Комил Рўзиев: Биз биргаликда энг эзгу мақсадларимизга албатта эришамиз!

Осиё-Океания Кураш Конфедерацияси Президенти Комил Рўзиев юксак ишонч учун ўз ташаккурини билдирди.

Жорий йилнинг 4 январ куни БААнинг Дубай шаҳрида Осиё-Океания Кураш Конфедерациясининг навбатдан ташқари Конгреси бўлиб ўтди. Унда Кураш Халқаро Ассоциацияси Президенти маслаҳатчиси лавозимида ишлаб келган ўзбекистонлик Комил Рўзиев Осиё-Океания Кураш Конфедерацияси Президенти этиб сайланди.

Маълумот учун, Осиё ва Океания қитъаларидаги 40 га яқин давлатларда Кураш федерациялари фаолият юритади. 2016 йил ноябр ойида Ҳиндистоннинг Коччи шаҳрида бўлиб ўтган Кураш Халқаро Ассоциацияси Конгрессида Осиё ва Океания Кураш Конфедерацияларини бирлаштириш бўйича қарор қабул қилинган эди.

Комил Рўзиев икки қитъа бирлашган Кураш Конфедерациясининг биринчи Президенти сифатида иш бошлади. Унгача Осиё қитъасига Серик Ангарбаев (1999-2001 й. Қозоғистон), Жагдиш Татлер (2001-2005 й. Ҳиндистон),  Муҳаммад Дарахшон (2005-2013 й.Эрон), Ҳайдар Фармон (2013-2016 й. Қувайт) Океания қитъасига Ёҳан Бошофф (2004-2016 й. Янги Зелландия) лар раҳбарлик қилишган.

Осиё–Океания Кураш Конфедерацияси Президенти Комил Рўзиевнинг миннатдорлик мактубини эътиборингизга ҳавола этамиз. 

Қадрли дунё кураш оиласи аъзолари ва Кураш мухлисларию-фидоийлари!

Кураш буйича Осиё ва Океания китьаларининг Президенти этиб сайланганлигим, менга жуда катта ишонч ва масъулият юклади.

Азалий қадриятимиз бўлган Кураш минг йиллардан бери ота-боболаримиздан бизгача етиб келган бебаҳо меросдир.

Мустақиллигимиз шарофати ила Курашимизнинг жаҳон  спортига айланиши ҳар биримизга ўзгача ғурур ва ифтиҳор бағишлади. Бу азалий  қадриятимизни янада улуғлаш, уни асраб авайлаш биз учун хам қарз ҳам фарздир. 

Бугун Ўзбекистонимизда булаётган оламшумул ўзгаришларга,  хусусан, мухтарам Президентимиз спортимизнинг жаҳондаги мавқеини янада ошириш, жонажон мамлакатимизни улуғлаш учун қилаётган барча ҳаракатлари, бугунги кунда ҳеч кимни бефарқ қолдирмаяпди десам, сира муболаға бўлмаса керак.

Бу улкан масъулиятни англаган ҳолда, бетакарор юртимизнинг оддий бир фуқароси сифатида ўзимнинг камтарона ҳиссамни қўшишни мақсад қилдим. Ўзбек спорти Курашни Осие ва Океания китьаларида янада кенг ёйиш ва келажакда жаҳон Олимпия уйинлари қаторига кўшишда бор билимим, куч ва имкониятларимни ишга соламан.

            Осиё ва Океания қитьаларидан келиб менга юксак ишонч билдириб, ўз овозини берган барча давлат вакилларига, азиз дўстларимга, ҳайриҳох инсонларга ўзимнинг самимий ташаккуримни билдираман.  Биз биргаликда энг эзгу мақсадларимизга албатта эришамиз!

Комил РЎЗИЕВ,

         Осие-Океания Кураш Конфедерацияси Президенти

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!