“Локомотив” Темурхўжа Абдухолиқовга омад тилайди

Ўзбекистон чемпионатининг 2016 йилги мавсум тўпурари, «Локомотив» клуби ҳужумчиси Темурхўжа Абдухолиқов “темирйўлчилар” билан хайрлашди. У «темирйўлчилар» сафини тарк этиб, Қатарнинг «Ал Сайлия» клубига йўл олди.

Сир эмас, «Локомотив»нинг ўтган мавсум Ўзбекистон чемпиони бўлишида, Ўзбекистон Кубоги қўлга киритилишида, шунингдек Осиё чемпионлар лигасида чорак финалга қадар етиб боришида кўпчилик қатори Темурхўжанинг ҳам ҳиссаси катта бўлди.

У ўтган йил барча расмий мусобақаларда жами 46 марта майдонга тушиб, 31та гол уришга муваффақ бўлди. Хусусан Абдухолиқов олий лигада 22та гол урган бўлса, Ўзбекистон Кубогида 6та, Осиё чемпионлар лигаси баҳсларида эса уч бор тўп киритишга муваффақ бўлди.

Эндиликда моҳир ҳужумчи жамоани тарк этиб, фаолиятини Қатарда давом эттирадиган бўлди. У «Ал Сайлия» билан бир ярим йиллик шартномага имзо чекди. Маълумот учун, ушбу клуб Қатар олий лигасида иштирок этади ва ҳозирча турнир жадвалида 11-ўринни эгаллаб турибди.

«Локомотив» ПФК Темурхўжа Абдухолиқовнинг жамоа ривожи учун қўшган ҳиссасини унутмайди ва унинг келажакдаги фаолиятига омад тилайди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!