Жасур Азимов: “Динамо” тўғри тактика сабаб “Нефтчи”ни ютди

15 июнь,2017, 13:02 233

Жасур Азимов: “Динамо” тўғри тактика сабаб “Нефтчи”ни ютди

 

Олий Лига 13-туридан ўрин олган «Нефтчи» – «Динамо» (2:3) учрашувида Самарқанд жамоасининг Фарғонадан ғалаба билан қайтишига Жасур Азимовнинг ҳам ҳиссаси катта бўлди. Дастлабки гол муаллифи ўйиндан кейин фикрлари билан ўртоқлашди, деб маълум қилади самарқандликлар матбуот хизмати.  

– Фарғонада ҳеч қайси жамоага осон бўлмаслигини олдиндан билардик. Айниқса, айнан «Динамо» билан ўйиндан олдин «Нефтчи»да Вадим Абрамовнинг бош мураббийга айланиши ўйинга янада яхшироқ тайёргарлик кўришимиз кераклигини билдирарди. Шу боис мураббийларимиз 9 июнь куни Самарқандда ўтган «Сўғдиёна» билан баҳсда айнан «Нефтчи»га қарши жиддий тайёрлашди. Шу куни қарши ҳужум тактикасини синовдан ўтказишганди. Айнан ушбу тайёргарлик эвазига Фарғонада қарши ҳужум тактикасида яхши ўйин кўрсатиб, ғалабага эришдик.

– «Динамо» ғалабасини таъминлаган асосий жиҳат нима бўлди?

– Ўйлайманки, мураббийларимиз Абрамов жамоасига қарши тўғри тактика танлашгани ютуғимизни таъминлади. «Нефтчи»ни ўйин давомида тўпга эгалик қилиб, «Барселона» услубида, кичик паслар орқали ўйин кўрсатишини билардик. Шу боис, учрашув бошидан уларга ўйин бермасликка ҳаракат қилиб, кучли прессинг ва қарши ҳужумда тўп сурдик. Ўйин бошида гол урганимдан кейин, «Нефтчи» ҳужумкорликни янада оширди. Натижада қарши ҳужумлардан фойдаланиш имконияти вужудга келиб, Фарғонадан ғалаба билан қайтдик. Ғалабасиз сериямизга барҳам берганимиздан жуда хурсандмиз. Аммо, айтишим керакки, «Нефтчи» тўпга эгалик қилиб, катта босим ўтказди. Олдинда бизни «Локомотив» билан баҳс кутиб турибди. Ушбу ўйинда ҳам мухлисларимиз ишончини оқлаш учун ҳаракат қиламиз.