"Локомотив"нинг 9 футболчиси Ўзбекистон терма жамоаси йиғинида иштирок этади

 

Айни пайтда "Локомотив" футболчилари Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида янги мавсумга тайёргарликни давом эттиришмоқда. Мазкур йиғин 21 январга қадар давом этади. 

Жаҳон чемпионати саралаш ўйинларига тайёргарлик кўраётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳам 21-24 январь кунлари Дубайда қисқа муддатли йиғин ташкил этади. Бунда терма жамоамиз 22 январь куни Дания (U-23) терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушади. Ушбу ўртоқлик ўйинига "Локомотив" футбол клубидан 9 нафар футболчи чақирув олди. 

Булар - дарвозабон Игнатий Нестеров, ҳимоячилар Бобур Йўлдошев, Ислом Тўхтахўжаев, Шуҳрат Муҳаммадиев, ярим ҳимоячилар Сардор Мирзаев, Сервер Жепаров, Санжар Шоаҳмедов ҳамда ҳужумчилар Марат Бикмаев билан Темурхўжа Абдухолиқов. Демак, бу футболчилар Тошкентга "Локомотив" таркибида эмас, балки Дания (U-23)га қарши назорат баҳсидан сўнг терма жамоа билан қайтишади. 

Шуни айтиш лозим, ўтган мавсум тўпурари Темурхўжа Абдухолиқов ниҳоят илк бор терма жамоа йиғинида иштирок этади. Бундан ташқари, "темирйўлчилар" сафига яқинда келиб қўшилган ҳимоячи Шуҳрат Муҳаммадиев ҳам бош жамоадан таклиф олган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!