Легионерларимиз. Асрор Ғофуров: “Туркиядаги фаолиятимдан кўнглим тўлмоқда”

10 май,2017, 21:20 631

Легионерларимиз. Асрор Ғофуров: “Туркиядаги фаолиятимдан кўнглим тўлмоқда”

Туркияда легионер футболчимиз борлигини кўпчилик яхши билмаса керак. Ана шу футболчи Асрор Ғофуровдир. Сурхондарёлик иқтидор эгаси “Пахтакор” футбол клуби тарбияланувчиси саналади. Тақдир тақозоси билан Ғофуров фаолиятини хорижда давом эттириб келмоқда. Яқинда Асрорнинг юртимизга қайтганидан хабар топдик ва дарҳол у билан боғланиб айрим саволларга жавоб олдик.

- Асрор, Ўзбекистонга қачон қайтиб келдингиз?

- Туркияда мавсум якунига етгани муносабати билан айни дамда жамоалар таътилга чиққан. Бундан унумли фойдаланган холда, юртимизга келиб-кетишни лозим топдим. Сурхондарёга келганимга ҳам мана ўн кун бўлди.

- Туркиядаги илк жамоангиз “Манисаспор” бўлганини яхши биламиз. Кейинчалик клубингизни ўзгартирдингиз. Очиғини айтганда, бугунги кундаги жамоангиз ҳақида бизда маълумот йўқ.

- Айни дамда Туркия тўртинчи лигаси иштирокчиси бўлган “Чорлу 1947” жамоаси шарафини ҳимоя қилмоқдаман. Поёнига етган чемпионтда жамоамиз билан 3-ўринни эгалладик. Юқори лигага чиқиш учун эса фақат 1-ўринни олиш керак бўлади.  Янги мавсумдаги мақсадимиз табиийки чемпионликка эришиш. Раҳбарият томонидан шундай вазифа қўйилган. Бунинг учун барча шароитлар яратиб берилган. Насиб қилса вазифани уддалаймиз.

    

- Туркия тўртинчи лигасининг савияси ва унга бўлган қизиқиш қай даражада?

- Чемпионатда 12та группа бор. Ҳар бирида 13-14тадан жамоа иштирок этади. Тўртинчи лигада фақатгина иккита легионер ўйнашига руҳсат берилади.

- Умуман олганда Туркияда футбол бўйича нечта лига мавжуд?

- Жами 8та лига ташкил этилган. Табиийки жамоалар сони ҳам жуда кўпчиликни ташкил этади. Мухлислик савияси ҳам юқори даражада дейиш мумкин.

- “Чорлу 1947”да сиздан ташқари яна легионер ўйинчи борми?

- Ҳа бор. У таниқли ҳужумчи Диде Дрогбанинг ҳамюртидир.

- Бош мураббий қаердан?

- У маҳаллий мутахассис саналади. Ёшларга ҳам катта эътибор қаратади. Таркибда 17 ёшлилар ҳам йўқ эмас.

- Сиздан кўпроқ қайси позицияда фойдаланади?

- Ярим ҳимоячи сифатида харакатланаман. Асосан марказда ўйнайман.

- Ўзизга ҳам шу амплуада ўйнаш қулайми ёки мураббийнинг талабига кўрами?

- Йўқ, мен ёшлигимдан шу жойда ўйнаб келаман. Ўзимга ҳам қулай ва ёқади.

- “Чорлу 1947”даги кейинги тақдирингиз қандай кечиши ҳақида ўйлаб кўрдингизми?

- Бу клуб билан ўткан йили бир йиллик шартномага имзо чеккандим. Ҳозирча эркин агентман.

- Олдингизда яна бошқа вариантлар борми ёки...?

- Менимча яна “Чорлу 1947”га қайтсам керак. Чунки улар ҳам буни истамоқда. Ўзимга ҳам жамоадаги шароитлар ва умуман фаолиятимдан кўнглим тўлмоқда. Насиб қилса ўртадаги шартномани яна бир йилга узайтирамиз.

- Энди қачон йиғилади жамоангиз?

- Июль ойидан тайёргарлик бошланади. Шунда яна Туркияга жўнаб кетаман. Чемпионат эса сентябрдан бошланади.

- У ердаги ишларингизни ким ҳал этади?

- Туркиялик шахсий агентим бор. Ташкилий масалаларни айнан у киши ҳал этади.

- Ўзбекистон чемпионатига яқин орада қайтиш режангизда борми?

- Ҳозирча йўқ. Лекин етти йил мобайнида “Пахтакор”да тер тўкканимни билсангиз керак.

- Ҳа, лекин олий лигада ўйнаш ҳозирча насиб этмаган. Тўғрими?

- Ҳудди шундай. “Пахтакор” билан иккинчи лига ва биринчи лига мусобақаларида икки йилдан ўйнадим. 

- Ўша пайтдаги мураббийларингизни айтиб берсангиз?

- Аввалига Шуҳрат Раҳмонқулов қўли остида шуғулланганмиз. Сўнгра бизга Нўъмон Ҳасанов ва кейинчалик Илҳом Мўминжонов бошчилик қилган.

- Туркияда футболчиларга тўланадиган маблағ каттами ёки бизники билан таққослаганда деярли бир хилми?

- Бу ҳақда сизга ҳозирча ҳеч нима дея олмайман. Навбатдаги саволга ўтсак...

- Уйланганмисиз?

- Йўқ, ахир эндигина 22 ёшга тўлдим. (Бироз кулиб) Бўйдоқчилик даврини сурмоқдамиз ҳозирча.

- Бундан чиқдики, “Чорлу 1947”да клуб базасида истиқомат қиласиз эканда?

- Йўқ, жамоа легионер футболчиларига аълоҳида уй берган.

- Бир ўзингиз зерикиб қолмайсизми?

- Баъзан шундай холатлар ҳам бўлиб туради.

- Якунига етган чемпионатда кўрсатгани ўйинингиздан қанчалик қониқиш хосил қилдингиз?

- Назаримда ёмон эмас. 23та ўйиннинг барчасида асосий таркибда тўлиқ ўйнадим.

- Жисмоний жиҳатдан анча бақувватдек таассурот қолдирасиз. Бунга машғулотларда ишлаш орқали эришаётган бўлсангиз керак...?

- Албатта. Жамоадаги шароитлар бунга йўл очиб берган десам муболаға бўлмайди.

- Туркияда кўпроқ жисмоний тайёргарликка эътибор қаратишадими ёки техника?

- Ҳар иккисига ҳам бир хил эътибор бўлади.

- Тўртинчи лигадаги энг таниқли легионерлар ким?

- Илгари Туркия суппер лигасида фаолият олиб борган футболчилар йўқ. Булар Жаба, Дежоа, Чибузор...

БИЗНИНГ МАЪЛУМОТ:

Асрор Ғофуров

Туғилган йили:  30.01. 1995 йил

Туғилган жойи: Сурхондарё вилояти

Миллати: Ўзбек

Фуқаролиги: Ўзбекистон

Бўйи: 180 см

Оғирлиги: 78 кг

Биринчи мураббийи: Шуҳрат Раҳмонқулов.

“Пахтакор” футбол клуби тарбияланувчиси

Тўп сурган жамоалари: 2011-2013 йиллар “Пахтакор” (ёшлар жамоасида).

2013-2015 “Манисаспор” (Туркия)

2015-2016 “Сёкеспор” (Туркия)

2016 йилдан “Чорлу 1947”

 

SPORTS.uz

Ижтимоий тармоқлар

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг!

.