан сўнг Андрес камерага қараб: “Олға, Барселона! Олға, Каталония! Олға, Фуентеальбилья!” деб хитоб қилган, ва шундан сўнг минглаб одамлар бу митти қишлоғига қизиқиб қолишган эди. Қишлогида “Барселона” ёзуви туширилган футболкали меҳмонлар пайдо бўла бошлади.
Бир неча йил аввал бу ерда Чемпионат-2010 да ҳал қилувчи голни киритган, умуман Фуентеальбильяда туғилган энг машҳур шахс сифатида Иньестанинг ҳайкали ўрнатилди. Қирқ йил муқаддам бобоси очган бар Андреснинг ғалабаларини ўз бағрида жамлаган музейга айлантирилди. 2008 йилда Андрес маҳаллий мактаблардан бирига ўқувчилар учун роял совға қилганида бутун Альбасете аҳолисининг меҳрини қозонган эди.
Кўпчиликка маълум эмас, аммо Иньеста “Альбасете” клубининг акционери ҳамдир. 2011 йилда у клуб акцияларини сотиб олиш учун 420минг евро сарфлади, 2013 йили эса клуб қарзларини тўлаш учун 200 минг евро ажратди. Агар у бўлманганида “Альбасете” ўз фаолиятини тугатишига тўғри келган бўларди.
“Каталонияда 20 йилдан бери яшайман, оилам ҳам шу ерда. Фуэнтеальбильяда туғилган бўлсам ҳам ўзимни ҳам испан, ҳам каталониялик деб ҳисоблайман”, дейди Андрес.
Иньестадан винолар
“Альбасете” акцияларини сотиб олишдан аввал, 2010 йилда туғилган провинциясидаги La Bodega вино ишлаб чиқариш корхонасига пул тиккан эди. Уни ҳозир отаси Хосе Антонио юргизиб келмоқда. Корхона йилига тахминан 700 минг шиша оқ, қизил, пушти, шампан виноларини ишлаб чиқаради.
Корхона ходимларининг таъкидлашича, бу ердаги қулай иқлим шароити, тупроқнинг юқори унумдорлиги, ёғимгарчиликнинг камлигию қуёш нурларининг сероблиги вино ишлаб чиқаришда қўл келади.
“Одамларнинг турли гапларига қарамай, бизда улкан саноат заводи йўқ. Бу шунчаки оилавий хобби, холос”, дейди вино тарқатиш бўйича масъул Карлос Ферандес.
Иньестанинг машҳурлигига қарамай, вино саноати фойда келтираётгани йўқ. Андреснинг ўзи бу оилавий бизнесдан ҳар қандай ҳолатда ҳам воз кечмоқчи эмас, у буни оила анъаналари билан боғлайди: “Ўзим туғилиб ўсган, оилам бунёд бўлган заминда вино хоббиси билан шуғулланиш менга завқ бағишлайди. Бу туйғуни ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди”.
Саодат Абдурахманова таржимаси
Манба: sports.ru
Фикрлар