Жаҳон чемпиони Адҳамжон Эргашев Осиёда ҳам барчадан устун эканлигини исботлади

12 ноябрь,2016, 19:05 1127

Жаҳон чемпиони Адҳамжон Эргашев Осиёда ҳам барчадан устун эканлигини исботлади

Япония пойтахти Токио шаҳрида оғир атлетика бўйича ёшлар ва ўсмирлар ўртасида Осиё чемпионати ўтказилмоқда.

Ушбу мусобақанинг эркаклар ўртасидаги -62 килограмм вазн тоифасидаги беллашувда иштирок этган спортчимиз Адҳамжон Эргашев ҳар иккала ёш тоифасида  барча йўналишларда 6 та олтин медални қўлга киритди.

17 ёшли ҳамюртимиз даст кўтаришда 121 килограмм тошни ўзига бўйсундирган бўлса, силтаб кўтариш машқида 151 килограммни забт этди. 

Иқтидорли ҳамюртимиз ёшлар ўртасидаги баҳсларда Ироқ ва покистонлик рақибларини ортда қолдирган бўлса, ўсмирлар ўртасида Хитой ва таиландлик тенгдошларидан устун келди.   

Қайд этиш жоиз, ҳамюртимиз 19-25 октябрь кунлари Малайзиянинг Пенанг шаҳрида ўтказилган ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида ҳам рақибларидан устунлиги исботлаган эди.