Курашчиларимиз жаҳон чемпионатида 10 та олтин медални қўлга киритишди

6 декабрь,2017, 15:55 371

Курашчиларимиз жаҳон чемпионатида 10 та олтин медални қўлга киритишди

Ўзбекистонлик курашчилар Истанбулда ўтган ХI жаҳон чемпионатида 10 та олтин медални қўлга киритишди. Мусобақада 50 та давлатдан ташриф буюрган спортчилар 15 та вазн тоифасида баҳсларга киришишди.

Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари умумий ҳисобда 10 та олтин, 6 та кумуш ва 5 та бронза медалларини қўлга киритди.

Терма жамоамиз ҳисобига Кумуш Йўлдошева, Дилдор Шерматова, Моҳинур Мўминова, Гулнор Сулаймонова, Раҳима Йўлдошева, Камолиддин Расулов, Шуҳратжон Арслонов, Муҳсин Ҳисомиддинов, Шаҳрам Аҳадов ва Давлат Абраев олтин медалларни тақдим этган бўлса, Илҳом Жўраев, Муҳриддин Қурбонов, Малоҳат Рўзиева, Ойсулув Абдумажидова, Омонгул Алланазарова, Моҳинур Пирназарова кумуш медаллар соҳибларига айландилар.

Шунингдек, Гулмира Исматова, Гавҳар Худойқулова, Мафтуна Эсонова, Рината Илматова, Бегам Бойимовага бронза медаллари насиб қилди.

Жаҳон чемпионати доирасида Халқаро кураш ассоциациясининг ХVII конгресси ҳам бўлиб ўтди. Конгрессда Африка, Осиё ва Океания, Европа ва Америка кураш конфедерациялари раҳбарлари курашнинг янада оммалаштирилиши, мусобақаларнинг юқори даражада ўтказилиши бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида ҳисоботлар тақдим қилишди. Шунингдек, Франция, Индонезия, Бангладеш, Малайзия ва Шри-Ланка кураш федерациялари Халқаро кураш ассоциациясига аъзоликка қабул қилиндилар.

Ижтимоий тармоқлар

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг!

.