Конфедерациялар кубоги - 2017. Афсонавий "Лужники" стадиони ҳақида қизиқарли маълумотлар (фото+видео)

15 июнь, 11:38 512

Конфедерациялар кубоги - 2017. Афсонавий

Хабарингиз бор, яна роппа-роса бир йилдан сўнг Россия яшил майдонлари сайёрамизнинг энг йирик спорт мусобақасига мезбонлик қилади. Унгача эса шимолий ўлкада Конфедерациялар кубоги мусобақаси бўлиб ўтади.

Sports.uz интернет-ахборот портали ушбу муҳим турнирга мезбонлик қиладиган стадионлар билан сиз азиз мухлисларни таништиришда давом этади. Бугун биз Москва шаҳридаги дунёга машҳур “Лужники” ўйингоҳи ҳақида сиз билган ва билмаган маълумотларни тақдим этамиз.

Ушбу стадион 1956 йилда фойдаланишга топширилган. Иншоот ўтган давр мобайнида уч марта (1996-1997, 2001-2004 ва 2013-2017 йилларда) қайта реконструкциядан чиқарилди.

“Лужники” ўз бағрига 81 000 ишқибозни сиғдира олади. Ушбу ўйингоҳда Россия терма жамоаси ўзининг уй ўйинларини ўтказади. Бундан ташқари у ерда йирик спорт мусобақалари ва концерт дастурлари ўтказилиши мумкин.

Стадион майдони 105×68 м ташкил этади ва тўлиқ табиий чимдан иборат. Ўйингоҳ 1 400 люкс ёритиш кучига эга. Бундан ташқари у ерда 17×10 м ҳажмда 2та электрон табло жойлаштирилган.

Ушбу йирик спорт мажмуаси қуйидаги йирик мусобақа ва ўйинларга мезбонлик қилган :

1980 йил - Ёзги Олимпиада очилиш ва ёпилиш маъросими;

1997 йил – Москва шаҳрининг 850 йиллиги ва Россия футболининг 100 йиллиги муносабати билан Россия ва дунё юлдузларидан ташкил топган ФИФА терма жамоалари ўртасидаги баҳсга;

1998 йил – Биринчи Бутунжаҳон ёшлар ўйинлари очилиш маъросимига;,

1999 йил - «Олимпик» (Франция) ва«Парма» (Италия) жамоалари ўртасидаги УЕФА кубоги финал учрашувига;

2008 йил - «Челси» (Англия) ва «Манчестер Юнайтед» (Англия) жамоалари ўртасидаги УЕФА Чемпионлар лигаси финал учрашувига;

2013 йил – Регби бўйича Жаҳон чемпионатига;

2013 йил – Енгил атлетика бўйича Жаҳон чемпионатига.

2013-2017 йилларда олиб борилган реконструкция ишларига жами 26,6 млрд рубл маблағ сарф этилган. Ушбу йирик спорт аренаси УЕФА таснифи бўйича 4-даражали стадионлар қаторига киритилган. Эслатиб ўтиш керакки, “Лужники” стадиони 2018 йилги мундиалнинг ҳал қилувчи финал баҳсига мезбонлик қилади.

Қуйидаги видео орқали ушбу йирик спорт мажмуаси ҳақида янада кенгроқ тасаввурга эга бўлишингиз мумкин:

Эслатиб ўтамиз, Sports.uz интернет-ахборот портали яқинда старт оладиган Конфедерациялар кубоги мусобақасини сиз азиз мухлисларга ҳар галгидан ҳам ўзгачароқ усулда ёритишни мақсад қилган. Мусобақа давомида биз билан қолинг ва биздан узоқлашманг!