Исроил Мадримов: Кубалик чемпион мени ҳайратга солмоқчи бўлиб, ўзи лол қолди (интервью)
Ўзбекистонлик истеъдодли боксчи Исроил Мадримовнинг жанглари мухлису мутахассисларни тобора ўзига мафтун этиб бормоқда. Бугун бу боксчимизнинг фаолияти, ҳаёти ва фикрлари кўпчиликни қизиқатираётгани ҳеч кимга сир эмас.
SPORTS.uz ахборот портали Исроил Мадримовнинг кубалик Олимпия ва жаҳон чемпиони Арлен Лопесни ажойиб усулда мағлуб этганидан сўнг махсус интервьюга таклиф қилди.
Исроил рингда кучли шиддат ва жиддий қарашларга эга йигит. Ҳаётда ўзига ишонган, босиқ, гапга уста ва бағрикенг ўзбек йигити эканини пайқадик. Боксчимизнинг очиқ кўнгиллиги суҳбат жараёнининг қизиқарли ва мазмунли ўтишини таъминлади.
- Исроил, суҳбатни ўзингиз ҳақингиздаги маълумотлардан бошласак.
- Ассалому алейкум. Мен 1995 йили Хоразм вилоятининг Хива тумани Саят қишлоғида туғилганман. Ота-онам икки ўғил ва бир қизни вояга етказмоқда. Мен фарзандларнинг тўнғичиман. Оиламизда спортга алоҳида эътибор берилади. Болалигимдан спорт билан шуғулланаман. Етти ёшимдан отам гимнастика ва акробатика билан шуғуллантирганлар.
- Боксни қачон бошлагансиз?
- Бешинчи синфдан бокс билан жиддий шуғуллана бошлаганман. Боксни танлашимга атрофимдаги дўстларим сабаб бўлган. Уларга қўшилиб боксга борганмиз. Ўша пайтда тўгаракда биз учун ўта катта саналган рингга кўтарилганимда, биринчи спаррингда роса “калтак еганман”. Шундан сўнг ўз олдимга боксчи бўлиш ва мени мағлуб этган рақибдан аламимни олишни мақсад қилиб қўйгандим. Албатта, кейинроқ бокс мазмун-моҳиятини тушуна бошлаганимдан кейин ўч олиш мақсади умуман йўқолган.
Бокснинг бошланғич сир-асрорларини Хивада Баҳром Қурёзов, Руслан Ибодуллаев ва Қувондиқ Жабборовдан ўргандим.
2010 йили Чирчиқ олимпия захиралари спорт коллежига ўқишга кирдим ва боксчи сифатида шу ерда шаклландим. Коллеждаги машғулотларда Тўлқин Қиличев, Рустам Саидов, Икром Бердиев, Алишер Раҳимов каби устозлардан кўп нарса ўргандик. Улардан ҳозир ҳам сабоқ оламан.
- Бошқа спорт турларига муносабатингиз қанақа?
- Тўғрисини айтсам, бир нечта спорт турлари билан шуғулланганман. Футбол, баскетбол, волейбол, стол тенниси, кураш, акробатика, гимнастика бўйича вилоят миқёсидаги мусобақаларда қатнашганман. Каратэ билан ҳам жиддий шуғулланганман. Бироқ, боксга бўлган қизиқиш барчасидан устун келган.
- Боксни танлаб адашмаганингизга қачон амин бўлгансиз?
- Боксчи сифатида энг кичик ёшдаги болалар иштирок этадиган мусобақаларда қатнаша бошладим ва кетма-кет ғалабаларга эришдим. Ўша пайт боксга қизиқишим янада ортган. Албатта болалигимда буни ҳаётий танловим эканини тушунмаганман. Ютуқларимдан хурсанд бўлиб янада катта марраларни забт этишга ҳаракат қилиб юравердим.
Республика миқёсидаги илк ютуқларимни 2006 йилдан қўлга кирита бошладим. Дастлаб туман ва вилоят даражасидаги мусобақаларда ўзимни кўрсатганимдан кейин катта турнирларга жалб қила бошлашди. Ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги чемпионатлар ва халқаро турнирларда қатнашиб, маҳоратимни ошириб бордим.
2013 йилнинг охиридан катталар даврасига қўшилдим. Декабрь ойида бокс бўйича Ўзбекистон чемпионатида Тошкент вилояти жамоаси таркибида иштирок этдим. Ўша чемпионатда жамоадошларим Элнур Абдураимов, Муроджон Аҳмадалиев ва Баҳодир Жалолов билан қатнашдик ва ҳар биримиз ўз вазн тоифамизда чемпион бўлдик. Ҳозир ҳаммамиз терма жамоанинг асосий таркибидан жой олганмиз.
- Исроил рингдаги ғалабаларни сальто билан нишонлаяпсиз. Бу кимнинг ғояси?
- Аслида болалигимдан финал жангларидаги ғалабаларимни сальто билан нишонлардим. Кейинчалик мусобақаларда мухлислар мендан сальто сўрай бошлашди. Уларнинг ҳурмати учун сальто қила бошладим. Буларнинг ҳаммаси томошабинлар учун. Албатта ҳар бир спорт тури каби бокс ҳам мухлисларга қувонч улашиши керак.
Бокс машғулотларидан сўнг акробатика билан ҳам мунтазам шуғулланаман. Машаққат билан ўрганган мураккаб элементларни унутиб қўйишни истамайман. Сальто айнан акробатикадаги қийин трюклардан ҳисобланади. Уни доим бажараман.
- Исроил илгари футбол билан шуғулланганман, дедингиз. Ҳозир ҳам тўп тепиб турасизми?
- Футбол кўп спорт турларининг машғулотлар жараёнига киритилган. Хусусан, боксчилар ҳам мунтазам тўп тепади. Футбол мувозанатни сақлаш, чидамлилик, жисмоний кучни ривожлантиради. Футбол мухлисиман. “Реал” жамоасининг ўйинлари ёқади. Жаҳон футбол юлдузларидан Криштиану Роналдунинг ўйинини юқори баҳолайман. Сабаби португалиялик футболчи бу даражага етгунича машғулотларда жуда кўп машаққат чекканини биламан. Ҳар қандай спорт турида меҳнаткаш спортчи алоҳида қадрланади.
Ўзбекистонлик футболчилардан Ойбек Қиличев билан муносабатимиз аъло даражада. Мен уни иродали ва довюрак футболчи. деб биламан. Шунингдек, ҳозир фаолиятини якунлаган Анвар Солиев ва Максим Шацкихни ўйинлари менга ёқарди. Футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг ўйинларини кузатиб бораман.
- Сиз учун энг қадрли мусобақа ва жанг қайси?
- Ҳар бир спортчининг ҳаётида ўчмас из қолдирган мусобақа бўлади. Мен учун 2014 йилги Осиё ўйинлари ана шундай мусобақа ҳисобланади. Бу катта боксдаги улкан синов майдони бўлган. Ўша таркибда энг ёши мен эдим. Мухлису мутахассисларнинг аксарияти натижа кўрсатишимга ишонмаган. Тажриба тўплашим учун олингандим. Ўзим бу мен учун катта имконият эканини чуқур ҳис қилардим.
Осиё ўйинлари финалида мағлуб бўлдим ва кумуш медаль билан кифояландим. Лекин ўша мусобақада менга умид қилса бўлишини исботлай олдим. Агар ўшанда ўзимни кўрсатолмаганимда терма жамоа таркибидан тушиб қолишим мумкин эди ва ҳозирги мавқеимга кўтарилмасдим.
- Жаҳон боксида энг ноқулай рақиб ким?
- Қозоғистонлик Олимпиада чемпиони Данияр Елеуссиновга икки маротаба имкониятни бой берганман. Осиё ўйинлари финалида ҳам айнан унга ютқазганман. Тўқнаш келганимизда мен энди катта боксга ўтган тажрибасиз боксчи эдим. У эса мендан ёши катта ва жаҳон майдонларида қатор ютуқларга эришган чарм қўлқоп устаси эди. Мен айнан кучга тўлган пайтда эса у боксчилик фаолиятини якунлади. Эшитишимча, Данияр яна рингга қайтмоқчи экан. Агар энди жанг қилсак натижа бошқача бўлади.
Ўзбекистонда Маҳмуд Ғоипов ноқулай рақиб. Уни финалда ютган бўлсам-да, зарбаси кучли ва техникаси яхши экани учун менгау билан жанг қилиш қийинчилик туғдиради. Машғулот жараёнида вазни мендан оғир бўлса-да, Бектемир Мелиқўзиев билан спарринг жангини ўтказамиз. Бектемир умуман ноқулай боксчи. Бундан ташқари, зарбаси жуда кучли, қаттиқ уради.
- Жаҳонда қайси боксчиларни зўр, деб биласиз?
- Менга кўп боксчиларнинг жанг услуби ёқади. Кейинги пайтда Геннадий Головкиннинг жангларини кўп кузатяпман. Икки карра Олимпия чемпиони Василий Ломаченко ва ўз услубига эга Рой Жонснинг жангларини ҳам томоша қиламан.
- Бугунги кунда идеал боксчи ким?
- Ҳасанбой Дўсматов. Ҳасанбойнинг ўз бокс усули бор ва бошқаларникига қараганда мукаммал ҳисобланади. Натижалар ҳам шундан далолат бермоқда. Ҳасанбой рингда ортиқча ва бекорчи ҳаракат қилмайди. Зарбалари аниқ ва жойида. Ҳимояси мустаҳкам. Бир сўз билан айтган жамоадошимиз ҳар жиҳатдан мукаммал боксчи.
- Илгари 69 килограммда рингга чиқардингиз. Нега вазн тоифасини ўзгартирдингиз?
- Бу табиий жараён. Кучга тўлганим сари вазним ҳам кўтариляпти. Айни пайтда 75 килограмм вазн тоифаси мен учун оптимал вариант. Ўзим ҳам бу вазнга мослашиб олдим. Ўртада бир 69 килограммга қайтдим. Лекин бу ўзини оқламади. Жаҳонда 75 килограмм вазн тоифаси ўзбекларники, деб ҳазиллашишади. Бу вазнда чемпионларимиз кўп бўлган.
Бу ўрта вазн ҳисобланади ва унда тезкорлик ҳам, зарбалар кучи ҳам бор. Бу вазн вакиллари орасида Маҳмуд Ғоиповнинг зарбаси жуда кучли. Ҳозирги боксчиларимиз орасида энг кучли зарба соҳиби эса Баҳодир Жалолов. Бектемир Мелиқўзиевда ҳам яхшигина зарба бор.
- Исроил, “Uzbek Tigers” таркибида амалдаги чемпион жамоа - “Cuba Domadores” вакили, Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпиони Арлен Лопесга қарши рингга чиқдингиз. Номдор рақибга қарши жанг олдидан қўрқув бўлдими?
- Ҳар бир жанг олдидан ютқазиб қўйишдан қўрқаман. Агар шу қўрқув бўлмаса, жангга пухта тайёрланиб бўлмайди. Ҳозирги даражамга машаққатли меҳнатлар эвазига кўтарилганман. Шу мавқеимни ушлаб қолишим керак. Боксда чемпионликка эришишдан уни сақлаб қолиш қийинроқ. Бу одамга босим ўтказади. Қачонки ўзимни психологик томондан жангга тўғри тайёрлай олсам, босим ўз ўзидан босилади.
Агар шу босимни енголмаса боксчи рингда ўз салоҳиятини кўрсата олмайди. Самарқандда бўлган жангда Арлен Лопес чемпионлик мавқеини сақлаб қолиш илинжида ана шу босимни енголмади, деб ўйлайман. У ўта кучли боксчи бўлганига қарамай, ютқазмаслигим керак, деган босим остида ҳаракат қилди. Менинг йўқотадиган нарсам йўқ эди. Табиийки, эркин ва хотиржам жанг қилдим. Жангга тайёрлаган режаларим иш берди.
- Ғалаба сирини очасизми?
- Буни сир деб бўлмайди. Арлен Лопес мени ҳайратга солмоқчи бўлди. Одатда, у менгача бўлган барча жангларда боксчилар тили билан айтганда, чапақай “стойка”да ишлаган эди. Менга қарши ўнг қўлда жанг қилди. Мен кубалик боксчининг икки қўлда ҳам кучли жанг олиб боришини билардим.
Ўзим ўнақай боксчиман. Лекин чапақай “стойка”да ҳам жанг қилиш қўлимдан келарди. Самарқанддаги жангда шу усулни қўлладим. Тўғриси, айнан чапақайларга хос жанг қилганим Арлен Лопес учун кутилмаган ҳол бўлди. У бунга тайёр бўлмагани учун устунлик мен томонга кўчди.
Қолаверса, жаҳон чемпионати олдидан 75 килограмм вазн тоифасидаги энг кучли боксчи билан рингга чиққаним ўзим учун ҳар томонла фойдали бўлди. Мен энди амалдаги жаҳон чемпионининг рингда нималарга қодирлигини ўз тажрибамдан билиб олдим. Уни енгиб, руҳий устунликка ҳам эришдим.
- Профессионал боксга муносабатингиз қандай?
- Ижобий. Ҳозир “Ўзбек йўлбарслари” таркибида беш раундлик жангларда қатнашяпмиз. Шахсан менга бу формат маъқул келди. Келажакда профессионал боксга ўтмоқчи бўлсам, кўп раундлик жангларга тайёр бўламан.
- Демак, профессионал боксга ўтиш нияти бор?
- Бу узоқ келажакнинг режаси. Ҳозир бор эътиборим ҳаваскорлар боксида ўзим кўзлаган марраларни забт этишга қаратилган. Ҳозир улардан фақат биттасини уддаладим - Тошкентда ўтказилган қитъа чемпионатида Осиё чемпиони бўлдим. Олдинда жаҳон чемпионати бор, кейин Осиё ва Олимпия ўйинларида ҳам шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилишни истайман. Ана ундан кейин Ўзбекистон терма жамоасидаги ўрнимни ортимиздан етишиб келаётган истеъдод эгаларига бўшатиб бераман.
- Профессионал боксга ўтган ҳамюртларимизнинг фаолиятини кузатиб борасизми?
- Албатта. Уларнинг аксарияти билан турли ёшдаги терма жамоалар ҳамкорлигидаги машғулотларда шуғулланганмиз. Кейинги фаолиятларига ҳам бефарқ эмасман. Санжар Раҳмонов, Шоҳжаҳон Эргашев, Қудратилло Абдуқаҳҳоров, Фазлиддин Ғоибназаровларнинг имкониятларини юқори баҳолайман.
- Олдинда жаҳон чемпионати бор. Германия рингларидаги асосий рақибларингиз кимлар?
- Одатда, анъанавий тарзда юқори ўринлар учун курашадиган Куба, Россия, Қозоғистон боксчилари чемпионлик йўлида ўзига хос тўсиқ бўлади. Энди улар қаторига Ҳиндистон ва Мексика вакиллари ҳам қўшилди. 75 килограмм вазнда кучли боксчилар кўп. Кутилмаганда зўр жанг намойиш қиладиган боксчилар ҳам чиқиб қолади. Шундай бўлса-да, мен ҳам ўз олдимдаги вазифаларимни шараф билан уддалашга, мухлислар ва устозларим ишончини оқлашга ҳаракат қиламан.
Исроил самимий суҳбат учун раҳмат. Жаҳон чемпионатида ғалаба тилаймиз!
SPORTS.uz
Фикрлар