Испания чемпионатининг тўпурар ҳимоячилари. Топ-4

6 декабрь,2016, 09:23 793

Испания чемпионатининг тўпурар ҳимоячилари. Топ-4

3 декабрь куни бўлиб ўтган “Эль классико”да “Реал”ни сўнгги дақиқаларда мағлубиятдан қутқариб қолган Серхио Рамос Ла Лигада ўзининг 48 голини киритди ва тўпурар ҳимоячилар орасида 3 ўринга кўтарилиб олди. Хўш, умуман “Ла Лигада энг кўп гол киритган ҳимоячилар кимлар ўзи?” деган саволга ушбу мақола орқали жавоб олишингиз мумкин. Бугунги кунда Испания Ла Лигаси жаҳондаги икки етакчи лигалардан биридир. Ушбу лига жамоалари бутун Европа, қолаверса, жаҳонда ҳам тенгсиз бўлиб келмоқдалар. Биз эса ушбу чемпионатда энг кўп тўп киритган тўрт нафар ҳимоячи билан сизларни таништирамиз.

4. Роберто Карлос – 47 та гол

Ўзининг юқори тезлиги, жарима зарбаларини маҳорат билан ижро этиши ва кучли зарбалари билан ном қозонган Роберто Карлос “Қироллик клуби”да тўққиз йил фаолият олиб борди ва 600 га яқин учрашув ўтказган ҳолда, рақиблар дарвозасини 71 маротаба ишғол этишга муваффақ бўлди. Жумладан, Ла Лигада 47 бор рақиб дарвозабонларини ранжитди.

3. Серхио Рамос – 48 та гол

“Реал Мадрид” сардори ва замонавий футболнинг энг сермаҳсул ҳимоячиси айнан Рамосдир. Рамос бутун фаолияти давомида ҳозирга қадар жами 76 та тўп киритган бўлса, шулардан 48 таси Ла Лигага тўғри келади. Бундан ташқари Серхио тўққиз бор ЕЧЛда зафар қучгандир. Қолган голлар эса бошқа мусобақаларга тўғри келади.

2. Рональд Куман – 67 та гол

Бутун фаолияти давомида 193(!) та гол уриш… Бу ишни ҳужумчилар ҳам эплай олмаётир ҳозирда. Бироқ голландиялик ҳимоячи жарима зарбаларини қойилмақом қилиб ижро этиши уни чўққига олиб чиқди. Мартин Куманнинг ўғли бўлган Рональд “Барселона”да олти мавсум тўп тепди. Бу орада эса тўрт бор Испания чемпиони бўлди. Қолаверса, ЕЧЛ (ЕЧК) кубогини ҳам боши узра баланд кўтаришга муваффақ бўлди. Куман “Барса”да жами 67 бор зафар қучгандир.

1. Фернандо Йерро – 105 та гол

Йерролар оиласининг кенжа вакили бўлган Фернандо “Вальядолид” клуби тарбияланувчиси саналади. “Реал” сафида 15 мавсум тўп тепган Йерро узоқ йиллар жамоага сардорлик қилади. Бу вақт оралиғида “қаймоқранглилар” билан 16 та соврин ютади. Кичик Йерро Ла лигада 105 та тўп киритгани таҳсинга сазовордир. Бу натижа ҳимоячилар орасидаги энг яхшисидир. Дарвоқе, терма жамоада 29 гол урган Фернандо тўпурарлар орасида тўртинчи ўринда туради.

Шаҳзод Холбоев тайёрлади