Жавлон Гусейнов: Франция терма жамоаси вакили билан ёнма-ён тўп сурдим

1 август,2017, 00:02 1558

Жавлон Гусейнов: Франция терма жамоаси вакили билан ёнма-ён тўп сурдим

“Нефтчи”, “Андижон” ва Таиланднинг “Чаинат Хорнбилл” клубларидаги ўйинлари билан мухлислар эътиборига тушган Жавлон Гусейнов SPORTS.uz интернет ахборот порталида меҳмон бўлди ва сайтимиз учун эксклюзив интервью берди.

- Жавлон,  футболга қандай кириб келгансиз?

- Ҳамма ёш болалар сингари биз ҳам болалигимиздан тўп тепиб, катта бўлганмиз. Дадам футболга қизиқар эдилар ва 8-9 ёшимдан мени Чиғатойдаги футбол мактабига берганлар. Марат Кабаев бизга у ерда машғулот ўтказган ва мана секин-асталик билан ўсишга эришиб келмоқдаман.

- Олий лигадаги дебют ўйинингизни эслай оласизми?

- Аниқ эслайман. “Нефтчи” сафида “Металлург”га қарши бўлган.

- Қандай хис-туйғу, кечинмалар бўлган?

- Хис-ҳаяжон бўлмаган. Футболни кимдир эрта, кимдир кеч бошлайди. Менинг фаолиятим ҳам кеч бошланган ва 20 ёшда дебют қилганман. Қолаверса, ўшанда 4:1 ҳисобида ғалаба қозонаётган эдик ва Юрий Вазгенович Саркисян  учрашув тугашига 5 дақиқа қолганида заҳирадан майдонга туширган эди.

- Ўтган мавсум “Андижон” билан қуйи лигага тушиб кетган эдингиз. Таиландга қандай бориб қолдингиз?

- Ўзи 2015 йилги мавсум тугаганида айнан шу жамоадан таклиф бўлган эди. Билмадим, қандайдир сабабларга кўра, ўхшамай қолган эди. “Андижон” билан қуйи лигага тушган мавсум тугашига икки тур қолганида, яна “Чаинат Хорнбилл” таклиф билан чиқди. Ўзи легионер бўлиб ўйнаш ниятим бор эди. Худога шукр, ушбу ниятим амалга ошди. Энди кучли футболчи бўлишга янада ҳаракат қиламан. Чунки, у ердаги шароитлар ва бошқаларни кўриб, яна ўйнагингиз келаверади.

 

- Бизнинг чемпионат билан нимаси фарқли? Мухлислар, база…

-  Ҳар томонлама. Ташкилий ишлар, жамоа инфратузилмаси. Масалан, мен биринчи лигада ўйнадим. Лекин биринчи лига бўлсада, ўзимни ҳақиқий футболчидек хис эта олдим. Учрашув тугайди, мухлислар сизнинг исмингиз туширилган либосларни кўтариб туришади. Расмга тушиш, дастхат қўйиб беришни илтимос қилишади. Стадиондаги атмосфера Европаникидан кам эмас. Улар футбол билан яшашади. Мухлислар футболни севишади.

Стадионларга келадиган бўлсак, майдон ҳолати, чим аъло даржада. Лекин стадион атроф-муҳитига у қадар қаралмас экан. Бизда мавсум олдидан стадионда қурилиш ишлари олиб борилади. Биздаги ечиниш-кийиниш хоналари жуда ҳам яхши. Фақатгина Таиланд грандлари “Муангтон Юнайтед” ва “Бурирам Юнайтед” жамоаларининг стадионлари бизники сингари бўлмасада, анча яхши ҳолатда. Аммо яна бир бор таъкидлаб ўтаман, майдон ҳолати жуда яхши.

- “Чаинат Хорнбилл”нинг стадион сиғими қанча ва ўйинларга қанча мухлис келар эди?

- Бизда 16 минг мухлисга мўлжалланган стадион бор эди. Ўртача 3-4 минг мухлис ўйинларга ташриф буюради. Маҳаллий футболчиларнинг айтишича, жамоа олий дивизионда ўйнаган маҳал, стадион тўлган экан.

- Агентингиз борми?

- Агентим йўқ. Малайзиялик ҳамкорим бор. Ўша инсон видеоролигингни жўнат деган эди. 2015 йил “Чаинат” варианти пайдо бўлган эди. У вақтда жамоа Таиланд олий дивизионида ўйнар эди. Нимадир бўлди-ю ўша йили келишув бўлмади. Бироқ орадан бир йил ўтиб, легионер деган номга эришдим ва ўша ҳамкоримга ҳам раҳмат айтаман. Бу нарса ҳам менинг кейинги фаолиятим учун яхши бўлади. Чунки, ҳориж жамоаларининг илгари ҳам бошқа чемпионатда ўйнаган футболчига қизиқиши юқори бўлади.

Ўзбекистонга қайтишимдан олдин, Таиланддаги бир нечта жамоалардан ҳам таклиф бўлди. Таиланд биринчи дивизионида 13(“Бангкок”) ва 15-ўринларда кетаётган клублардан қизиқиш бўлди. “Чаинат”га нисбатан молиявий томондан бироз паст  таклиф эди. Қолаверса, жамоаларнинг даражаси ҳам мен истагандек эмас. Олий лига клубларидан таклиф бўлгани боис, уларга рад жавобини бердим.

- “Чаинат Хорнбилл” қайси шаҳар шарафини ҳимоя қилади?

- Шаҳримиз кичкина эди. Провинция дейилар экан. Бизда буни туман дейишимиз мумкин. Бизнинг жамоамиз ҳусусий эди. Ўзи умуман Таиланддаги 90 фоиз клуб ҳусусий экан ва шу боис жамоалар молиявий томондан барқарор. Жамоанинг ҳомийси ва эгаси шакар заводи саналади. Шаҳар кичкинагина, пойтахт Бангкокдан 170-180 км узоқликда эди ва 1-2 кун дам олиш бўлиб қолса, Бангкокка бориб, маданий хордиқ чиқариб қайтар эдик. Шаҳарда футболдан бошқа қиладиган ишимиз йўқ эди.

- Таиланддан кетишингизга нима сабаб бўлди?

-  Тўғрисини айтсам, у ерда ҳам биздаги сингари раҳбарият ёки айтайлик мураббий ўзгарса, кўп нарсани ўзгартиришар экан. Администрациядан тортиб, футболчиларгача… Клуб директори ўзгарди. Лекин, 10 та ўйинда кетма-кет ғалаба қозонган бўлсакда, директор алмашгач, мураббий ҳам алмашди. Кейин раҳбарият легионерларни алмаштириш керак деган фикрга келишди. Ўзи у ерда 5 та легионерга рухсат бор. “4+1” яъни 4 легионер майдонда, бири заҳирада ўтиради. Ўйинингизга қараб, олиб қоламиз дейишди. “Чаинат” мен боргандан сўнг, чемпионатда 16 ўйинда иштирок этди ва мен 13 та баҳсда майдонга тушиб, бир бор қизил карточка  олдим. Балки, шу ҳам кетишимга таъсир этгандир. Клуб мендан бошқа яна бир легионер билан хайрлашди. У ердагилар билан дўстона хайрлашдик. Мураббийларнинг ўзгариши кетишимга сабаб бўлди.

- “Чаинат”ни немис мураббийи бошқарар экан. Ўша немис мутахассиси ва бизнинг мураббийлар орасида қандай фарқ бор? Улардан бирор нарса ўргандингизми?

-  Биринчи навбатда менталитетда фарқ бўлса керак деб ўйлайман. Бизда ўйин, машғулотларга жиддий қаралади. У ерда хазиллар билан, ечиниш хоналарида ҳам мусиқалар қўйилиб, юқори кайфиятда ўтади.

Мураббийлар ҳақида айтадиган бўлсам, машғулот жараёни бир хил эди деярли. Фақат бир икки ҳаракатлар ва шу юқорида айтганимдек, менталитетда фарқ бор эди. Шунингдек, ҳар бир инсонни ўзининг характери бўлади. Шунга ҳам кўп нарса боғлиқдир.

- “4+1” лимит бор дедингиз. Адашмасам, жамоада уругвайлик футболчи бор эди. Яна “Ливерпуль”да ўйнаган Флоран Синама-Понголь бор эди...

-  Мен тез чиқишиб кетаман. Ота-онам мени инглиз тили курсларига беришган эди. Шу боис,жамоадагилар билан анча тез чиқишиб кетдим. Айниқса, Синама-Понголь билан. У билан жуда яқин бўлиб кетдим. Хайрлашаётганимизда ҳам у мен ҳақимда илиқ фикрларни айтиб ўтди. Лекин  ҳақиқатдан юлдуз экан. Бошида машғулотлар пайтида унинг юлдузлиги билинмаётган эди. Бироқ расмий ўйинларда мухлислар уни қандай қабул қилиши, унга муносабати, ўша “Ливерпуль”даги либосини кийиб, дастхат сўрашар эди. Кўпроқ, ўша 5 та легионер бирга юрар эдик. Мен инглиз тилини у қадар яхши билмайман десам, кореялик футболчи бор эди. У умуман билмас экан инглизчани (кулади).

-  Нечта тилни биласиз?

- 3 та. Ўзбек, рус ва инглиз тилини биламан. Тай тилида фақат бир нечта сўзларни биламан холос.

- Легионерлар маҳаллий футболчилардан бир бош устун бўлиши керак. У ердаги легионерларнинг даражаси қандай эди? Уларнинг кучлилиги, ёки айтайлик юлдузлиги майдонда ҳам билинар эдими?

- Тўғриси, билинар эди. Чунки, 3-4 та баҳсда қийналиб қолган вазиятлар бўлди. Мен ҳимоячиман ва биз қийналиб қолган вақтда йўқ жойдан гол уриб кетадиган, голни сезиш қобилияти бор ҳужумчи керак. Яъни ютказаётган ёки ўша дуранг бўлаётган вақтларда Понголь ўзини кўрсатар эди. Бош билан, акробатик тарзда ҳам голлар уриб, жамоамизни қутқариб қолган вазиятар кўп бўлди. Биргина у эмас. Уругвайлик ҳужумчи ҳам бор эди. У ҳам жуда яхши ўйин намойиш этар эди. Қўпол қилиб айтганда, умуман чарчамас эди...

2013 йил “Нефтчи” билан Дубайга йиғинга боргандик. Ўшанда Понголь “Ростов”да ўйнар ва ўртоқлик ўйинида майдонга тушган эди. Шу нарса эсида экан. Бир томондан шу ҳам яқин бўлишимизга сабаб бўлди. Яна у “Ростов”да юрган пайтлари рус аёлига уйланган экан. 

- Таиланднинг олий дивизиони ва бизнинг чемпионат орасида қандай фарқ бор?

- Умумий қилиб айта олмайман. У ерда кўпроқ легионерлар ўйин масаласини ҳал этишади. Ўзига тўқ жамоалар 3-4 нафар бразилиялик футболчиларни таркибга қўшиб олишади ва айнан улар кейинчалик клубга муваффақият келтиради. У ерда ҳам қайси жамоада пул бўлса, ўша клуб чемпионликка интилади.

- “Чаинат”нинг уй ўйинига кириш учун чиптанинг ўртача нархи қанча эди?

- 150 бат эди. Бу ўртача 3 АҚШ доллари дегани. Шунингдек, стадионда ўриндиқларсиз, тик турган ҳолатда ўйинни кўриш учун мўлжалланган жойлар ҳам бор . Уларга чипта 70 бат турар эди. Таиландда футбол, худди санъатнинг бир туридир. Стадионга маданий хордиқ чиқариш учун оилавий ташриф буюришади ва мухлислик маданияти юқори даражада шаклланган.

У ерда ҳар бир клубни ўзини мадҳияси бор. Бизда ўйин тугаганидан сўнг, ҳакамга раҳмат айтиб, чиқиб кетилади. У ерда икки рақиб жамоа бир-бирининг заҳира ўриндиғига бориб, раҳмат айтади. Сўнг, рақиб жамоа мухлислари олдига бориб раҳмат айтилади ва улар масалан “Чаинат” деб бақиришади. Шундан кейин ўз мухлисларимиз қаршисига борганимизда, улар клуб мадҳиясини айтишади.

- Журналистлар ва медиа учун қандай шароитлар мавжуд эди у ерда?

-   Таиландда ҳозирда лигалар Т1, Т2, Т3 деб номланади. Яъни ўз-ўзидан тушунарли бўлса керак Т1 – олий дивизион, Т2 эса биз ўйнайдиган – биринчи дивизион. Уларда хаттоки учинчи дивизиондаги ўйинларни ҳам кўрсатишади. “Чаинат Хорнбилл” ўйнайдиган биринчи лигада эса 18 та жамоа бор ва ҳар турда 9 та ўйин бўлиб ўтса, ҳамма ўйинни телевиденияда олиб беришар эди. 7 таси жонли эфирда бўлса, иккиси ёзиб олинган холда узатилади. Уларнинг аксарияти интернет каналлари. Куни кеча эшитдим, бизнинг олий лига ўйинлари ҳам иккинчи даврадан интернет орқали жонли эфирга узатилар экан.

У ерда журналистика ва медиага яратилган шароитларга хавас қилса арзийди. Фотоаппарат дейсизми, видеокамера ва бошқа керакли жиҳозлар мавжуд. Хаттоки биринчи лига жамоаларида дронлар  ҳам бор. Ўйиндан олдин машғулотларимизни тасвирга  олишар эди.

Биринчи навбатда, у ерда маркетинг яхши ривожланган. Шартнома имзолаётганимда ҳам, футболчини клуб ҳомийсидан реклама ёки медиа хизмати бўйича таклиф қилса, бориши шарт деган банди бор. Агарда бормаса, маълум миқдорда жаримага тортилади. Менинг ўзим жамоанинг ҳомийларидан бири бўлган “Аir Asia” авиакомпаниясининг рекламасида иштирок этдим.

Афсуски, бизнинг жамоаларда маркетинг жуда оқсаган. Балки йўқ ҳам деса бўлади.  Лекин сизларнинг сохангизда у ерда яратилган шароитлар жуда ҳам ажойиб.

- Таиландда асосан яккакурашлар ривожлангани ва маҳаллий аҳоли асосан муайтайга қизиқишини биламиз. Футбол Таиландда нечанчи рақамли спорт тури саналади?

-  Менимча, кучли учликка киради. Биринчи рақамли спорт тури муайтай, кейин футбол. Яна уларда хўроз жангини ҳам телевиденияда жонли эфирда олиб беришади. Бу бежиз эмас албатта. Муайтай билан футболни менимча тенг даражада яхши кўришади.

- «Сўғдиёна»га сизни ким таклиф этди?

-  Даврон ака Файзиевни таклифига биноан “Сўғдиёна”га келдим. У кишини жуда ҳурмат қиламан. Таиланддан келганимни эшитиб, қўнғироқ қилдилар. Олий лигамизда кучли бешликдаги клублардан ҳам таклиф бўлди. Бироқ айрим сабабларга кўра, ўхшамади ва Даврон аканинг таклифларига рози бўлдим. “Сўғдиёна” ҳам хозирда ёмон ҳолатда эмас. Фақат иккинчи даврани бошида кучли жамоалар билан кетма-кет ўйинларимиз бор. “Бунёдкор”, “Локомотив”, “Олмалиқ” ва “Насаф”га қарши ўйинларда яхши натижа қайд эта олсак,қолгани ҳам яхши кетади, деган умиддаман. “Сўғдиёна”ни ўртамиёна жамоа дейишади-ку, лекин жамоа ичидаги мухит аъло даражада экан. Анчагина ёш жамоа ташкил этилган ва машғулотлар ҳам юқори кайфиятда ўтмоқда. Хали ҳаммаси яхши бўлиб кетади деган умиддаман.

- Келинг ўзингиз ўйнаган ўйнаган жамоалар ҳақида гаплашсак.

- Мени кўпчилик “Андижон” ва “Нетфчи”даги ўйинларим орқали яхши билади. Лекин “Олмалиқ”да ҳам ўйнаганман. Кўпроқ ўринбосарлар таркибида ўйнаганман. 2011 йил Игорь Шквирин энди асосий таркибга жалб  этган пайти, 2-турда елкамдан жароҳат олганман. Балки, бу ҳам яхшиликка бўлгандир. Жароҳатимни даволатгунимча, мавсум ҳам тугаб қолди. Сўнг, “Нефтчи” кўригида бўлдим ва мавсум олдидан бўлиб ўтадиган Ҳоким кубогида ўзимни яхши томонлама кўрсата билдим шекилли, Юрий Саркисян жамоада олиб қолишга қарор қилди.

Кейинчалик “НБУ-Осиё”да ўйнадим. Ўша пайтда бир қанча қийинчиликлар бўлди. Шундай фикрлар келардики, футболни тарк этгим келар эди.

- Ёшликдан севиб, меҳр қўйган касбингизни ташлашга мажбур қиладиган қандай қийинчилик бўлиши мумкин?

-  Шароитлар борасида қийинчиликлар бўлар эди. Биринчи Лигада меҳмондаги ўйинларда у ердаги стадионлар, шароитлар... Хоразмга борсак, у ердаги “Марказий” ўйингоҳ таъмирда эди шекилли, Хивага юборишган. У ерга борсак, мактаб стадиони экан. “Шу менга керакми ўзи?” деган саволни кўп берар эдим.

Кейин Эдгар Гесс “Андижон”га таклиф этди. 1-турда Раҳим Қодиров оёғини синдириб олган эди ва ўша мавсумнинг қолган 29 та баҳсида асосий таркибда майдонга тушдим.

 

- Бу йилги  мавсумда Олий лигада сиз учун сюрпризлар бўлдими?

- Сюрпризлар кўп бўлди. “Қўқон-1912” жамоасини айтиб ўтган бўлар эдим. Таркиб жуда яхши футболчилардан ташкил топган. Лекин барибир, тилда ривожланмоқдамиз деганимиз билан, менимча,  футболимиз сўнгги 3 йил ичида жойида турибди. Бу клубларимиздаги инфратузилмага ҳам боғлиқ. Бизнинг футболчиларимиз 23 ёшдан сўнг ўсишдан тўҳтаб қолмоқда. Фикримча, муаммо болалар футболида.

- Таиландда олган маошингиз ва шароитларни бизнинг футболда қандай таққосласа бўлади?

- Олий лигамиздаги жамоаларники билан деярли бир хил.

- Юқорида Таиланддаги бошқа клублардан ҳам таклифлар бўлди, дедингиз. “Сўғдиёна” ва ўша сизга таклиф билан чиққан жамоалар орасида қандай фарқ бор эди?

-  Маош масаласида бироз таиландликларда кўпроқ эди. Бироқ юқорида айтганимдек, жамоанинг даражаси юқори эмас эди ва ўйинчи сифатида ўсишдан тўҳтаб қолар эдим. Ҳозир кўпчилик мухлислар « Пул учун ўтиб кетди» дейди.   Ижтимоий тармоқларда ҳам шу фикрларни кўп ўқиб қоламан. Агарда, шу пулни ўша мухлисга беришса, у ҳам ўша ерга бориб мухлислик қилар эди. Ишми? Биринчи навбатда доимо “маоши қанча деб?”, – деб сўралади. Бу табиий ҳолатдир.

- Сизнинг позициянгизда, Олий лигада ва термамизда энг кучли футболчилар сифатида кимларни айтасиз?

-  Олий лигада – Шерзод Аъзамов, термада – Анзур Исмоилов.

- Жавлон Гусейновнинг ўзбек футболчиларидан ташкил топган рамзий терма жамоасини тузиб берсангиз.

Дарвоза: Игнатий Нестеров.

Ҳимоячилар: Виталий Денисов, Анзур Исмоилов, Егор Кримец, Шухрат Мухаммадиев

Ярим ҳимоячилар: Одил Ахмедов, Азиз Ҳайдаров, Сардор Рашидов, Элдор Шомуродов.

Ҳужумда: Темурхўжа Абдухолиқов ва Марат Бикмаев.

- Бир қарашда Самвел Бабаяннинг жамоаси билан бир хил кўринишга эга. Мухаммадиевни инобатга олмаса.

- Ха. Асос деярли бир хил. Энди термани муҳокама этадиган даражадаги футболчи эмасман. Бироқ ишонаманки, йигитларимиз албатта ЖЧ йўлланмасини қўлга киритишади.

- Сизнингча, ҳозирги ёшлар орасида Аҳмедов, Денисов даражасига етадиганлари борми?

- Икки йил олдин Акром Комилов деб ўйлардим. Бироқ у нимадир бўлиб, ўсишдан тўҳтаб қолди. Ҳозирда Элдор Шомуродов. “Ростов” уни бежизга ўз сафига қўшиб олмагани аниқ. Қолганларни билмадим. Олий лиганинг барча ўйинлари афсуски телевиденияда ёритилмайди ва танлаш имконияти ҳам кам.

- Фаолиятингизда энг эсда қоларли ўйинни айтиб бера оласизми?

- “Чаинат”да 1:0 ҳисобида мағлуб бўла туриб, 4:1 ҳисобида ғалаба қозонган эдик. Биринчи турда бўлган эди бу воқеа. Понголь иккита голни акробатик усулда киритган эди.

Яна “Чаинат” сафида уйдаги ўйинда 3:1 ҳисобида ютаётган эдик. 3:2, 3:3, 3:4 қилишди ва мен бунга рухий томондан чидай олмадим ва бориб, рақиб ҳужумчисига яхшигина зарба бердим ва қизил карточка олдим. Бу ҳам энг эсда қоладиган ўйинлардан биридир.

- Сиз билан тўп сурган ва сизга қарши ўйнаган энг кучли футболчиларни айтиб бера оласизми?

- Худди шу саволни Понгольга берганимда, у Жерард ва Серхио Агуэро деб айтиб ўтган эди. Олий лигада Бикмаев ва Санжар Шоахмедовларга қарши ўйнаш қийин.

- Жавлон Гусейнов қайси клубга мухлислик қилади ва қайси футболчининг ўйинлари ёқади?

- “Реал”нинг мухлисиман. Футболчилардан Серхио Рамоснинг ўйинлари ёқади.

- Ўйин пайтида сизга нималар ёқмайди?

-  Биринчи навбатда, бир-икки хато қилиб қўйсам жуда ҳам қийналаман ва ўзимни кечиришим қийин бўлади. Балки, рухий томонлама у қадар кучли эмаслигим бунга сабабдир. Иккинчиси, ҳакамнинг бир жамоага симпатияси асабимни бузади баъзида.

- Жаҳон футболида сўнгги вақтларда сизни нима ҳайрон қолдирмоқда?

- Энг ҳайрон қолдираётгани футболчиларнинг трансфер нарҳларидир. Билмадим, шунча пулни қаердан олишмоқда. Шахсий фикримча, жуда ҳам нархлар катта қўйилмоқда. Бу ҳам ажаблантирмоқда. Ҳозир ҳам Неймарнинг 222 млн еврога ПСЖга ўтиши борасида хабарлар тарқалмоқда. Масалан, шундай катта трансферларни амалга оширган Хитой Супер Лигасидаги 10 дан ортиқ жамоалар ҳозирда ўз футболчиларига маошларни тўлай олмаётган экан. Погба 105 млн турадими? Гари Линекер айтганидек, у Месси ёки Роналду эмаски, шунча пул турса. Шу нарса бироз ҳайрон қолдирмоқда.

- Сизга мазмунли суҳбат учун миннатдорчилик билдирамиз ва сизга ҳамда “Сўғдиёна”га омад ва зафарлар тилаб қоламиз.

Бизнинг маълумот

Исми-шарифи: Гусейнов Жавлон Элдор ўғли

1991 йил 24 июнда Тошкент вилояти Оққўрғон туманида таваллуд топган

Ўйнаган жамоалари:

2008-2012 – “Олмалиқ”

2012-2013(биринчи давра) –  “Нефтчи”

2013(иккинчи давра)-2015 – “НБУ-Осиё”

2015-2017 – “Андижон”

2017(биринчи давра) –  “Чаинат Ҳорнбилл”(Таиланд)

2017(иккинчи даврадан) – “Сўғдиёна”

Терма жамоа: 

2010 – Ўзбекистон U-19 терма жамоаси
 

Шаҳзод Холбоев сухбатлашди