МХЛдан қанча пул топиш мумкин? (Топ-10)

8 декабрь, 17:28 732

Ўхшаш хабарлар

МХЛдан қанча пул топиш мумкин? (Топ-10)

 
Forbes журнали энг бадавлат хоккейчилар рейтингининг янгиланган кўринишини тақдим этиб, етакчи ўзгарганига ишора қилди: Сидни Кросбининг 8 йиллик яккаҳокимлигидан сўнг биринчи ўринни «Чикаго» сардори Жонатан Тэйвз «тортиб олди». Ушбу рўйхатда россияликлардан Александр Овечкин жой эгаллади, унинг жамғармасидаги 14 млн. доллар 2016-2017 йиллар мавсумидаги бешинчи поғонани кафолатлади, холос.
 
Бошқа молиявий маълумотлар билан қуйида танишишингиз мумкин.
 
1. Жонатан ТЭЙВЗ (28 ёш, Канада)
 
Клуби: «Чикаго Блэкхоукс»
 
Умумий даромад: $16 млн.
 
Маош: $13,8 млн.
 
Рекламалардан: $2,2 млн.
 
«Чикаго» сардорининг 2014 йили клуб билан 8 йилга мўлжалланган 84 миллионлик шартнома имзолаши рейтинг етакчилигини қўлга киритишида дебоча вазифасини ўтади: ушбу келишувга кўра, Жонатан 2016-2017 йиллар мавсумида 13,8 млн. олади. Бундан ташқари, яқинда Стэнли кубогида қўлга киритилган сўнгги ғалабалар (2010, 2013, 2015 йилларда) «Блэкхоукс» юлдузини МХЛдаги энг машҳур хоккейчилардан бирига айлантирди, унинг либоси эса ўтган мавсум энг харидоргири бўлди. Шу боис, Chevrolet, Bauer (хоккей экипировкалари), Canadian Tire (Канада ритейлери) ва бошқа брендлар билан тузилган шартномалар туфайли Тэйвзнинг ғазнаси йилига қўшимча 2 млн. долларга тўладиган бўлди.
 
2. Сидни КРОСБИ, 29 ёш, Канада
 
Клуби: «Питтсбург Пингвинз»
 
Умумий даромад: $15,4 млн.
 
Маош: $10,9 млн.
 
Рекламалардан: $4,5 млн.
 
Кросби «Пингвинз» билан тузилган 104,4 млн. долларлик шартномага 2012 йили имзо чеккан. Битим шартларига кўра, у дастлабки уч йил мобайнида 36 млн. олди, 2015-2016 йиллар мавсумида эса кафолатланган тўлов суммаси миқдори 10,9 млн. долларга камайди. Шунга қарамай, 2016 йилги Стэнли кубоги «плей-офф» босқичининг энг фойдали ўйинчиси деб топилган Кросби ҳамон рекламалардан энг кўп фойда кўраётган хоккейчи бўлиб турибди.
 
3. Патрик КЕЙН, 27 ёш, АҚШ
 
Клуби: «Чикаго Блэкхоукс»
 
Умумий даромад: $14,8 млн.
 
Маош: $13,8 млн.
 
Рекламалардан: $1 млн.
 
Кейннинг «Блэкхоукс» билан тузган шартномаси (8 йиллик, 84 млн. доллар) Forbes рейтинги етакчиси Тэйвзникига ўхшаш – жамоа ўйини айнан шу икки хоккейчи ҳисобига ташкил этилади. Патрик кундалик ҳаётида тез-тез можароли вазиятларга тушмаганида, унинг рекламалардан оладиган даромади (Chevrolet, Bauer, Gatorade ва бошқа брендлардан 1 млн. доллар) янада йирикроқ кўриниш касб этарди. 2015 йили зўрлашда айблангани Electronic Arts билан тузилган шартномасига путур етказди, 2009 йилда эса 20 цент қайтимдан бош тортган таксичини дўппослаганди. Шунга қарамай, Кейн ўтган мавсумда лиганинг энг фойдали ўйинчиси сифатида эътироф этилди.
 
4.Анже КОПИТАР, 29 ёш, Словения
 
Клуби: «Лос-Анджелес Кингз»
 
Умумий даромад: $14,1 млн.
 
Маош: $14 млн.
 
Рекламалардан: $50 минг
 
Копитар жорий йил январида клуб билан 8 йилга мўлжалланган 80 млн. долларлик шартномага имзо чекди. Шу тариқа 2016-2017 йиллар мавсуми учун унга 14 млн. доллар ҳамда лиганинг энг кўп маош оладиган хоккейчиси номи (агар рекламалардан олинадиган даромад ҳисобланмаса) кафолатланди.
 
5. Александр ОВЕЧКИН, 31 ёш, Россия
 
Клуби: «Вашингтон Кэпиталс»
 
Умумий даромад: $14 млн.
 
Маош: $10 млн.
 
Рекламалардан: $4 млн.
 
МХЛнинг сўнгги тўрт мавсумдаги энг яхши мергани «Вашингтон»да 10 млн. доллар миқдорида маош олади. +олган даромадлар эса Bauer, Nike, Coca-Cola ҳамда Fanatics билан тузилган реклама шартномаларидан келади. 2016 йилнинг июнида «Откритие» банки ва Овечкин ўртасида имзоланган битимни Forbes олтита рақамли суммага баҳоламоқда.
 
6. Пи-Кей СУББАН, 27 ёш, Канада
 
Клуби: «Нэшвилл Предаторз»
 
Умумий даромад: $12,5 млн.
 
Маош: $11 млн.
 
Рекламалардан: $1,5 млн.
 
2014 йили «Монреаль Канадиенс» билан тузилган шартнома (72 млн. доллар) Суббанни лиганинг энг қиммат ҳимоячисига айлантирганди, унинг маоши эса деярли уч бараварга ошди. Жорий йил ёзида Пи-Кей кутилмаганда «Нэшвилл»га ўтди. Янги жойга кўчиши брендлар ўртасида энг харидоргир бўлган хоккейчининг рекламалардан тушадиган даромадига қандай таъсир кўрсатиши ҳозирча номаълум. Бугунги кунда Суббаннинг ҳамкорлари рўйхатидан Samsung, Air Canada, Gatorade, Scotiabank ва Brigestone компаниялари ўрин олишган.
 
7. Ши УЭБЕР, 31 ёш, Канада
 
Клуби: «Монреаль Канадиенс»
 
Умумий даромад: $12,1 млн.
 
Маош: $12 млн.
 
Рекламалардан: $100 минг
 
2012 йили «Нэшвилл Предаторз» билан тузилган 14 йиллик шартнома (110 млн. доллар) 9-мавсумда лиганинг энг яхши ва қимматбаҳо ҳимоячиларидан бирига 12 млн. доллар келтиради. Бу эса келишувнинг дастлабки йилларида амал қилган маблағдан 2 млн.га кам дегани.
 
8. Райан О’РАЙЛИ, 25 ёш, Канада
 
Клуби: «Баффало Сейбрз»
 
Умумий даромад: $11,2 млн.
 
Маош: $11 млн.
 
Рекламалардан: $200 минг
 
2012-2013 йиллар мавсуми МХЛдаги локаутдан фойдаланган О’Райли Россияга келиб, Магнитогорскнинг «Металлург»ида ўйнади. 2015 йилнинг ёзида эса ҳужумчининг профессионал фаолиятига йўл очган «Колорадо Эвеланш» Райанни «Баффало»га қўйиб юборди. «Сейбрз» дарҳол ўйинчига 7 йилга мўлжалланган 52,5 млн. долларлик шартнома таклиф этди.
 
9. Стивен СТЭМКОС, 26 ёш, Канада
 
Клуби: «Тампа Бэй Лайтнинг»
 
Умумий даромад: $11 млн.
 
Маош: $9,5 млн.
 
Рекламалардан: $1,5 млн.
 
Ўтган ёзда форвард «Тампа-Бэй» билан битим тузди (8 йиллик, 68 млн. доллар). Ваҳоланки, уни «Торонто»га сотишни мўлжаллашган, канадалик хоккейчи бу жамоада рекламалардан мўмай даромад олиши мумкин эди. Бироқ Стивен маҳоратли ўйинчи сифатида шаклланишига замин ҳозирлаган клубда сардор бўлишни хоҳлади, қолаверса, унинг ҳомийлик шартномалари шундоқ ҳам бинойидек: Nike, Bauer, Coca-Cola, Sport Chek (Канаданинг спорт маҳсулотлари сотишга мўлжалланган ритейлери).
 
10. Хенрик ЛУНДКВИСТ, 34 ёш, Швеция
 
Клуби: «Нью-Йорк Рейнжерс»
 
Умумий даромад: $10,4 млн.
 
Маош: $9,5 млн.
 
Рекламалардан: $900 минг
 
Рейтингдаги ягона дарвозабон ва хоккей оламидаги энг кўп маош оладиган голкиперлардан бири. Лундквист 2013 йили «Рейнжерс» билан 7 йилга мўлжалланган 59,5 млн. долларлик шартномага имзо чекди. Лекин ҳар мавсум унинг маоши миқдори камаймоқда. Шунга қарамай, Хенрикнинг ҳамкорлари унга содиқлар: Bauer, Procter&Gamble, Bread&Boxers ва Tag Heuer компаниялари билан тузилган келишувлар унга 900 минг доллар келтиради. +олаверса, ушбу хоккейчи ўз бизнесини ривожлантиришга улгурган - Лундквист Нью-Йоркдаги Tiny & the Bar Upstairs ресторани хўжайинларидан бири ҳисобланади.
 
                                                                                                                                  Ўткирбек УМАРОВ тайёрлади