Конфедерациялар кубоги - 2017. "Қозон Арена" ёҳуд шаҳар ичидаги шаҳар (фото)

15 июнь, 14:01 367

Конфедерациялар кубоги - 2017.

Хабарингиз бор, яна роппа-роса бир йилдан сўнг Россия яшил майдонлари сайёрамизнинг энг йирик спорт мусобақасига мезбонлик қилади. Унгача эса шимолий ўлкада Конфедерациялар кубоги мусобақаси бўлиб ўтади.

Sports.uz интернет-ахборот портали ушбу муҳим турнирга мезбонлик қиладиган стадионлар билан сиз азиз мухлисларни таништиришда давом этади. Бугун биз Татарстон республикаси, Қозон шаҳридаги “Қозон Арена” ҳақида сиз билган ва билмаган қизиқарли маълумотларни тақдим этамиз. Демак бошладик.

Ушбу ўйингоҳ қурилиши 2010 йилда бошланган ва 2013 йилнинг 14 июнида фойдаланишга топширилган. Стадион архитектураси АҚШнинг «Populous» компанияси томонидан ишлаб чиқилган.

“Қозон Арена” ўз бағрига бир вақтнинг ўзида 45 379 томошабинни сиғдира олади. Ўйингоҳ қурилишига жами 14,4 млрд рубл маблағ сарф этилган.

Шаҳар ичидаги шаҳар деб аталадиган стадион 32 гектар майдонда жойлашган. Комплекснинг умумий ер майдони эса 130 000 м².

Иншоотнинг умумий баландлиги 49,36 метрни ташкил этади. Стадион атрофида 4 500 ўринга мўлжалланган автомобиллар турар жойи мавжуд. Таъкидлаш керакки, “Қозон Арена” мамлакатда катталиги жиҳатидан “Лужники” ва “Санкт-Петербург Арена”ларидан сўнг учинчи ўринда туради.

Стадионда умумий ҳисобда 230та фаст-фуд дўконлари мавжуд. Қолаверса, ўйингоҳ атрофида 300 ўринга мўлжалланган ресторан ҳам фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, стадионда спорт товарлари билан савдо қилувчи дўконлар ҳам мавжуд. Бундан ташқари, мини футбол ва мини гольф майдончалари ҳамда очиқ бассейн ташриф буюрувчилар ихтиёрида. Ушбу спорт аренасида “Рубин” клуби музейи, шунингдек стадион музейи ҳам жойлашган. "Қозон Арена" "Рубин" клубининг уй стадиони ҳисобланади.

Қуйидаги видео орқали “Қозон Арена” ҳақида янада кенгроқ тасаввурга эга бўлишингиз мумкин. Ҳар ҳолда минг марта эшитгандан бир марта кўрган афзал дейишган доно халқимиз.

Эслатиб ўтамиз, Sports.uz интернет-ахборот портали яқинда старт оладиган Конфедерациялар кубоги мусобақасини сиз азиз мухлисларга ҳар галгидан ҳам ўзгачароқ усулда ёритишни мақсад қилган. Мусобақа давомида биз билан қолинг ва биздан узоқлашманг!