Истомин янги сенсацияга қодирми?

7 май,2017, 23:09 826

Истомин янги сенсацияга қодирми?

 

Мадридда дунёнинг энг кучли теннисчилари иштирокида ўтказилаётган мукофот жамғармаси олти миллион АҚШ долларига яқин бўлган "Mutua Madrid Open - 2017" халқаро турнирининг саралаш ўйинлари якунланди.

Ушбу мусобақадаги иштирокини саралаш турниридан бошлаган мамлакатимизнинг биринчи рақамли теннисчиси Денис Истомин асосий тўрга йўлланма олди.

Ўзбекистонлик теннисчи ҳал қилувчи беллашувда АҚШ вакили Жаред Доналдсон билан куч синашди ва кизғин ўтган баҳсни 7:6, 6:4 ҳисобида ўз фойдасига ҳал қилди.

Мадриддан Тошкентга хушхабар келди

Денис Истомин энди асосий тўрда қатнашади. Бош соврин учун курашда ҳамюртимиз илк ўйинини чехиялик Томаш Бердихга қарши ўтказади.

Бунгача ҳар икки теннисчи беш маротаба ўзаро куч синашган ва барчасида европалик теннисчининг қўли баланд келган.

Лекин Денис Истомин жорий мавсумда ўзидан кучли теннисчиларни мағлубиятга учратиб, қатор сенсацияларга сабаб бўлди. Ўзбекистонлик теннис мухлислари Денисдан яна бир салмоқли ғалабани кутиб қолади.

SPORTS.uz