“Локомотив” ПФК вакиллари Малайзияда, эртага ОЧЛ қуръаси бўлади

 

Ушбу мавсум якунларига кўра, Ўзбекистон чемпиони ҳамда Кубогини қўлга киритган "Локомотив" келаси йилги Осиё чемпионлар лигаси гуруҳ босқичида тўғридан-тўғри иштирок этади. 

Ҳозирда клубнинг уч нафар вакили - "Локомотив" ПФК спорт директори Р.Муқимов, халқаро бўлим мутахассиси С.Акромов ҳамда клуб матбуот котиби Х.Холиқов Малайзия пойтахти Куала-Лумпур шаҳрида бўлиб туришибди. Клуб ходимлари "Hilton" меҳмонхонасига жойлашишган, дея маълум қилади "Локомотив" матбуот хизмати. 

Эртадан бошлаб ОЧЛ ҳамда ОФК Кубогида иштирок этувчи клублар учун икки кунлик семинар старт олади. 13-14 декабрь кунлари бўлиб ўтадиган иш тартиби давомида бир қатор масалалар кўриб чиқилади, хусусан, келаси йилги халқаро мусобақалар учун юз берадиган ўзгаришлар маълум қилинади ва энг асосийси, 2017 йилги Осиё чемпионлар лигасига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтади.

Хабарингиз бор, ушбу мусобақадаги иштирокни "Локомотив" гуруҳ босқичидан, "Бунёдкор" билан "Насаф" эса плей-офф босқичидан бошлайди. Барча тадбирлар "Hilton" меҳмонхонасининг катта анжуманлар залида ўтказилади. Бугун ОФК ходимлари Малайзияга ташриф буюрган ҳар бир клуб вакилларини икки кунлик иш тартиби билан таништириб чиқишди.

Демак, 13 декабрга белгиланган иш тартиби қуйидагича кўриниш олган:

09:30 - 09:55. Рўйхатдан ўтиш
10:00 - 10:15. Семинар очилиши
10:15 - 10:45. 2016 йилги ОЧЛ ва ОФК Кубоги якунлари (Шин Мингил маърузаси)
10:45 - 11:45. Мусобақалар ўтказиш тартиби (Брайан Си, Павел Лузанов маърузаси)
12:00 - 12:30. Тартиб-интизом ва ҳалол ўйин (Жэймс Китчинг маърузаси)
12:30 - 14:00. Тушлик
14:00 - 14:25. Қуръа учун рўйхатдан ўтказиш
14:30 - 17:00. ОФК Кубоги ва ОЧЛ учун қуръа ташлаш маросими
17:00 - 17.30. Клублар тақдимотига тайёргарлик
17:30 - 19:30. ОФК Кубоги - ташкилий масалалар

Изоҳ: Барча соатлар Куала-Лумпур вақти билан кўрсатилган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!