Лукас Перес ва “Арсенал” сафида ЕЧЛда хет-трик қайд этган футболчилар. ТОП-5

8 декабрь, 10:52 642

Ўхшаш хабарлар

Лукас Перес ва “Арсенал” сафида ЕЧЛда хет-трик қайд этган футболчилар. ТОП-5

Лондоннинг “Арсенал” клуби ЕЧЛ гуруҳ босқичи сўнгги турида “Базель” устидан йирик ҳисобда ғалабага эришди. Учрашувда “тўпчилар” ҳужумчиси Лукас Перес учта гол киритиб, хет-трикка эришди. Шу тариқа у “Арсенал” сафида ЕЧЛ доирасида хет-трик қайд этган олтинчи футболчига айланди. Биз бугун сизларни хет-трик қайд этган қолган 5 футболчи билан таништирамиз.

Тьерри Анри

Анри “Монако”, “Арсенал” ва “Барселона” сафларида ЕЧЛда жами 50 та гол киритишнинг уддасидан чиққан бўлсада, фақатгина бир ўйинда хет-трик қайд этган холос. Бу ҳам 2002 йилда содир бўлган. Гуруҳ баҳсида “Арсенал” клуби “Хайбери” стадионида “Рома”ни қабул қилади. Кескин ва курашларга бой бўлган ўйинда меҳмонлар ҳимоячилари франциялик ҳужумчини кўздан қочириб қўяверишлари натижасида Анри 3 та тўп киритади. Ўз навбатида “бўрилар” бунга фақат бир бора жавоб қайтаришни уддалашади.

Никлас Бентднер

Бир вақтлар ўзининг иқтидори билан барчанинг эътиборига тушган Никлас Бентднер ҳозирда фаолиятини Чемпионшипда давом эттирмоқда, бироқ бунга қадар даниялик “лорд” клублар миқёсидаги энг нуфузли турнир – ЕЧЛда хет-трик қайд этишга муваффақ бўлган эди. 2009/10 йилги мавсум 1/8 финалида “Арсенал” ўз майдонида “Порту”ни қабул қилади ва “аждарларнинг додини беради” – 5:0. Бироқ бунга қадар эса “Драгау”да кечган ўйинда Венгер шогирдлари ортга 1-2 ҳисобида мағлуб бўлган ҳолда қайтишган эди. “Эмирейтс”даги ўйиннинг дастлабки 25 дақиқасида иккита тўп киритган “лорд”, учинчи голини учрашув сўнггида пенальтидан киритади.

Денни Уэлбек

2014/15 йилги мавсум гуруҳ босқичида “Эмирейтс”да “Галатасарой”ни қабул қилган Венгер жамоаси туркиялик футболчиларни 4-1 ҳисобида мағлуб этишнинг уддасидан чиқишади. “Арсенал”дан 3 та голни Уэлбек, биттасини эса Алексис Санчес киритади. Бунга эса бир вақтлар Игор Сергеевга рақобатчи бўлган Бурак Йилмаз пенальтидан киритилган гол эвазига жавоб беришни уддалайди холос.

Оливье Жиру

Ўтган мавсум “Арсенал” сал бўлмаса, гуруҳда қолиб кетай дегани ёдингиздан кўтарилмаган бўлса керак. Гуруҳдан чиқиш учун сўнгги турда Арсен Венгер жамоаси меҳмонда “Олимпиакос” устидан икки тўп фарқи билан ғалаба қозониши талаб этиларди. Буни франциялик мутахассис шогирдларининг қулоғига қай даражада қуя олганини ҳисоб кўрсатиб турибди – 3:0. Ушбу ғалабада “тўпчилар” сафида хет-трик қайд этган Жирунинг ҳиссаси катта бўлди.

Месут Ўзил

Бу масвум “Лудогорец”га қарши кечган ўйинда эса “Арсенал” рақибга ҳеч қандай имконият қолдирмади – 6:0. Биринчи бўлимда Санчес, Окслейд-Чемберлен ва Уолкотт томонидан киритилган голлар амалда ўйин тақдирини ҳал этган бўлса, иккинчи бўлим Ўзилнинг “бенефиси”га айланиб кетган эди. Шу тариқа германиялик футболчи разградликларга қарши ўйинда ўз фаолиятидаги дастлбки хет-тригини қайд этган.

Шаҳзод Холбоев тайёрлади