Жаҳон тенниси юлдузлари Мария Шараповага қаршими?

7 март,2017, 19:00 668

Жаҳон тенниси юлдузлари Мария Шараповага қаршими?

 

Допинг можароси туфайли дисквалификация муддатини ўтаётган Мария Шарапова 26 апрель куни яна катта теннисга қайтади.

Айни пайтда қатор турнирлар ташкилотчилари машҳур теннисчини ўз мусобақаларида кўриш учун унга махсус рухсатнома – wild card тақдим этмоқда. Айни пайтда россиялик теннисчи Штутгарт, Мадрид ва Римдаги турнирларнинг асосий тўрига таклифнома олган.

Яқинда “Катта дубулға” туркумига кирувчи “Ролан Гаррос” – Франция очиқ чемпионати ташкилотчилари Мария Шараповага турнирнинг асосий тўрида қатнашиш ҳуқуқини тақдим этишни ўйлаётгани ҳақида хабар тарқатилган эди.

Бу жаҳон тенниси юлдузларида норозиликни келтириб чиқармоқда. Хусусан, машҳур америкалик теннисчи Энди Роддик бу борада қуйидагича фикр билдирди.

- Оддий турнирларнинг ташкилотчилари Мария Шараповага махсус рухсатнома бериши бу уларнинг иши, - деди Энди Роддик. – Лекин “Катта дубулға” турнирлари ҳақида гап кетганда бу масалани пухта ўйлаб кўриш керак. “Ролан Гаррос” ҳам барчанинг эътиборидаги мусобақа. Албатта, кимга wild card бериш бу ташкилотчиларнинг иши. Фақат бунинг масъулиятини тўлиқ ҳис қилиш талаб этилади.

Ўз навбатида австралиялик теннисчи Ник Кирьос эса қоидабузарларнинг қўллаб-қувватланишига умуман қаршилигини билдирди.

- Мен спортда допинг қабул қилишга умуман қаршиман, - деди Ник Кирьос. – Қоида бузганларни рағбатлантиришнинг ним кераги бор, тўғрисини буни тушунмайман.

Бундан аввалроқ, жаҳон рейтинги етакчиси Энди Маррей ҳам Мария Шараповага махсус таклифномалар беришни кераги йўқлигини, россиялик теннисчи ўз кучли билан аввалги мавқеига қайтиши кераклигини таъкидлаган эди.

SPORTS.uz

Ижтимоий тармоқлар

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг!

.