Конфедерациялар кубогини ўтказиб юборадиган 11 юлдуз

Россия майдонларида ўтадиган Конфедерациялар кубогига ҳам тобора оз фурсат қолмоқда. Термалар жамоалар миқёсидаги нуфузли турнирлардан бири саналувчи мазкур мусобақада айрим топ-футболчилар ҳам турли сабабларга қатнаша олишмайди. Биз эса шундайлардан саналган 11 нафар футболчи билан таништирамиз.

Дарвозабон

Мануэль Нойер – Германия терма жамоаси

Замонамизнинг энг кучли дарвозабонларидан бири саналадиган Нойер ЕЧЛ ярим финалида “Реал”га қарши баҳсда Роналдунинг голидан сўнг жароҳат орттириб олди.  Шу сабабли “Бавария” дарвозабони мазкур турнирни ўтказиб юборадиган бўлди. Аммо Йоахим Лёвда танлов имконияти етарли. Кевин Трапп, Тер-Штеген ёки Бернд Лено.

Ҳимоячилар

Бенедикт Хёведес – Германия терма жамоаси

“Шальке-04” футболчиси ҳам яқинда операцияни бошдан ўтказди ва у ҳам Россияга келмайдиган бўлди. Нойердан фарқли равишда Лёв Хёведеснинг ўрнини ким билан ёпиш борасида анча ўйланса, ажаб эмас.

Жоэль Матип – Камерун терма жамоаси

Буниси бироз ғалати тарихга эга. Гап шундаки, Матип ва унинг терма жамоадаги олти шериги терма жамоада ўйнашдан бош тортишади. Энг қизиғи етакчи деб айтилган футболчиларсиз ҳам Камерун термаси ушбу қишда бўлиб ўтган Африка Миллатлар кубогида иштирок этишди ва якунда бош совринга эга чиқишди. Энди улар Матипсиз ҳам Конфедерациялар кубогида муваффақиятли ўйнашни намойиш этишни ният қилишган.

Уинстон Рид – Янги Зеландия терма жамоаси

“Вест Хэм” клуби футболчиси Премьер лигадаги сўнгги ўйинларнинг бирида жароҳат олди ва бутун ёзни шу жароҳатни даволатишга мажбур бўлади.

Фабио Коэнтрао – Португалия терма жамоаси

Коэнтраони кўпчилик седан чиқарган бўлиши мумкин. Бироқ шуни унутмангки, у ЕЧЛнинг амалдаги ғолибидир. Аммо ҳозирда унинг ўрнида “Реал”да ҳам, Португалияда ҳам бошқа футболчига эхтиёж сезилмоқда.

Ярим ҳимоячилар

Ренату Саншеш – Португалия терма жамоаси

Ўтган йили бўлиб ўтган Европа чемпионатининг қаҳрамонларидан бири бўлган Саншеш “Бавария”га ўтганидан сўнг мавсум давомида мюнхенликларнинг ўйинини заҳирадан томоша қилиб ўтиришга мажбур бўлди. Фақатгина баъзи-баъзида Карло Анчелотти “португал олмоси” деб таъриф берилган Ренатуни майдонга тушириб турди. Бироқ бу бош мураббий Фернанду Сантушни Саншешни термага жалб этиши  учун сабаб бўла олмади ва якунда ёш футболчи таркибдан тушириб қолдирилди.

Жоау Мариу – Португалия терма жамоаси

“Интер” ярим ҳимоячиси ҳам жароҳат туфайли Россияга келмайдиган бўлди. Бироқ у немис юлдузларидан фарқли ўлароқ, ўзининг Инцаграмдаги саҳифасида мухим турнирда терма жамоасига ёрдам бера олмаслигидан афсусда эканлигини баён этди.

Алан Загоев – Россия терма жамоаси

Россия термасининг энг етакчи футболчисидан бири саналадиган Загоев ҳам ўз уйларида ўтадиган Конфедерациялар кубогини ўтказиб юборишга “маҳкум этилди”. Сабаби оддий –ЖАРОҲАТ!

Лерой Сане – Германия терма жамоаси

Сане учун Конфедерациялар кубоги кераксуз мусобақага ўхшайди. Унинг сўзларига кўра, тиббиёт ходимлари билан учрашувдан сўнг, эски жароҳатини даволатишга қарор қилган.

Эрик Шупо-Мотинг – Камерун терма жамоаси

“Шальке-04” клубининг камерунлик ярим ҳимоячисида ҳам худди Матипники билан бир хил бўлган вазият. Ортиқча изоҳга хожат йўқ.

Ҳужумчи

Артём Дзюба – Россия терма жамоаси

Дзюбани Янги Зеландия термаси дарвозабони Россия терма жамоасининг энг хавфли футболчиси деб айтиб ўтган эди. Бироқ “Зенит” клуби форварди тиззасидаги жароҳат сабаб, ўз уйларида ўтадиган мазкур мусобақани ўтказиб юборадиган бўлди. Бу эса Одил Ахмедовнинг собиқ жамоадоши Федор Смолов учун имкониятлар эшигини очадиган бўлди.

Шаҳзод Холбоев тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!