Жафар Ирисметов: Олий Лигада кутилмаган сюрпризлар бўлмайди

Ўзбек футболининг энг яхши намояндаларидан бири, Ўзбекистон терма жамоаси ҳужумчиси Жафар Ирисметов чемпионатнинг кучли учлигида кимлар бўлиши мумкинлигини башорат қилди.

- Ушбу чемпионатда кутилмаган сюрпризлар бўлмайди. Биринчи учликни "Локомотив", "Пахтакор" ва "Насаф" эгаллайди. Мен чемпионлик мақомига энг лойиқ деб "темирйўлчилар"ни эътироф этган бўлардим. "Локомотив" ўз таркибида мамлакатнинг энг яхши футболчиларини жамлаган. Кейинги пайтларда жамоанинг аҳволи ҳар томонлама яхшиланиб бормоқда.

- Ҳозирда "Пахтакор"нинг ўйини ҳайратланарли даражада бўлмасада, улар ўзаро муносабатларини мўътадиллаштириш ва ўйин сифатини яхшилаш имкониятига эга. Клуб раҳбариятининг янгиланганлиги ҳам жамоага ижобий таъсир кўрсатиши керак. "Шерлар" таркибида тажрибали футболчилар бор ва улар ўйин йўналишини ижобий томонга бура олишади. Агар биринчи турдан сўнг таркибни мустаҳкамлай олишса, иккинчи ўринга даъвогарлик қилишлари мумкин.

- "Насаф"га келадиган бўлсак, улар бемалол кумуш учун ҳам, олтин учун ҳам кураша олишади. Қизиқарли жиҳати шундаки, ҳар йили уларга учинчи поғонадан юқорироқ ўринларни забт этиш учун озгина очко етишмайди холос. Менимча, бунга сабаб, жамоанинг ўйинларида мувозанатнинг йўқлиги. Улар ғалаба қозонишлари шарт бўлган бир пайтда имкониятни қўлдан бой бориб қўйишади, -дея фикрини якунлади ҳужумчи.

Виктор Ерёмин-Хохлюк, Sports.uz учун махсус!
Рус тилидан Саодат Абдураҳмонова таржимаси.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!