"Манчестер Юнайтед" тарихидаги энг яхши тўпурарлар. Топ-8
10 январь, 10:10 | 463


"МЮ" Англия кубоги 1/8 финалида "Рединг"га қарши баҳс олиб бориб, 4:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Эътиборлиси ўйиндаги дастлабки голни Уэйн Руни киритди. Бу унинг "қизил иблислар" сафидаги 249-голи эди ва бу борада сер Бобби Чарльтонга етиб олди. Шу муносабат билан биз эътиборимизни "Юнайтед" тарихидаги энг яхши тўпурарларга қаратдик.

8. Райан Гиггз - 168 та гол

rayan giggz

"МЮ" тарихида энг кўп ўйин ўтказган Гиггз тўпурарлик борасида ҳам яхши натижаларга эришган. Уэльслик собиқ "иблис" 168 бор рақиблар дарвозашни ишғол этишга муваффақ бўлган. Раян "Манчестер Юнайтед" сафидаги илк голини Манчестер дербисида киритгани диққатга сазовор. Бундан ташқари эса Гиггз АПЛда шерикларини энг кўп голли узатма билан таъминлаган футболчи ҳамдир.

7. Жо Спенс - 168

Тўлиқ исми Жонатан Уолтер Спенс бўлган мархум футболчи "МЮ" сафида 1919-1933 йиллар оралиғида тўп сурган бўлиб, "иблислар" тарихида муқим ўрин эгаллаган шахслардан биридир. "Юнайтед"даги 14 йилда Спенс рақиблар дарвозасига 168 бор йўл топган. Фаолиятининг қолган қисмини "Бредфорд Сити" ва "Честер"да ўтказган "Мr Soccer" (футболчининг лақаби, муаллиф) 1966 йилнинг сўнгги куни вафот этган.

5-6. Жорж Бест - 179

George Best of Manchester United FC, 1968

Шимолий Ирландия футболи тарихидаги энг машхур инсонлардан бири айнан Бестдир. "МЮ" сафида 17 ёшлигидаёқ дебют қилган Бест жамоа сафида 470 та расмий учрашув ўтказган ва 179 та гол киритган. 1968 йил "Юнайтед" сафида ЕЧКда ғолиб чиққан мархум футболчи йил якунида "Олтин тўп"ни ўзиники қилган эди.

5-6. Деннис Вайоллет - 179

Вайоллет ҳам "МЮ" тарихида чуқур "илдиз" қолдирган футболчилардан биридир. "Басби болалари" деб ном олган енгилмас жамоада Вайоллет, Томми Тейлор билан ҳужумда ажойиб жуфтлик ҳосил қилган. Денниснинг "қизил иблислар" сафида киритган голлари сони Жорж Бестники билан бир хил - 179.

3. Денис Лоу - 237

"Манчестер Юнайтед" Лоуни 1962 йил 115 минг фунтга сотиб олган. Бу ўша вақтларда Британ футболидаги рекорд сумма эди, бироқ "қизил иблислар" учун ушбу трансфер жуда омадли бўлган дейиш мумкин. Лоу "МЮ" билан икки бор Англия чемпиони бўлган бўлса, Англия кубоги ҳамда ЕЧКни бир бор боши узра баланд кўтаришга эришади. Ушбу клубдаги 11 йил давомида шотландиялик чарм тўп устаси 404 учрашувда 237 та гол киритади ва "Олтин тўп"ни қўлга киритишга муваффақ бўлади.

1-2. Бобби Чарльтон - 249

bobby charlton

Сер Бобби ҳақида кўпчилик эшитган бўлиши мумкин, бироқ у ҳақида батафсилроқ маълумотга эга бўлмаса керак. Чарльтон "Мюнхен фожеаси"дан омон қолганлардан биридир. Фаолиятининг 19 йилини "Юнайтед"га баҳшида этган сер Бобби удаллаб бўлмас рекордларни ўрнатиб кетгандек эди. Жумладан жамоа гвардиячилари рейтингида ҳам етакчиликни маълум муддат ҳеч кимга бермай келаётган эди. Бироқ 2008 йил Раян Гиггз бу рекордни "қулатди". Энди эса унинг тўпурарлик бобидаги рекордини Руни "ағдаришга" яқин турибди.

1-2. Уэйн Руни - 249

wayne rooney

"МЮ" 2004 йил Руни учун 25,6 млн фунт тўлаб, уни ҳарид қилган эди. "Олд Траффорд"даги 13 йилда Руни жамоа билан 14 та совринни қўлга киритишга эришди. Агарда унинг "қизил иблислар" сафидаги голларини таҳлил этадиган бўлсак, "шрек" 192 та голни ўнг оёқда, 27 тасини чап оёқда, қолган 30 тасини эса бош билан киритганини кўришимиз мумкин. Айтганча, 249 голнинг бор-йўғи 26 таси пенальтидан киритилган.

Шаҳзод Холбоев тайёрлади

Ўхшаш янгиликлар

Sports.uz 2016 ©
ЎзМАА интернет-ОАВ лицензияси рақами: №1002