Ислоҳотлар давом этади: ПФЛ ва Ла Лига ўртасида меморандум имзоланди

 

Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси директори Омон Ғофуров Испанияга ташриф буюриб, “Реал Мадрид” академияси раҳбарияти билан учрашгани ҳақида аввал хабар берилганди. Учрашув давомида “Реал Мадрид” академияси билан ўзаро ҳамкорлик қилиш, Ўзбекистонда “Қироллик клуби” академиясини очиш бўйича иш тартиби келишиб олинди.

Кеча Омон Ғофуров Мадридда Ла Лига қароргоҳида бўлиб, ташкилот вакиллари билан учрашди. Учрашув давомида Испания чемпионати мусобақаларини ўтказиш, трансляция масалалари, маркетинг йўналишида олиб борилаётган ишлар бўйича ўз тажрибалари билан ўртоқлашдилар. Мана шу масалаларга бағишланган 8 соатлик тақдимот маросими ПФЛ бош директори Омон Ғофуровга намойиш қилинди.

Шундан сўнг Омон Ғофуров Ла лига бош директори Хавьер Гомес билан учрашди. Учрашув давомида икки томонлама ҳамкорлик бўйича келишувга эришилди. Ла лига бош директори ўзбек футболи ривожига ҳисса қўшишга, мутахассисларни Ўзбекистонга юбориб, турли семинарлар ташкил қилиш ва тажрибалари билан ўртоқлашишга тайёр эканини маълум қилди.

Учрашув охирида 2020 йилга қадар мўлжалланган икки томонлама ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ушбу меморандумга кўра, Ла лига мутахассислари маркетинг, футболга оид турли дастурлар, клублар билан ишлаш, трансялциялар ва бошқа кўплаб масалалар бўйича юртимиздаги мутахассисларга ёрдам берадиган бўлишди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!