Мактаб залидан чиққан чемпион Баҳодир Мамажонов: Профессионал боксда олтин камарни орзу қиляпман

 

Бугунги кунда фаолиятини давом эттираётган ўзбекистонлик профессионал боксчилар орасида энг кўп жанг ўтказган чарм қўлқоп усталаридан бири Баҳодир Мамажоновдир. Бу боксчимиз фаолиятини АҚШда давом эттирмоқда.

SPORTS.uz ахборот портали Баҳодир Мамажонов билан уюштирилган суҳбатни эътиборингизга ҳавола қилади.

Баҳодир боксни оламига кириб келишингиз қандай бўлган?

Болалигимдан шу спорт турига қизиққанман. 1993 йили ёзда Қўқондаги 22-мактабда ташкил этилган бокс тўгарагига бордим. Шу ерда биринчи мураббийим Рафиқ ака Мавлонов қўл остида шуғуллана бошладим. Бокснинг дастлабки сир-асрорларини ўзлаштириб олганимдан кейин Рафиқ ака мени ўзининг ҳамкасби ва дўсти Алишер Мамазиёевнинг қўлига топширди. Машғулотлар ҳам Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби залига кўчди. Шундан буён устозим Алишер ака Мамазиёев билан биргамиз.

Боксдаги натижалар қандай бўлди?

Ҳаваскорлар ўртасида кўп ютуқларга эришдим. Ўзбекистон чемпиони бўлдим, Осиё чемпионатида зафар қучдим, жаҳон чемпионатида қатнашдим. Боксчи сифатида дунё кездим. Осиё ва Европа давлатларидаги нуфузли турнирларда ғолиб ва совриндор бўлдим. Ҳаваскор боксчилар мусобақаларида 200дан зиёд жанг ўтказдим.

Ҳозир профессионал боксчисиз. Ҳаваскор боксда тўпланган тажриба ҳозир қўл келяптими?

Албатта, ўзбек бокс мактаби дунёда энг кучлилардан ҳисобланади. Ҳаваскор боксда ўрганганларимиз профессионал боксда фойда берса берадики, асло ҳалақит қилмайди. 2011 йили профессионал боксчилик фаолиямни бошладим. Шу кунгача профессионал боксда 22 та жанг ўтказиб, 19 та ғалабага эришдим ва уч марта мағлуб бўлдим.

Профессионал боксчи сифатида мақсадингиз нима?

Аслида профессионал боксчи сифатида жаҳон чемпиони бўлишни ният қилганман. АҚШга ҳам шу мақсадда келдим. Бу ерда профессионал бокс жуда оммалашган. Профессионал бокснинг турли йўналишлари бўйича чемпионлик камарлари соҳиблари фаолиятини шу Америкада давом эттирмоқда. Шунинг учун бу ерда кучли ва соврини бор рақибларга қарши жанг ташкиллаштириш имкони кенгроқ.

Ҳозир нима билан бандсиз ва кейинги жанг қачон?

Айни пайтда жисмоний ҳолатимни кучайтириш ва жанг услубимни кучайтириш бўйича ишлаяпман. Бунинг учун машғулотларда кўп меҳнат қилиш керак. ҳали навбатдаги жанг вақти ва рақиб аниқ эмас. Янгилик бўлишига буни албатта мухлисларга етказаман.

Баҳодир суҳбат учун раҳмат. Биз ўзингиз орзу қилган чемпионлик камарига сазовор бўлишингизни тилаймиз.

SPORTS.uz ахборот портали ушбу суҳбатни уюштиришда ёрдам берган инстаграмдаги Uzsport_no1 саҳифасига ўз миннатдорлигини билдиради.

 

 

 

SPORTS.uz

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!