ЖЧ саралашидаги рақиб – Хитой термаси Филиппин билан ўйнайди

 

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ЖЧ–2018 турнирига саралаш босқичи “А” гуруҳидаги рақиби – Хитой термаси Сурияга қарши 8-тур ўйини олдидан Филиппин терма жамоасига қарши ўртоқлик ўйинида майдонга тушади. Бу ҳақда ЎФФ матбуот хизмати маълум қилди. 

Ушбу ўйин 7 июнь куни Гуанжоу шаҳрида бўлиб ўтади. Хитойликлар 6 кундан кейин, яъни, 13 июнь санасида сафарда Сурия билан куч синашади.

Олдинроқ Ўзбекистон термасининг гуруҳдаги бошқа рақиби – Эрон терма жамоаси 4 июнь куни Черногория билан ўртоқлик беллашувида майдонга тушиши ҳақида хабар берилганди.

Эслатиб ўтамиз, ЖЧ–2018 саралаши “А” гуруҳи 7-туридан кейин Эрон 17 очко билан пешқадамлик қилмоқда. Жанубий Корея 13 очко билан иккинчи, Ўзбекистон 12 очко билан ҳозирча 3-поғонада бормоқда. 4–6 ўринларни мос равишда Сурия (8 очко), Хитой (5 очко) ва Қатар (4 очко) термалари эгаллаган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!