Мана буни стадион деса бўлади! Дунёни ҳайратга солувчи стадионлар ҳақида

Миллионлар ўйини бўлмиш футбол йилдан-йилга ўз жозибадорлигини ошириб бормоқда. Клублар инфратузилмасидаги ўзгаришлар, оламшумул трансферлар, ўйин қоидаларини янада мукаммалашуви ва бошқа омиллар бизнесга айланиб бораётган футбол спорт турига бўлган эътиборни янада оширмоқда.

Авваллари стадионлар ҳолатига баҳо бериш футболчилар тўп тепадиган майдон чимининг сифатига қараб амалга оширилган бўлса, бугунга кунга келиб ушбу баҳолаш системаси янада такомиллашган. Стадионнинг сиғими, томошабинлар учун яратиб берилган шароитлар (овқатланиш жойлари, қулай ўриндиқлар, видео такрорлар, машиналар қўйиш учун махсус жойлар, интернет тармоғига бепул уланиш), ёғингарчиликда стадионнинг устки қисми ёпилиши ва бошқа замон билан ҳамоҳанг тарзда амалга ошириладиган ўзгаришлар ҳар қандай футбол ўйинига бўлган қизиқишни ошириши табиий ҳол.

Қуйида қурилиши режалаштирилган мана шундай замонавий футбол стадионлари ҳақида маълумот берамиз.

“Челси”, Англия

Қурилади: янгиланган “Стемфорд Бриж”

Лондоннинг асосий стадионини реконструксия қилиш таклифи “Алянц-Арена” ва Пекиндаги Олимпия майдони қурилиши билан шуғулланган  Herzog&De Meuron фирмаси вакиллари томонидан берилган.

“Стемфорд Бриж” сиғимини 41.6 дан 60 минг кишига ошириш кўзланмоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, ушбу стадион ҳатто 80 минг кишилик ўринни мўлжаллаш режалаштирилган эди. Лойиҳанинг ўзига хос хусусияти сифатида фасад дизайнидаги 246 та тош устунни ажратиб кўрсатиш мумкин. Бу аренаниниг ташқи кўринишини кескин ўзгартиради. Қурилиш ишларини 2021 йилгача тугатиш режалаштирилган бўлиб, умумий сарф-харажатлар Роман Абрамовичнинг чўнтагини 600 миллион еврога “енгиллатади”.


“Тоттенхем”, Англия

Қурилади: Янгиланган “Уайт Харт Лейн”

”Тоттенхем” хўжайини Дэниэл Леви доим узоқни кўзлаб иш тутади. 61 минг ўринга эга бўлган бу стадион ўз “аждоди”нинг ёнгинасида бунёд этилади. Бундан мақсад эски трибунани сақлаган ҳолда, қолган қисмларни ўзгартириш. Жорий мавсум “тақачилар” учун “Уайт Харт Лейн”да ўтаётган сўнггиси бўлиши керак. Келгуси ёзда янги арена ишга тушади. Аммо ўтган ой Леви ҳали ҳамма нарса қатъий режалаштирилмаганлиги , молиявий жиҳатларни ҳисобга олиш кераклигини таъкидлаб ўтган эди.

Янги “Уайт Харт Лейн” Буюк Британиядаги технологик жиҳатдан энг мукаммал стадион бўлиши кутилмоқда. Чунки ҳар бири иситиш мосламасига эга бўлган  ўриндиқларда телефонингизни қувватлаб олишингиз учун ток узаткичларни ўрнатиш режалаштирилган. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Мухлисларлар тушлик учун 104 кишилик ошхона хизматларидан баҳраманд бўлишлари мумкин. Бу ойнаванд бино ишқибозларга ўз севимли футболчиларининг тайёргарликларини кўриш имкониятини ҳам беради.

Дортмунднинг “Сариқ девори”га тақлидан 17 минг кишилик алоҳида трибуна барпо этиш лойиҳага киритилган. “Тоттенхем”нинг янгиланган стадиони фақатгина футбол учун мўлжалланмаган яъни бу ерда камида йилда икки карра NFL баҳслари ўтказилади. Амефика Футбол Лигаси билан тузилган бу келишув 10 йил муддатга режалаштирилган. Бу эса ҳаракатланувчи майдон қуришни талаб қилади ва мажмуа қурилишига 880 миллион евро сарф этилади.


“Рома”. Италия

Қурилади: “Стадио Делла Рома”

Йўқ, бу шунчаки 52,500 кишига мўлжалланган стадион эмас, балки кўп функцияли спорт мажмуасидир. Стадион атрофи турли ресторан ва савдо марказлари билан “қуршаб” олинади. Бу ерда Nike шахобчасию, истироҳат боғидан тортиб турли идоралар биносигача бўлади. Шаҳар учун катта аҳамиятга эга бўлган бу мажмуа 1.5 млрд еврога баҳоланмоқда, шундан 400 млн евро биргина стадионнинг ўзига тўғри келади.

Ушбу мажмуа катта масштабга бўлганлиги сабаб, унинг қурилиши турли қаршиликларга рўпара бўлмоқда. Март ойида Рим мэри қурилиш ишларига рухсат берганлигига қарамай, баъзи сиёсий партиялар ва жамоат арбоблари ҳанузгача норзилик ифода қилишдан тўхташмаяпти. Шу туфайли бинони қачон тайёр ҳолатга келиши ҳали номаълум. Бироқ ушбу лойиҳа узоғи билан 2021 йилгача бунёд этиш режалаштирилган.


“Фиорентина”. Италия

Қурилади: Янги стадион. Номи ҳали белгиланмаган.

“Бу воқеа тарихда муҳрланади. Биз “Пушти инқилоб асри” бўсағасида турибмиз”, дея янги стадион қурилишини изоҳлади “Фиорентина” хўжайини Андреа Делла Валле.

40 минг ўринга эга бўлган бу стадион реалаштирилганидек савдо маркази билан қўшни бўлиб, 77 минг кв.м жойни эгаллайди. Трибуна билан майдон оралиғи 7 метрдан узоқ бўлмайди. Машиналар тўхташ жойига 100 та электромобил қувватлаш пункти илова қилинади. Лойиҳага 420 млн евро атрофидаги маблағ белгиланган. Флоренцияликлар 2021-2022 йилги мавсум ўйинларини янги стадионда ўтказишади.


“Атлетико”. Испания

Қурилади: “Ванда Метрополитано”стадиони

“Атлетико” нинг янги стадиони аллақачон тайёр, ёзда жамоа унга кўчиб ўтади. Стадионга ном клубнинг 20% акциясига эгалик қилувчи Хитойнниг Wanda комапнияси томонидан берилган. Янги арена қурилиши учун учун осонликча маблағ топилгани йўқ. Етишмаётган охирги 160 млн еврони миллиардер Карлос Слим ўз бўйнига олди. Мадридликлар бу қарз эвазига ерга эгалик қилиш ва шу атрофда уй қуриш ҳуқуқини тақдим қилишни ваъда беришди.

Philips билан тузилган шартнома “Ванда Метрополитано”да ёрқин LED рангли шифтнинг ўрнатилишини таъминлади. Бунда “Атлетико”нинг ҳар бир голидан ўнг қизил-оқ нурларнинг таралиши инобатга олинган. Янги стадион 68,000 кишини ўз бағрига сиғдира олади.


“Реал Мадрид”. Испания

Қурилади: Янгиланган “Сантьяго Бернабеу”

Октябр ойида “Реал” жамоаси Мадрид мэрини “Сантьяго Бернабеу” реконструкцияси учун 400 млн евро ажратишга кўндирган эди. Стадион қайта қурилмайди, ҳатто кенгайтирилмайди ҳам, балки ташқи фасад бутунлай янгиланади. Авваламбор, ёғингарчиликдан мухлисларни ва футболчиларни ҳимоя қиладиган ҳаракатланувчи том ўрнатилади. Шунингдек, фасаддаги тўртта устун олиб ташланиб, силлиқ ва текис экран билан қопланади. Бу экран реклама берувчилар учун янги имкониятлар туғдиради, албатта.

Дастлаб “Реал” маъмурияти меҳмонхона ва шунга ўхшаш тижорат объектларини қуришни кўзлаган эди. Афсуски, бу борада Переснинг мэр билан олиб борган музокаралари натижа бермади.

Стадион 2020 йилгача тайёр кўринишга келади. Бунгача “Сантьяго Бернабеу” номини ўзгартириш эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Флорентино Пересниниг сўзларига қараганда, барча стадионларида бўлгани каби, ҳомий ташкилотлар бунинг ҳам номига таъсир кўрсатиши мумкин.


Венгрия терма жамоаси

Қурилади: Пушкаш номидаги стадион

Асосий: Евро-2020га қадар Будапештда 67 минг кишини сиғдира оладиган универсал спорт мажмуаси қад ростлайди. Лойиҳада нафақат футбол учун майдон, балки 21 та спорт тури билан шуғулланиш имконини берувчи 15 та ёпиқ залларни қуриш инобатга олинган. Трибуна уст қисмида югуриш йўлакчалари жой олиши мумкин. Лойиҳа 300 млн еврога баҳоланган.


“Атланта Юнайтед”. АҚШ

Қурилади: “Мерседес-Арена”

Асосий: Стадион MLS “Атланта” ва NFL клуби “Атланта Фелконс” учун мўлжалланган. Тўғри, анъанавий ва американча футбол учун бир хил миқдорда томошабин йиғилмайди. Аммо архитекторлар буни ҳам назардан қочиришмади. NFL ўйинларида стадион  71,000 мухлисга ўз бағрини очса, MLS баҳслари вақтида махсус механик пардалар ёрдамида трибуна 40,000 ўринга қисқартирилади.

Лойиҳанинг ўзига хос хусусияти шундаки, стадион томи саккиз дақиқа ичида очилиб-ёпилиши мумкин бўлган япроқлар кўринишида бунёд этилган. Томнинг ички тарафида эса панорама экрани ўрин олади. Шу йилнинг 30 июль куни аренанинг очилиш маросими бўлиб ўтиши режалаштирилган.


Қатар терма жамоаси

Қурилади: Qatar Foundation стадиони. Доҳа

Стадион фасади бир қарашда олмосни эслатади. Ички қисмда бир хил (24-28 градус) ҳароратни ушлаб туришга хизмат қилувчи иқлим назораткичи ўрнатилади. Шунингдек, фасаддан ўзида қуёш энергиясини жамловчи панеллар  жой олади. Бу энергия ўйин вақтида ток манбаи вазифасини бажарса, бошқа пайтда стадион атрофидаги биноларга қувват етказиб беради.

Стадионда тиббий клиника, сув ҳавзаси, теннис корти қуриш мўлжалланган. Сунъий тўлқинларга асосланган серфинг ташкил қилиниши эҳтимоли мавжуд.


Қатар терма жамоаси

Қурилади: “Аль Байт” стадиони, Эль-Ҳаур

Асосий: Бу ноанъанавий аренага Форс кўрфази бўйларида яшаган олтита кўчманчи қабилалар атаб ном қўйилган. Бадавийлар чайласи кўринишидаги бу стадион 60,000 ўринга эга. Кўчма шифт ҳар қандай об-ҳавода спортдан баҳра олиш имконин беради.

Арена атрофидаги 800,000 кв.м майдон сунъий дарё ва кўллар, фавворалар-у боғлар билан қуршалганлиги эътиборга моликдир.

Интернет маълумотлари асосида

Саодат Абдураҳмонова тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!