“Локо” сафига Кот-д’Ивуарнинг энг истеъдодли ёшларидан дея эътироф этилаётган футболчи келиб қўшилди

11 январь, 18:59 757

“Локо” сафига Кот-д’Ивуарнинг энг истеъдодли ёшларидан дея эътироф этилаётган футболчи келиб қўшилди

 

Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони – “Локомотив” айни дамда БААнинг Дубай шаҳридаги мавсумолди ўқув-машғулот йиғинини давом эттирмоқда.

“Темирйўлчилар” кунига икки маҳалдан машғулот ўтказишмоқда. Эрталабги машғулот жараёнида асосан жисмоний тайёргарликка катта урғу берилаётган бўлса, тушдан кейин эса кўпроқ тўп билан муомала қилиш машқлари бажарилмоқда. Шунингдек, йиғинда яна бир ивуарлик футболчи қатнашаётганини таъкидлаш жоиз. Бу ҳақда клуб расмий сайти хабар бермоқда.

Кот-д’Ивуарнинг энг истеъдодли ёш футболчиларидан бири дея эътироф этилаётган Жуниор Ахиссан Лэндри бугундан “Локомотив” машғулотларига қўшилди. Ушбу 20 ёшли ҳужумкор ярим ҳимоячи ўз мамлакатининг ёшлар терма жамоаси билан Африка чемпионатида ғолиб чиқиб, 2013 йилги ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ҳам чорак финалга қадар етиб борганди. Бир қатор гранд жамоалар қизиқишига сабаб бўлган футболчи ўтган йилни Украинанинг “Динамо Киев” жамоасида ўтказди. Айни дамда эса у “Локо” кўригида бўлиб турибди.