Кения ОТЖ сардори: Ўзбекистонга қарши ўйинларда ғалаба қозонмоқчимиз

Кения олимпия терма жамоаси сардори Ожванг Тимоти Одхиамбо Ўзбекистон ОТЖга қарши бўлажак ўйинлар олдидан ЎФА расмий сайтига ўз фикрларини билдириб ўтди.

“Ўзбекистонга, жумладан, Андижонга биринчи марта ташриф буюрдик. Бизни шу даражада шодиёна билан кутиб олишганидан жуда хурсандмиз.Мухлисларнинг кўплигини кўриб ҳайратландим. Айни пайтда қандай ҳиссиётларга берилганимни оддий сўз билан таърифлаш қийин. Ҳаммасига қойил, барчага раҳмат. Сизларга омад тилайман.

Тўғриси, бунгача Ўзбекистон футболи ҳақида етарли маълумотларга эга эмасдик. Аммо Ўзбекистон ОТЖ Осиё чемпиони бўлганидан кейин жамоангиз ҳақида янада кўпроқ маълумотларни билиб олдик. Бундан кейин ҳам Ўзбекистон терма жамоасига омад тилайман.

Биз бу ерга шунчаки келганимиз йўқ. Найробига ғалаба билан қайтмоқчимиз. Мақсадимиз Ўзбекистон билан ўйинларда муваффақият қозонишдир.

Андижон шаҳри ҳақида тўхталиб ўтадиган бўлсам, жуда гўзал, жуда чиройли шаҳар экан. Андижон менга ёқиб қолди. Африкадан Андижонга аланганли салом” – деди Кения ОТЖ сардори.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!