Ихтиёр Каримов: Ҳужумчилар сусткашликка йўл қўйишаяпти

 

Олий Лига 13-туридан ўрин олган “Шўртан” – “Насаф” (1:2) учрашуви ниҳоясида мезбонлар устози Ихтиёр Каримов ҳам ўйин ҳақидаги фикрларини айтиб ўтди.

“Бугун ҳужумкор ўйин намойиш этдик. Мақсадимиз “Насаф”ни мағлуб этиш эди. Аммо рақибимиз ҳужумларида бизни хато қилишга мажбур қилди ва улар бу имкониятдан тўғри фойдаланишди. Футболчиларимизга озгина эътирозим бор, улар ҳужумларда сусткашликка йўл қўйишаяпти. Бунинг устида ишлаймиз, албатта.

Биз биринчи бўлимда яхши ҳимояландик. Аммо иккинчи бўлимда ҳужумларга эътибор қаратдик, чунки биз ўз уйимизда ўйнадик. Бизга ғалаба зарур эди. Албатта тўлиқ ҳимояланиб, ғалаба қозониб бўлмайди. Аммо яна такрор айтаман, йўл қўйган хатоларимиз бизга панд берди.

Биз умуман ёмон ўйин намойиш этмаяпмиз. Аммо клубимизга нисбатан қўлланилган жазо, ўйинчиларимизнинг руҳига салбий таъсир қилган. Уларнинг бу руҳий ҳолатдан чиқариб олишимиз керак. Бизга нисбатан қабул қилинган қарор, ижобий ҳал бўлишидан умидимиз бор. Бунга уларни ишонтиришимиз керак.

Кейинги ўйинларимизда муваффақиятсизликларимизга ҳам асосий сабаб бўлаяпти. Мен шахсан йигитларимизга ишонаман. Ўйлайманки, вазиятларни ўнглаб, ғузорлик мухлисларни ижобий натижаларимиз билан хурсанд қиламиз”, – деди Ихтиёр Каримов.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!