Жавоҳир Сидиқов — Таиланддаги халқаро турнирнинг энг яхши ўйинчиси

 

Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Таиланднинг Бурирам шаҳрида бўлиб ўтган халқаро мусобақа муносиб иштирок этиб, якунда бош совринни қўлга киритишга муваффақ бўлди.

Вакилларимиз дастлаб гуруҳда Мьянмага қарши учрашувда 2:2 ҳисобида дуранг қайд этишди. Иккинчи учрашувда эса Вьетнам терма жамоаси 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратилди. Гуруҳда биринчи ўринни қўлга киритган терма жамоамиз аъзолари финалга йўл олишди.

Финалда қитъамизнинг кучли терма жамоаси Японияга қарши баҳс олиб борган Равшан Ҳайдаров шогирдлари икки марта ҳисобда олдинда боришди. Аммо япониялик футболчилар учрашувнинг асосий вақтида мағлубиятдан қутулиб қолишга муваффақ бўлишди.

Пенальтилар сериясида ишончли ҳаракат қилган терма жамоамиз аъзолари барибир энг кучли эканликларини исботлай олишди.

Ушбу мусобақада ажойиб ўйинлари орқали мухлис ва мутахассислар эътиборига тушган терма жамоамиз ярим ҳимоячиси, "Қўқон-1912" жамоаси футболчиси Жавоҳир Сиддиқов мусобақанинг "Энг яхши ўйинчиси" совринига муносиб деб топилди.

"Бу Ўзбекистон терма жамоаси таркибидаги дастлабки шахсий совриним. Терма жамоадаги барча дўстларимга, мураббийларга катта раҳмат айтмоқчиман. Бу ҳали бошланиши. Катта ғалабалар ҳали олдинда", - дейди Жавоҳир Сиддиқов.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!