Ислом бирдамлик ўйинлари: Миллий Олимпия қўмитаси совриндор спортчиларни Бокуда мукофотламоқда

Озарбайжон пойтахтида давом этаётган IV “Ислом бирдамлик ўйинлари”нинг кечаги кун баҳсларида делегациямиз аъзолари 4 та олтин, 3 та кумуш, 6 та бронза жами 13 та медаль қўлга киритишди. Хабар бериб ўтганимиздек, бир кун аввал спортчиларимиз томонидан 8 та медаль жамғарилганди. Демак, дастлабки 3 кун натижасига кўра, Ўзбекистон делегацияси аъзолари умумий, 21 та медаль билан Озарбайжон ва Туркия терма жамоаларидан сўнг кучли учликка кириб олишди. 

Делегациямиз ҳисобига каратэчимиз Садриддин Сайматовдан сўнг иккинчи олтинни дзюдо бўйича аёллар ўртасида -70 кг. вазн тоифасида кураш олиб борган Гулноза Матниёзова келтирди. Гулноза ҳал қилувчи финал жангида туркиялик Сукран Бакачак устидан зафар қучиб шоҳсупанинг энг юқорисидан ўрин эгаллади. 

Шундан сўнг, бадиий гимнастикачи қизларимизнинг бенефиси бошланди. Яккалик баҳслари якунига кўра, Анастасия Сердюкова ва Сабина Ташкенбаевалар копток, халқа, булава ва лента бўйича ўтказилган финалларнинг барчасида совриндорлар орасига кира олишди. 

Жумладан, Сердюкова булавада бажарилган машқлар якунига кўра, энг яхши натижани қайд этди ва делегациямиз ҳисобига учинчи олтин медални тақдим этди. Анастасия шунингдек халқа ва коптокда бажарилган машқларда ҳам муваффақиятли иштирок этиб иккита кумуш медалига сазовор бўлди.

Сабина Ташкенбаева эса булава ва лентада ўтказилган машқларда совриндорлар сафидан жой олди. Ҳамюртимиз ҳар иккала йўналишда бронза медалларига эга чиқди. 

Тўртинчи ва бешинчи олтинни пара-дзюдочиларимиз келтиришди. Вазни 90 килограммгача бўлган полвонлар баҳсида Шуҳрат Бобоев финалга қадар барча рақибларини таслим этиб, ҳал қилувчи баҳсда мезбонлар вакили Р. Сафаровнинг ҳам курагини ерга теккизди ва олтин медалга сазовор бўлди.

100 килограммдан юқори вазнга эга полвонлар беллашувида эса Ширин Шарипов финалда эронлик Мусанежоткарим устидан ғалаба қозониб, делегациямиз ҳисобига бешинчи олтин медални қўшиб қўйди. Яна бир пара-дзюдочимиз Феруз Сайидов эса финал жангида озарбайжонлик Н. Талибовга имкониятни бой бериб кумуш медаль билан чекланди. Аммо, шунга қарамай, Феруз мусобақани юқори савияда ўтказганлигини тан олиш лозим. Фақатгина ҳал қилувчи баҳсда унга бироз омад етишмади. Акс ҳолда кечанинг ўзида олтинларимиз сони 6 тага етиши турган гап эди. 

Шунингдек, оғир атлетика бўйича хотин-қизлар ўртасида 58 кг. вазн тоифасида иштирок этган Муаттар Набиева, дзюдо бўйича 81 кг. вазн тоифасида кураш олиб борган Давлатбек Бобонов ва 100 кг зиёд полвонлар баҳсида Бекмурод Олтибоев, каратэ бўйича 84 кг. вазнли спортчилар беллашувида Абдулазиз Атабаевлар бронза медалига сазовор бўлишди. 

Демак айни вақтга қадар қуйидаги спортчиларимиз IV “Ислом бирдамлик ўйинларида медалларга сазовор бўлишди: 

Садриддин Сайматов – (каратэ, -60 кг.) - олтин 

Гулноза Матниёзова – (дюздо, -70 кг.)    - олтин 

Анастасия Сердюкова (бадиий гимнастика) - олтин

Шуҳрат Бобоев (пара-дзюдо, -90 кг.) - олтин

Ширин Шарипов (пара-дзюдо, +100 кг.) - олтин 

Бадиий гимнастика (терма жамоа) - кумуш

Анастасия Сердюкова (бадиий гимнастика) - кумуш (2 та)

Феруз Сайидов (пара-дзюдо, -73 кг.) - кумуш

Саидхон Сайфуддинов (ўқ отиш) - бронза

Сакина Мамедова (ўқ отиш) - бронза

Диёрбек Ўрозбоев (дзюдо, -60 кг.) - бронза

Гулруҳ Раҳимова (пара-дзюдо, -70 кг.) - бронза

Достонбек Отаболаев (каратэ, 75 кг.) - бронза 

Барно Мирзаева (каратэ, -61 кг.)    - бронза 

Абдулазиз Атабаев (карате,    -84 кг.)    - бронза 

Сабина Ташкенбаева (бадиий гимнастика)    - бронза (2 та)

Муаттар Набиева (оғир атлетика, -58 кг.)    - бронза

Давлатбек Бобонов (дзюдо,    -81 кг.)    - бронза

Бекмурод Олтибоев (дзюдо,    +100 кг.)    - бронза

Ҳар куни мусобақалар тугагач Ўзбекистон делегацияси штабида ўзига ҳос йиғилиш ўтказилиб, унда кун давомида муваффақиятга эришган спортчиларни делегациямиз номидан Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов қутламоқда. 

Бу ҳам ўз навбатида спортчилар кучига куч қўшиши, уларни янада жипслаштириши, қолаверса бошқа спортчиларимизга ҳам маънавий жиҳатдан стимул бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз. Мусобақалар давом этади.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!