“Локомотив” янги футболчиларни таништирди (Фото)

 

Бугун “Локомотив” давралар оралиғида жамоага келиб қўшилган янги футболчиларни таништирув маросимини ўтказди. Тақдимот маросими “Локомотив” стадиони матбуот анжуманлар залида бўлиб ўтди.

Амалдаги чемпионлар давралар оралиғида таркибни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратишди. Натижада “темирйўлчилар” сафида бир қатор янги футболчилар пайдо бўлди. Жумладан, “Локомотив” нигериялик ҳужумчи Олабиран Блессинг Муйива, ёш истеъдод эгалари – Бобир Давлатов, Идрис Бикмайкин ва Қатарда ярим мавсум фаолият олиб борган Санжар Шоаҳмедов билан шартнома имзолади. Шунингдек, тажрибали мутахассис Андрей Фёдоров “Локо” мураббийлар штабида иш бошлади.

Маросимда эса Олабиран Блессинг Муйива, Бобир Давлатов ва Андрей Фёдоров ОАВга таништирилди. 

Ушбу матбуот анжуманида дастлаб “”клуб бош директори Тўлабек Акрамов сўзга чиқди.

Тўлабек Акрамов: 11-20 июль кунлари Белорусиянинг Минск шаҳрида бир қатор ўртоқлик ўйинлари ўтказилди. Йиғин давомида асосий эътибор жисмоний тайёргарликка қаратилди. Чунки биринчи давранинг баъзи ўйинларида айрим футболчиларнинг жисмоний ҳолатлари бироз панд берди. Шунинг учун хорижда йиғин ташкил қилдик.

Иккинчи давра олдидан биз ўз таркибимизга Бобир Давлатов ва қисқа қилиб айтганда Бенитони қўшиб олдик. Ҳар иккала футболчи билан бир йилга битим имзоладик. Улар бизнинг таркибимизга эркин агент сифатида қўшилишди. Мураббийлар штабига эса Андрей Фёдоров жалб этилди. Шунингдек, кеча Санжар Шоаҳмедов билан шартнома имзоладик.

Жамоа ОЧЛдан чиқиб кетганидан сўнг легионерларга ортиқча эътибор қаратмадик. Фақатгина Бенито билан шартнома туздик. Бу ўйинчини агентлар бизга таклиф қилишди. Май ойидан бери у биз билан шуғулланди. Унинг ҳаракатлари бизга маъқул келди. Шунинг учун уни ўзимиз билан олиб қолдик.

Санжар Шоаҳмедов эса Қатардан қайтиб келганидан кейин ўйин амалиётисиз қолгани учун “Локо”да машғулот ўтказди. Қолаверса, Санжарда хориждан таклифлар бўлганди. Аммо чорловлар жиддий бўлмагани учун у биз билан қолди.

Кризони нима учун қўйиб юбордик? У кўрикда бир ой юрди. Ўртоқлик ўйинларида гол урди. Аммо шартнома имзолагандан сўнг асосий таркибда жой кафолатланди деб ўйлаган шекилли, у ўз устида ишламай қўйди. Шунинг учун мураббийлар штаби у билан хайрлашишни маъқул топди. Молиявий томонидан жамоамиз кучли савияга эга футболчиларни қўшиб олишга тайёр эмас. Аммо олий лигадаги ўйинчиларга етадиган даражада маош қилиб бера оламиз.

Келажакда академия очишни режалаштирганмиз. Ҳозир режа ва маблағ тайёр. Фақат ер билан боғлиқ муаммолар борлиги учун тўхтаб турибди. Академия борасида хориждан инвесторлар ҳам бор. Яқин йиллар ичида клубнинг академиясини очамиз.   

Андрей Фёдоров: “Локомотив” ўзбек футболида ёш жамоалардан ҳисобланади. Аммо сўнгги йилларда у ОЧЛда иштирок этиб тажриба орттирмоқда. Клуб халқаро мусобақаларда муваффақиятли иштирок этишни мақсад қилган. Бунинг учун мен мураббийларга ёрдам бериш учун келдим.

Матбуот анжуманинг иккинчи қисмида жамоага янги қўшилган икки футболчи иштирок этди.

Бобир Давлатов: Ўзбекистоннинг энг кучли жамоаси сафига ўтканимдан хурсандман. Жамоадошларим мени яхши кутиб олишди. Улар билан анчадан бери танишман. Бу эса менга ёрдам беради, деб ўйлайман. 5 йилдан сўнг Ўзбекистонга қайтдим. “Локо”нинг ярим ҳимоясида рақобат жуда кучли. Аммо мен бундан қўрқмайман. Рақобат бор жойда ўсиш бўлади.  

Блессинг: Мен “Локомотив” билан бир неча ой бирга бўлдим. Бу жамоа менда яхши тасуроот қолдирди. Мен дўстларимдан шу клуб ҳақида сўрадим. Улар менга ўтишимини тавсия қилишди. Шунинг учун бу жамоага келдим.

Мен “Локомотив” билан анча вақт бирга бўлдим. Қолаверса, “Бунёдкор” – “Локомотив” учрашувини бевосита стадиондан кузатдим. Чемпионатда ташкилий масалалар яхши йўлга қўйилган. Шунинг учун бу ерда ўйнашга қарор қилдим. Боз устига, Молдова чепионатидан ташкилий томондан Ўзбекистонники бироз устунроқ.  

Маълумот ўрнида, Олабиран Блессинг Муйива 19-рақамни олган бўлса, Бобир Давлатов 24-рақамда тўп тепадиган бўлди. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!