Кеч келган баҳор ёҳуд Рўзиқул Бердиев ҳақида

 

Рўзиқул Бердиев бугунги кунда юртимизнинг кўзга кўринган мураббийларидан бири. «Насаф»ни узоқ йиллардан буён бошқариб келаётган мутахассис клуб тарихида ўз ўрнига эга бўлиб улгурди. Бироқ ҳозир мураббий Бердиев эмас, футболчи Бердиев ҳақида гаплашмоқчимиз. Зеро, биз уни, энг аввало, моҳир ярим ҳимоячи сифатида таниганмиз. Бироқ орамизда Рўзиқул Бердиевнинг профессионал футболга анча кеч - 22 ёшида кириб келганини билмайдиганлар ҳам топилади. Билганлар эса барча тафсилотлардан хабардор бўлишмаса керак.

НОРАСМИЙ СУҲБАТ

Очиғи, айнан шу масала ўзим учун ҳам доим қизиқарли туюлган. Футболда бахтини кеч топганлар ҳаёти худди эртакка ўхшайди ва эътиборни жалб қилиши турган гап. Масалан, Габриэль Батистута миллионлар ўйинига кириб келгунга қадар балиқчилик қилган. Франк Рибери эса канализация шахтаси қазиб кун кечирган. Футболда бундай мисоллар етарлича топилади. Шу боис ҳам Рўзиқул акага берадиган саволлар етарли эди.

Аммо касбимиз нуқтаи назаридан «Насаф» устози билан асосан расмий матбуот анжуманлари ёки интервьюлар вақтида кўришганмиз туфайли шахсий ҳаёти ҳақида сўрашнинг ҳеч мавриди бўлмаган. Расмий тадбирда «Рўзиқул ака, футболга қандай кириб келгансиз», қабилида савол бериш анча ноўрин туюлиши аниқ. Шу боис сукут сақлаганмиз, вақти келишини кутганмиз.

Албатта, Бердиевнинг профессионал футболга ҳеч қандай мактабсиз, фақат табиат туҳфа этган иқтидор орқали кириб келгани ҳақида кўп эшитганмиз. Аммо бу гаплар оғиздан-оғизга ўтгани боис бироз афсонавий кўриниш ҳосил қилганди. Ўтган ҳафта Қаршига бориб, Рўзиқул Бердиев билан кўришиш имкони пайдо бўлганида шу ҳақида суҳбат қурдик. Қуйида «Насаф» бош мураббийи билан мусоҳабамиз қандай бўлса, шундайлигича келтиришга ҳаракат қиламиз. Бердиев қай тариқа Ўзбекистоннинг энг кучли ярим ҳимоячиларидан бирига айланганини ўзи сўзлаб беради.

УЗОҚ ҚИШЛОҚ

- Мен туғилган қишлоқ Қашқадарёнинг олис туманларидан бирида жойлашган. У ерда футбол мактаби тугул, тайинли майдон ҳам йўқ эди. Миллионлар ўйинини жуда яхши кўрганимиз туфайли тошлоқ жойда ҳам тўп тепаверардик. Қишлоқда туғилиб-ўсганлар яхши билади, у ерда иш ҳеч қачон тўхтаб қолмайди. Ҳаттоки, ёш болага ҳам юмуш топилади. Мол-ҳол, даладан ўт ўриб келиш, дегандек. Биз мана шу ишлардан ортиб, футбол ўйнашнинг йўлини топардик.

Аммо футболдан ҳамма ҳам хурсанд бўлавермаган. Отамдан футбол ўйнашга рухсат олганим билан ёлғиз ўзим тўп теполмайман-ку! Бошқаларни ҳам «йўлдан уриш»га тўғри келарди (кулади). Уларнинг ота-онасига эса бу ёқмаслиги турган гап. Шу тўпни деб кўп гаплар эшитишга тўғри келган. Отамга келиб шикоят қилишарди. Аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам футболдан кўнглим қолмаган, ҳамиша унинг учун вақт ва имконият топардим.

«БУЮК ЙИҚИЛИШ»

- Мактабни битиргандан сўнг танлашга тўғри келди: ё ишлаш керак ёки ўқиш. Қишлоқ жойда ўқиш осон эмас, аммо мен барибир, спортни танлашга қарор қилдим. 17 ёшимда Ўзбекистон Давлат Жисмоний тарбия институти (аввалги ТошДЖТИ)га ҳужжатларимни топширдим. Собиқ иттифоқ даврида имтиҳон бошқача усулда олинарди, ҳали тест синовлари жорий этилмаганди. Бироқ ҳеч бир имтиҳонда йиқилмадим, «уч» баҳога бўлса-да ўтдим. Ўша вақтларда мен йиққан балл билан Жисмоний Тарбия институтига кирса бўларди. Шу сабаб қишлоққа бошни баланд кўтарган ҳолда қайтдим, ўқишга кирганимга ишончим комил эди. Бироқ пешонага ёзилмаган экан, «йиқилибман»...

КЕЧ КЕЛГАН ОМАД

- Шундан кейин вақт шиддат билан ўта бошлади. Ўқишга киролмадим, кейин эса икки йиллик ҳарбий хизматни ўтаб қайтдим. Ўша пайтга келиб ёшим 22га тўлиб қолганди. Бундай паллада ҳамма ҳам ўқишга киравермайди. Аммо бахтинг кулса, омад ҳар доим келаверар экан. Ҳарбий хизматдан қайтганимдан сўнг отам жиддий суҳбатлашиб олишимиз кераклигини айтди. Менга танлаш имконини беришди ва яна Жисмоний Тарбия институтига ҳужжат топширмоқчи эканимни билдирдим. Отам мени фақат қўллади ва қарз олиб бўлса-да, харажатлар учун пул топиб берди. Хуллас, яна Тошкент томон йўлга тушдим. Бу сафар омад мен томонда бўлди ва ўқишга кирдим.

«КВАДРАТ»? НИМА У?»

- Курсдошларимнинг бари ёши кичик йигитлар эди. Бироқ аксарияти мактаб кўргани туфайли мендан кўп нарса билишарди. Камина эса, қишлоқнинг бўз йигити сифатида оддий нарсаларни ҳам тушунмаганман. Масалан, машғулот вақтида «квадрат» ўйнасак, тўпни рақибдан олиб қўйсам ҳам ўртага тушиб югураверардим (кулади). Курсдошларимдан бир умр миннатдорман, улар менга кўп нарсалар ўргатишди ва профессионал футболга кириб келишимга сабабчи бўлишди.

Институтда ички биринчилик ўтказилар эди ва мени ҳам курсимиз жамоасига таклиф этишди. Сафимиз асосан рус тилига ихтисослашган гуруҳ талабаларидан иборат эди. Ўзбек тилида таҳсил оладиганлардан мен ва Зафар Имомхўжаев таркибга киритилганмиз. Ўйиним йигитларга ёққан шекилли, улар гуруҳимиз раҳбаридан мени олий лига клубларига тавсия этишни сўрашибди. Бундан ўзим бехабар эдим. «Янгиер» бош мураббийи мени қидириб келганда эса, чуқур ҳаяжон таъсирида «шок» ҳолатига тушиб қолгандим.

Ўша кезлари «Янгиер» олий лигада рақобатбардош клублардан ҳисобланарди. Мени айнан шу жамоага тавсия этишди. Ёдимда, мазкур жамоа устози қайси клубларда тўп сурганимни сўради. Нима деб жавоб беришни ҳам билмаганман. Қашқадарёдан эканимни эшитиб, биринчи лигада қатнашадиган туманимиз жамоасида ўйнаганим билан қизиқди. Бу клубни билишим, аммо унда тўп сурмаганимни айтдим. Ўша пайт мураббийнинг юзи ифодасидаги ўзгаришни кўрсангиз эди. «Менга кимни тавсия қилишди ўзи?», деб ўйлаган бўлса, ажабмас. Лекин шунга қарамай, у гуруҳимиз раҳбарининг сўзларига ишонди, шекилли, барибир, кўрикдан ўтиш учун йиғинга таклиф қилди.

ЯНГИЕР

- Клуб автобуси метро бекатларидан бирининг чиқиш жойида футболчиларни йиғиб олиб, Янгиер томон йўлга чиқишини айтишди. Белгиланган вақтда айтилган жойга етиб бордим. Автобус турибди, ёнида футболчилар ҳам йиғилган. Мен эса ҳаяжондан уларнинг ёнига бора олмайман. Ҳайтовур, жамоа орасида бир-икки курсдошларим ҳам кўриниб қолди ва ўшалар сафига қўшилишга ўзимда куч топа олдим. Ўзимни мутлақо бошқа оламга тушиб қолгандек ҳис этардим. Бу ёғига энди ҳаммасини исботлаш ўз қўлимда эди. Бахтимга бу ишни уддалай олдим.

АРМОН

- Шу тариқа профессионал фаолиятим бошланиб кетди. «Янгиер»да ўзимни кўрсатиб, кейин қадрдон воҳа клубларига ўтдим. «Насаф»да узоқ йиллар ўйнадим, сардор бўлдим. Мен учун фақат бир нарса армон бўлиб қолди - Ўзбекистон миллий жамоасида ўйнай олмадим. Ўша вақтларда термадаги рақобат ўта кучли эди. Ҳар қанча ёрқин ўйин намойиш этмай, таркибга кириш қийин бўлган. Бироқ қўлимдан келган барча ишни амалга оширганман ва ҳеч нарсадан афсусланмайман. Виждоним тоза - ҳар доим майдонга бор кучимни ташлаб чиққанман. Термамиз либосини кийиш эса насиб қилмаган экан.

Футбол менга кўп нарса берди, спортнинг бу туридан бир умр миннатдорман. У туфайли ҳаётда кўп мақсадларга эришдим. Бугунги кунда тўп сураётган ва ҳали ўйнаш имконини қўлга киритмаган укаларга эса маслаҳатим - профессионал футболга кириш учун ҳеч қачон кеч эмас. Муҳими - бу йўлда истак етарлича бўлсин. Қолганига меҳнат билан эришиш мумкин.

«ОРЗУ»

Газетамизнинг аввалги сонларида Рўзиқул Бердиевнинг акаси Маҳмаюсуф Бердиевнинг «Орзу» деб номланувчи китоби нашрдан чиққани ҳақида хабар бергандик. Футболчилар руҳиятини очиб беришга қаратилган ушбу асар ёшлар учун бемалол қўлланма вазифасини бажариши мумкин. Мазкур китобда жаҳон ва ўзбек футболи юлдузлари ҳаётидан ҳам мисоллар келтирилган. Маҳмаюсуф ака Миржалол Қосимов, Азамат Абдураимов, Биродар Абдураимов ва Геннадий Красницкийлар билан бир қаторда болалигидан кўз ўнгида ўсиб-улғайган укаси Рўзиқул Бердиевни ҳам эслаб ўтган. Мақоламизга мос келгани боис ўша хотираларга ҳам имкон қадар тўхталишга қарор қилдик.

«Рўзиқул болалигидан алоҳида иқтидори билан ажралиб турарди. Туманимизда бир удум бор, қишлоқлар ўртасида футбол учрашувлари ташкил этиб турилади. Бундай ўйинларга қизиқиш ҳар доим юқори бўлиб, бутун қишлоқ стадионга кўчиб чиқади. Баъзан учрашувлар ҳайбати анча-мунча расмий мусобақалардан ошиб тушганини кўрганмиз.

Мана шундай баҳсларнинг бирида 14 ёшли Рўзиқул ҳам майдонга тушди. У ўзининг абжирлиги ва тезкорлиги билан кўпчиликни лол қолдирганди. Бироқ ҳамма ҳам иқтидорни суявермайди, айниқса, у рақиб футболчиси бўлса. Бизга қарши тушган жамоа таркибидаги ўзига бино қўйган бир ўйинчи Рўзиқулнинг техникасини ёқтирмади шекилли, унинг оёғига тепиб, атайин жароҳатламоқчи бўлди. Бироқ укам ҳар бир қўполликка шу қадар устомонлик билан чап берардики, рақибнинг барча уринишлари фақат кулгуга сабаб бўларди. Рўзиқул уни тўп билан алдаб юраверди, рақиб эса бор эътиборини уни тепиб, йиқитишга қаратди.

У ёғини сўрасангиз, ўйинга қизиқиш ҳам четда қолиб, ҳамма 14 ёшли болакайнинг финтларига маҳлиё бўлди. Одамлар ҳаттоки, майдонга чиқиб кетишди ва бунинг натижасида давра торайиб қолди. Рўзиқул шундай шароитда ҳам рақибини алдаб юраверди. Охири қўполлик қилмоқчи бўлган ўйинчи ҳориб-чарчаб, йиқилди ва қўлларини кўтариб, енгилганини билдирди. Рўзиқул шу тариқа соф футбол билан ҳар қандай ёмон ният ва ножўя ҳаракатни енгиш мумкинлигини исботлаб берган эди».

ЯКУНДА

Ўзбек футболида Рўзиқул Бердиевга ўхшаган иқтидорлар ҳар доим бўлган ва ҳозир ҳам бор. Бироқ муаммо шундаки, Бердиев профессионал футболга кириб келган 22 ёшда айримлар футболни якунлашади. Яқин ўтмишга қарасак, бундай ўйинчилардан истаганча топишимиз мумкин. Бир вақтлари «Монако»да кўрикдан ўтган ёш иқтидоримиз ҳозир олий лигада жон сақлаш учун курашаётган жамоада тўп сурмоқда. Биз эса унинг Ўзбекистон миллий термаси сардори бўлишини кутгандик.

Ушбу мақолани ёзишдан мақсад - Рўзиқул Бердиевнинг автобиографиясини яна бир бор эслаш эмас, аксинча, фаолиятида пасайиш кузатилган футболчиларга мурожаат қилиб, ҳали ҳеч нарса йўқотилмаганини билдириш. Айтишларича, Франческо Тотти «А» серияда дебютини ўтказганда ҳозир Италия чемпионатида тўп сураётган футболчиларнинг 30 фоизи ҳали туғилмаган экан. «Рома» афсонаси эса ҳамон сардорлик боғичида майдонга тушмоқда. Балки кимлар учундир фаолиятини янгидан бошлаш вақти келгандир? Ахир Рўзиқул Бердиевдан уларнинг нимаси кам?

 

Манба: interfutbol.uz

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!