Жокович Маррейдан тахтини қайтариб ола бошлади

8 январь, 18:37 597

Жокович Маррейдан тахтини қайтариб ола бошлади

 
Қатарнинг Доха шаҳрида ўтказилган халқаро турнирнинг финал учрашуви бутун жаҳондаги теннис мухлислари ва мутахассислар эътиборида бўлди. Бош соврин учун ҳал қилувчи баҳсда замонамизнинг энг кучли икки теннисчиси - Энди Маррей ва Новак Жокович ўзаро беллашди.
 
Ўтган йили дунёнинг энг кучли теннисчиси номини британиялик рақибига бой берган Новак яна бу мавқеини қайтариб олишга бел боғлаган. Маррей эса узоқ вақт давом этган машаққатли меҳнатлари самараси ўлароқ, ўзи эга чиққан теннис тахтини ҳеч кимга бермоқчи эмас.
 
Доҳадаги учрашув шу жиҳати билан ҳам барчани эътиборини тортди. Қарийб уч соат давом этган финалнинг биринчи сетида Новак Жокович бехато ўйнашга ҳаракат қилди ва натижада 6:3 ҳисобида зафар қучди.
 
Энди Маррей иккинчи сетда рақибининг нозик томонини билиб олди. Учрашувнинг кульминацион нуқтаси ҳисоб 3:3 бўлиб турган паллага тўғри келди. Бу вазиятда Новак Жокович ноқулай йиқилди ва оёғида кучли оғриқ пайдо бўлди. Новак дастлабки геймларда қўлидаги қадоғи ёрилиб кетгани учун шифокорлар ёрдамидан фойдаланган эди. Бу гал чидашга қарор қилди. Қўли ва оёғидаги оғриққа қарамасдан, мардонавор ўйин кўрсатса-да, иккинчи сетни 5:7 ҳисобида бой берди.
 
Учинчи сет ҳам кескин ва муросасиз курашлар остида бошланди. Бироқ ғалаба қозонишга шошилган Маррей хатоларга йўл қўйя бошлади. Натижада Жокович ҳал қилувчи партияда 6:4 ҳисобида устун келди.
 
 
Новак йилни ажойиб ғалаба билан бошлади ва жаҳон теннис тожи сари улкан қадам ташлади. Бу соврин Жокович учун фаолитиядаги олтмиш еттинчиси бўлди.
 
Энди Новак Жокович ва Энди Маррей "Катта дубулға" туркумига кирувчи Австралия очиқ чемпионатида иштирок этади.