Легионерлар: Темурхўжа Абдухолиқов гол урган ўйинда “Ал-Сайлия” зафар қучди

 

Қатар Юлдузлар Лигаси 21-турида ўзбекистонлик футболчилар Темурхўжа Абдухолиқов ва Санжар Шоаҳмедов тўп сураётган “Ал-Сайлия” клуби сафарда Доҳанинг “Ал-Аҳли” жамоасига қарши баҳс олиб борди.

Мазкур ўйинда “Ал-Сайлия” 2:1 ҳисобида зафар қучди. Биринчи бўлим якунида Темурхўжа Абдухолиқов жамоасини олдинга олиб чиқди.

82-дақиқада Али Фаридон ҳисобни тенглаштирди. Ўйин якунида, яъни, 90-дақиқада руминиялик Валентин Лазар “Ал-Сайлия”га ғалаба келтирган гол муаллифи бўлди. Қайд этиш жоиз, Санжар Шоаҳмедов ўйиннинг 44-дақиқасида захирадан майдонга тушди. 

Мазкур учрашувдан кейин “Ал-Сайлия” очколари сонини 23 тага етказиб, 14 жамоа орасида 9-ўринга чиқиб олди. “Ал-Аҳли” 24 очко билан 7-поғонада қолиб кетди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!