Конфедерациялар кубоги - 2017. ФИФА қандай ўзгаришларга қўл урмоқчи ва энди ҳакамлардан нималар талаб этилади? (фото)

15 июнь, 14:50 801

Конфедерациялар кубоги - 2017. ФИФА қандай ўзгаришларга қўл урмоқчи ва энди  ҳакамлардан нималар талаб этилади? (фото)

Хабарингиз бор яна бир неча кунлардан сўнг Россияда Конфедерациялар кубоги мусобақаси старт олади. Sports.uz интернет-ахборот портали сиз азиз мухлисларга ушбу муҳим спорт тадбири олдидан мусобақага оид туркум мақолалар ва хабарларни тақдим этишда давом этади.

ФИФАнинг техник ишлар бўйича директори Марко ван Бастен ушбу йирик турнир олдидан футболда бўладиган янгиликлар ҳақида гапириб ўтди. Унинг сўзларига кўра ташкилот Конфедерациялар кубогида яқин келажакда футболга киритилиши мумкин бўлган бир нечта қўшимчаларни синовдан ўтказади. Бундан ташқари ФИФА ҳакамлар олдига ҳам муҳим вазифалар қўйишни режалаштирган.

“Биз ҳакамлардан ўйин пайтида уларни ўраб олишларига нисбатан жиддийроқ ёндашишларини сўрадик. Биз бу ҳолатни футболдан батамом йўқотмоқчимиз.

Яна бир муҳим нарса бу ўйин вақтини узайтиришдир. Биз жиддий тўхталишлар учун (жароҳат ёки футболчи алмаштириш) вақтни аниқ ҳисоб-китоб қилиниши тарафдоримиз.

Ҳозир биринчи бўлимга 1 дақиқа, иккинчисига эга 3 дақиқа қўшиб бериш одат бўлиб қолган. Бироқ, беҳуда йўқотилган вақт аслида бундан кўпроқни ташкил этади. Масалан, голни нишонлаш ҳам кўп вақтни олади.

Бундан ташқари, тўпни эгаллаб олган дарвозабон уни иложи борича ўзида кўпроқ сақлаб туришга ҳаракат қилади. Бу айнан ўйин вақтидан сарф этилади. Биз ўйин янада тезкорроқ бўлиши учун буларни бартараф этишни истаймиз. Бу борада биз ҳакамларга дарвозабон тўпни қўлида 6 сониядан кўпроқ ушлаб туриши мумкин эмаслиги ҳақидаги қоидани яна бир бор эслатиб қўйдик.

Биз яна ушбу мусобақада видеотакрор (VAR) тизимини ва қўшимча бўлимларда 4-ўзгаришга руҳсат беришни тест режимида синаб кўрмоқчимиз.

Мақсад – Россияда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатида видеотакрорлардан фойдаланиш”, - дейди ван Бастен Sports.ru сайтига берган интервьюсида.

Эслатиб ўтамиз, Sports.uz интернет-ахборот портали яқинда старт оладиган Конфедерациялар кубоги мусобақасини сиз азиз мухлисларга ҳар галгидан ҳам ўзгачароқ усулда ёритишни мақсад қилган. Мусобақа давомида биз билан қолинг ва биздан узоқлашманг!