Ла Лига мутасаддилари Ўзбекистонга ташриф буюришади

 

Шу йилнинг 5 апрель куни ПФЛ бош директори Омон Ғофуров Мадридда Ла Лига қароргоҳида бўлиб, ташкилот бош директори Хавьер Гомес билан учрашган эди.

Учрашув давомида Ла лига бош директори ўзбек футболи ривожига ҳисса қўшишга, мутахассисларни Ўзбекистонга юбориб, турли семинарлар ташкил қилиш ва тажрибалари билан ўртоқлашишга тайёр эканини маълум қилган ва икки томонлама ҳамкорлик бўйича меморандум имзоланганди. 

Ана шу  меморандумга асосан, жорий йилнинг 25-26 май кунлари Ла Лига мутахасислари Ўзбекистонга ташриф буюришади. Жумладан, Ла Лиганинг “Осиё давлатлари билан алоқалар” бўлими бошлиғи Хаис Рахмани ва ўз вақтида Испаниянинг “Эльче” клубида дарвозабон сифатида тўп сурган, ҳозирда Ла Лиганинг “Мусобақалар ва турнирлар ташкил қилиш” бўлими бошлиғи Рауль Охедалар Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва Профессионал футбол лигаси вакиллари ва миллий чемпионатимизда иштирок этаётган клублар ходимлари учун 2 кунлик семинар ўтказишади.

Семинарда миллий чемпионат ўйинларини ташкил қилишда аҳамият қаратиш керак бўлган жиҳатлар, маркетинг масалалари, ҳомийлар билан ишлаш, мухлисларни стадионларга жалб қилиш каби мавзуларда фикр алмашилинади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!