Келгуси мавсум Испаниядан ЕЧЛда кимлар иштирок этиши аниқ бўлди

Аввал хабар берганимиздек, кеча Европанинг бир қатор мамлакатларида бўлгани сингари Испанияда ҳам чемпионат баҳслари бўлиб ўтди. Шу куни мусобақани 3-ўринда якунлашни мақсад қилган "Севилья" сафарда "Реал" меҳмони бўлди ва йирик 4:1 ҳисобида мағлуб бўлди. 

Айни шу куни "Бетис" майдонига сафар қилган "Атлетико" 1:1 ҳисобидаги дуранг натижани қайд этди. Бу эса Диего Симеоне шогирдларига Ла лигани 3-поғонада якунлаш учун имкон яратди. Боиси, 4-ўринда бораётган "Севилья" "қироллик клуби"дан енгилиб, "матрасчилар" билан орадаги фарқни олти очкога етказишди. 

Сўнгги тур олдидан "Атлетико" ўзига учинчи ўринни нақд қилган бўлса, "Севилья" ҳам мусобақани тўртинчи ўриндан пастда якунламайдиган бўлди. Шундай қилиб, келгуси мавсум УЕФА Чемпионлар лигасида Испания шарафини "Реал", "Барселона", "Атлетико" ва "Севилья" жамоалари ҳимоя қилишадиган бўлди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!