Кеча “Навбаҳор” билан шартнома имзолаган Неманья Йованович жамоа машғулотларига қўшилди

 

Бугун куннинг иккинчи ярмида Тошкентдаги “Ўзбекистон” меҳмонхонасида тўпланган “Навбаҳор” жамоаси мавсумга тайёргарликнинг навбатдаги босқичини бошлайди. Бу ҳақда клуб расмий сайти хабар бермоқда.  

Айни пайтда Қибрайда бошланган машғулотда бир неча кун олдин “Навбаҳор” аъзосига айланган сербиялик ҳужумчи Неманья Йованович ҳам иштирок этмоқда. Шунингдек, ўтган мавсум иккинчи ярмини “Олмалиқ”да ўтказиб, жамоанинг декабрь ойидаги йиғинида қатнашган дарвозабон Акмал Ортиқов ҳам сафга қўшилди. Шу кунларда жамоа ихтиёрига янги ўйинчиларни етиб келиши кутилмоқда.

Шу ўринда “Навбаҳор”да янги шифокор иш бошлаганлигини ҳам қўшимча қилиш жоиз. Олдинги йилларда Бекободнинг “Металлург” клубида иш юритган Бахтиёр Мирсагатов эндиликда “Навбаҳор”да фаолият олиб боради.

Навбатдаги босқич давомида учта назорат учрашувини ўтказиш режалаштирилган. Эртага “Қўқон-1912” жамоаси наманганликларга рақиблик қилади. Мазкур учрашув 18 январь куни соат 15:00да “Оқ-тепа” клубига қарашли ўйингоҳ майдонида бўлиб ўтади. Навбатдаги учрашувлар эса “Металлург” (21 январь) ва “Бухоро” (26 январь) жамоаларига қарши бўлиб ўтади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!