Жамоа таркибини 80 фоизга аниқлаган “Олмалиқ” Анталияда 4 та ўртоқлик ўйини ўтказади

 

“Навбаҳор” жамоасига қарши ўтган назорат ўйинидан сўнг “Олмалиқ” бош мураббийи Виктор Кумиков билан клуб матбуот хизмати кичик суҳбат уюштирди.

Виктор Балютович режалаштирилганидек икки ўқув-машғулот йиғини бўлиб ўтди. Йиғин давомида 4та ўртоқлиқ учрашуви ўтказилди. 3 мағлубият ва бир ғалаба қайд этилди. Ўтказилган йиғинлар бўйича хулосангиз.

- Барчага маълумки, бу йил “Олмалиқ”" жамоаси таркиби тубдан ўзгарди. Бу йиғинлар давомида асосий эътиборни футболчилар ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлишга қаратдик. Ўртоқлик ўйинларида биз натижани биринчи ўринга қўймадик. Бу учрашувлар юқорида таъкидлаганимдек, жамоага чақирилган футболчиларни яхшироқ ўрганиш учун ўтказилди. Шу орқали жамоа асосий таркибини шакллантириб борамиз. Навбатдаги ўқув-машғулот йиғинларимиз Анталияда бўлиб ўтади. У ерда ҳам бир қатор ўртоқлик ўйинлари ўтказамиз ва яна 4-5 нафар футболчи кўрикдан ўтказилади.

Жамоага таклиф этилган мураббийлар штаби ҳақида сўрамоқчиман. Бу таркибга яна қўшимча бўлмайдими?

- Биз дастлабки ишни мураббий штабини ташкил этишдан бошладик. Асосий таркиб билан мана шу 5 нафар мураббий ва ҳозир иш юритаётган бошқа ёрдамчилар бўлади. Бошқа ўзгариш режада йўқ.

Жамоанинг кейинги машғулотлари Анталияда ўтказилиши ҳақида гап очдингиз. Таркиб борасида фикрингиз. Жамоага келиб қўшилган легионерлар сизга маъқулми?

- Режага кўра Анталияда иккита йиғин ташкиллаштирилади. Биринчисида асосий эътиборни таркибни аниқлаб олишга қаратамиз. Иккинчисида эса тўлиқ таркиб билан янги мавсумга тайёргарлик олиб борамиз. Ҳозирда 80 фоизга таркибни аниқлаб олдик. Легионерлар борасида ҳозирча белоруссиялик Владислав Касминин билан шартнома туздик. Туркманистонлик футболчи энди келиб қўшилди. Уни ва яна бир қатор легионерларни Анталияда кўрикдан ўтказамиз.

Анталияда нечта ўртоқлик ўйини ўтказиш режалаштирилган?

- Умумий ҳисобда 4та ўйин ўтказишни режалаштирганмиз. Дастлаб Швейцариянинг “Вил 1900”" жамоаси билан куч синашамиз. Кейин Россиянинг “Сибирь”" (Новосибирск) ва Украинанинг “Карпати” (Львов) жамоалари спарринг рақиб вазифасини ўташади. Яна бир ўйин иккинчи таркиб билан ўтказилади. Бу баҳсда бизга “Карпати”нинг иккинчи таркиби ёки бошқа бирор жамоа рақиб бўлиши мумкин.

Жамоа қачон Олмалиққа ташриф буюради?

- Туркиядан қайтгач, биринчи турга қадар жамоа яна Тошкентда яшаб туради. Мавсум бошлангунга қадар жамоа раҳбарияти билан Олмалиқ шаҳрида учрашув ташкил этишни режалаштирганмиз. Учрашув давомида раҳбарият томонидан жамоа олдига қўйиладиган вазифаларга аниқлик киритиш, жамоа таркибини таништирувини ўтказиш кўзда тутилган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!