ЖЧ саралашидаги рақиб – Хитой термаси Филиппин устидан йирик ғалабага эришди

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ЖЧ–2018 турнирига саралаш босқичи “А” гуруҳидаги рақиби – Хитой терма жамоаси бугун, 7 июнь куни Филиппинга қарши ўртоқлик ўйинида майдонга тушди.

Голларга бой кечган беллашувда хитойликлар 8:1 ҳисобидаги йирик ғалабага эришишди. Аввалроқ саралаш босқичи “А” гуруҳи иштирокчиларидан Сурия терма жамоаси Япония билан (1:1), Қатар футболчилари КХДР билан (2:2) дуранг ўйнагани, Эрон термаси эса Черногорияни 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратганиҳақида хабар берилганди.

Ўз навбатида Ўзбекистон терма жамоаси Тошкентда Таиланд футболчилари билан ўртоқлик ўйини ўтказиб, 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Юқоридаги барча ўйинлар ЖЧ–2018 “А” гуруҳи 8-турига тайёргарлик вазифасини ўтади.

Маълумот учун, Ўзбекистон терма жамоаси саралаш босқичи 9-турида сафарда Хитой меҳмони бўлади. Мазкур ўйин 31 август кунига белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, ЖЧ–2018 саралаш босқичи “А” гуруҳи 7-туридан кейин Эрон 17 очко билан пешқадамлик қилаётган бўлса, 13 очко жамғарган Жанубий Корея иккинчи поғонада бормоқда. Ўзбекистон терма жамоаси 12 очко билан учинчи ўринни банд қилган. 4–6 ўринларни мос равишда Сурия (8 очко), Хитой (5 очко) ва Қатар (4 очко) термалари эгаллаган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!